Осиё чемпионати U-16: Қирғизистон 3-3 Уммон

637

2013-09_u16_kyrgyzstan-oman0251

Футбол бўйича Қирғизистон ёшлар термаси Осиё чемпионати саралаш баҳсларини бошлади. Уммон термасига қарши кечган биринчи ўйин дуранг натижа билан якунланди.

Ўйиннинг аввалги дақиқалари қирғизистонлик ёш фуболчилар учун омадли кечмади — учрашувнинг 10чи дақиқасида рақиб ҳужумчиси Язод Ал Сияби чап қанотдан ошириб берилган тўпни ўзлаштириб Қирғизистон дарвозабони билан яккама-якка ҳолатга чиқди ва дарвозанинг ўнг бурчагини аниқ нишонга олди.

Ўз гуруҳидан аутсайдер ҳисобланувчи Қирғизистонлик футболчилар ўтказиб юборилган голга қарамай саросимани енгди ва ўйиннинг биринчи бўлими якунига келиб ташаббусни ўз қўлига олишга эришди.

Уммон дарвозаси тарафига берилган бир неча самарасиз зарбалардан сўнг, Алмаз Ибраимов ажойиб тарзда жарима тўпини амалга оширди ва ҳисобни тенглаштирди.

Жарима майдонининг ўнг тарафидан тўпни дарвозага йўллаган Алмаз Уммон дарвозабонига тўпни қайтаришга ҳеч қандан имконият қолдирмади.

Голдан руҳланган қирғизистонлик футболчилар ҳужумни кучайтирди ва орадан тўрт дақиқа ўтиб рақиб дарвозаси яна ишғол қилинди. Бу сафар Эрнис Батирканов ўзини кўрсатди.

Танаффусдан сўнг Уммон термаси ҳужумга зўр берди ва бу ўйиннинг 74чи дақиқасида ўз самарасини берди.

Ўнг қанотдан уюштирилган ҳужумни рақиб ярим ҳимоячиси Сала Ал Яҳяий гол билан якунлади.

Орадан икки дақиқа ўтиб эса Сала Ал Яҳяий ўз ҳисобига дублни ёзди — Қирғизистон ҳимоячиси Веселовни осонлик билан ортда қолдирган Яҳяий ўз жамоасини олдинга олиб чиқди.

Қирғизистон термасига кўра кучлироқ ҳисобланган Уммон мантиқий ғалабани сақлаб қолишини кўпчилик тахмин қилганди, бироқ қирғизистонлик чарм тўп усталари учрашув якунида ҳисобни тенглаштиришга куч топа олдилар.

Учрашувнинг 89чи дақиқасида Қирғизистон навбатдаги ҳужумни уюштирди ва Батирқанов узатиб берган тўпни қабул қилиб олган Айдар Мамбеталиев ўйин якунини ҳақиқий триллерга айлантирди.

Айдарнинг аниқ йўллаган тўпи дарвоза тўридан жой олди, Қирғизистон термаси ушбу гол сабаб мағлубиятдан қутилиб қолди.

Бу 16 ёшгача бўлган футболчилар орасида ўтувчи Осиё чемпионати саралаш баҳсларининг F гуруҳи биринчи босқич ўйинлари эди.

Гуруҳда жами уч терма жамоа иштирок этади, ўйинларнинг барча Бишкекнинг Омуралиев номли ўйингоҳида ўтади.