Ўтган ҳафтада Ўш шаҳрининг Ленин кўчасида жойлашган “Тешик-Тош” бозорининг савдогарлари норозилик билдиришди. Бунгача бозор жойлашган Ленин кўчаси таъмирлаш ишлари сабаб ёпилган эди.
Шаҳар ҳукумати бозорнинг бир қисмида ва пиёдалар йўлида савдо қилган сотувчиларни шаҳар четидаги Жапалак машинаси бозорига яқин жойлашган жойга кўчиришга ҳаракат қилмоқда.
Мэриядан бунинг асосий сабабини йўлларни бир йўналиш қилиб ўзгартириб, шаҳардаги йўл тирбандлигини камайтиришни кўзлагани билан тушунтирди.
Бироқ савдогарлар маҳаллий ҳукумат ва “Тешик-Тош” бозорининг маъмурияти таклиф қилган муниципал ва хусусий ерлардаги савдо жойларида шароит йўқ, шаҳар четида жойлашган йўл узоқ ва жамоат транспорти юрмаслигини айтмоқда.
Бу орада ижтимоий тармоқда “Тешик-Тош” бозорида ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходимлари каби кийинган одамларнинг кўз олдида аёлни “бозоркўм” дейилган эркак киши калтаклаётган видео тарқалди.
“Тешик-Тош” бозори атрофида нима бўлмоқда? “Клооп” томонларнинг фикрини тинглади.
Савдогарларнинг норозилиги
6 июнда Ўш шаҳрининг “Тешик-Тош” бозорининг ўнлаган савдогарлари Риспай Абдикадиров номидаги вилоят филармонияси олдига йиғилишди. Сотувчилар бозор жойлашган Ленин кўчаси таъмирлаш ишлари сабаб ёпилганидан норози бўлишди.
Йиғилганлар Ленин кўчасидан Мамажан кўчасигача йўл ёпилиб, товар ташиган машиналар ўтолмай қолганидан шикоят қилиб, йўлни очишни талаб қилишди.
Савдогарларнинг бири Жамиля Жантаева “Клооп”га берган интервьюсида маҳаллий ҳукумат савдогарларнинг айримларига Жапалак машина бозорига яқин жойдан ўрин таклиф қилаётганини айтди. Аммо Жантаева у ерда савдо учун шароит йўқлигини, қолаверса чодир ҳам йўқлигини таъкидлади.
“Шаҳар ҳукумати бозорни ўз ўрнида қолдирса яхши бўларди. [...] Сотувчилар икки кундан бери боришяпти. У ерда тозалик яхшимас, сув чиққан жой кўкариб кетган. Усти тўсилмаган шароити йўқ кенг далага одамларни ёйиб қўйди. У ердан жой олгани билан “ҳужжати йўқ” деб вице-мер ўзи айтди. Бу ерда ўтиргани билан одамлар кундан ютқазяпти. Кунига ишламаса қарзи борлар, кредити борлар бор”, — деди савдогар.
Жантаева мерия таклиф қилаётган бозор шаҳардан анча узоқда жойлашиб, харидорларга ноқулай бўлишини қўшимча қилди. Унинг айтишича, машина бозорга яқин жойлашган бозорда йўл тирбандлиги кўп бўлиб, шаҳардан қатнаган маршурткалар саноқли.
“Ҳозир бу ерда уч линия бор, 2 килограмм картошка, 2 килограмм помидор учун бир маршрутка ким боради, бормайди. Ишдан чиққанлар нимага бўлса ҳам шаҳарнинг ўртасида [деб келишарди]. Шунинг учун марказий бозорни қўшиб жилдириш керак. Ҳамма бозорни бир жойга қилса, ўша ерга боради. Катта бозор бу ерда турса, картошка билан помидорга ўша кенг далага бормайдида”, — деб билдирди Жантаева.
Янги қурилаётган бозордан ўрин олгани келган “Тешик-Тош” бозорининг собиқ савдогари Бибимайрам ҳам шароитлар йўқлигидан норози бўлди. Бундан ташқари, у бозорнинг қурилиши тўлиқ битмагани учун ўринлар аниқланмай, боши қотиб турганини айтди.
“Менга ҳам ўша ер — [“Тешик-Тош” бозори] яхши. Бу ер ҳали тўлиқ битмабди. Кун иссиқ, чодир йўқ, шароит йўқ. Шароит йўқ бўлгани учун жой аниқ бўлмади. Бошим қотиб, қаердан ўрин олиб, савдо қиламан деб ҳайрон бўлиб кетяпман. Қайтдим энди”, — деди савдогар.
Бунгача бозорда 2015 йилдан бери аравакаш бўлиб ишлаган Жиргалбек бугунги кунда ишсиз қолганини айтиб, беш боласи билан қандай кун кечиришни билмаётганини билдирди.
“Мени беш болам бор, улар ҳозир оч қолди. Нима қилишимни билмай бозорни бир айланиб қайтиб кетяпман. Иш йўқ экан. Нима қилишим керак. Беш боламни ким боқади? Менга Тешик-Тош яхши эди. Ҳозир бизга йўл ҳам тескари бўлиб қолди. Такси билан кечаси 300-400 сомга олиб келади”, — дейди Жиргалбек.
Шаҳар ҳукумати нима дейди?
Ўш шаҳар мэриясидан 7 июнда “Клооп”га бунгача “Тешик-Тош” бозорининг маъмурияти савдогарларга ўрин берилганини билдиришди. Бундан ташқари, савдогарларга икки-уч муқобил савдо жойлари таклиф қилинаётганини айтишди.
“Администрация ўзи ўринларни кўрсатган, бўш жойлар бор, ўша ерга кўчишса бўлади. Бундан ташқари, машина бозори томонда хусусий муниципал бозор, Қирғизистон қишлоғида хусусий бозор ва Товуқ бозор олдида кенг жой бор. Бу ерга ҳам “боринглар, шароит яратиб берамиз” дейиляпти. Энди ўзлари қараб кўришадида”, — дейилади мериянинг билдирувида.
Мериядан “Тешик-Тош” бозорини бўшатиш учун икки кун олдин огоҳлантириш берилганини билдиришди. Ўшдаги бозорларнинг биридан 1 гектар ер тайёрланганига қарамай сотувчилар “шароити йўқ” деган сабаб билан кўчишдан бош тортишган.
Вице-мер Сонунбек Жунусбаев таъмирлаш ишлари бораётган Ленин кўчаси бир томонлама йўл бўлиб таъмирланишини, савдо-сотиқ учун пиёдалар йўлидан фойдаланган савдогарлар йўл тирбандлигига сабаб бўлаётганини айтди.
Жапалак машина бозори томондаги 37 гектар муниципал ер майдони қишлоқ хўжалиги йўналишидаги ер бўлгани учун ҳужжат ишлари кечикаётганини маълум қилди.
“Истаймизми йўқми шаҳар ривожланиши керак. Шу сабаб марказий бозорларни шаҳар четига чиқаришимиз керак. Бу ерда [асосий мақсад] йўлни очиш ва тартибсиз савдо масаласини бартараф қилиш. Машина бозорини жилдиргандан шундай масала бўлган, “у ерга ким борарди, йўли бизга тескари” дейишган. Мана бугун яхши ишлаяпти. Шу сабаб биз шаҳар яшовчиларини фикрини ҳисобга олиб, асосий режа асосида иш олиб борамиз”, — деб билдирди Жунусбаев.
Аёлнинг калтакланиши
Бу орада ижтимоий тармоқларда ҳуқуқни ҳимоя қилиш идораларининг кўз олдида “бозаркўм” экани айтилган эркак киши аёлни калтаклаган видео тарқаган.
9 июнда Ўш шаҳар ИИБдан “Клооп”га воқеа “Сулайман-Тоо” милиция бўлими томонидан текширилаётганини билдиришди. Видеодаги формалилар ИИВнинг махсус йўналишидаги полкининг ходимлари экани аниқланганини айтишди.