Бишкек: Гранатанинг портлаши икки киши ўлимига сабаб бўлди

603

vzry-v-450x282

Пойтахтнинг мебел ишлаб чиқариш бўйича «Антонов» номли хусусий корхонасидаги портлаш икки ходим ҳаётига зомин бўлди. Милиция маълумотларига кўра, фожеа қўлбола граната отилганидан сўнг юз берган.

Бишкек ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати ходими Олжобай Казибаев гранатанинг портлашига хусусий корхона икки ходими ўртасидаги тортишув сабаб бўлганини билдирди.

Милиция талқинича, корхонада уста бўлиб ишлаган Виталий Пригожин аввалда жанжаллашган корхона бош ҳисобчиси Виктория Шетина хонасига граната солинган ҳалтани олиб кирган.

«Уста Пригожин кириб, ҳалтани стол устига қўйган. У ерда бошқа аёл ҳам бўлган. У аёлни бир баҳона билан хонадан чиқариб юборган. Аёл хонадан чиққач, портлаш юз берган», — деди матбуот хизмати ходими.

Гранатанинг портлаши хона ичидаги ҳар икки ходим ўлимига сабаб бўлган.

Казибаев сўзларига кўра, хонадан чиқиб кетган аёл ҳам жароҳатланган, тез ёрдам уни шифохонага олиб кетган.

ИИБ маълумотларига кўра, портлашдан корхонанинг ўзига зарар етмаган.

Ҳозирда жиноят юз берган жой Бишкекнинг Ленин туман ички ишлар бошқармаси тарафидан текшириляпти.