11 журналист иши: Судда аппеляция шикоятлари кўриб чиқила бошланди

75

Бугун Бишкек шаҳар судида Temirov Live ва Айт Айт Десе лойиҳаларининг собиқ ва ҳозирги ходимларидан иборат тўрт нафар журналистнинг аппеляция шикоятлари кўриб чиқила бошланди. Гап Махабат Тажибек қизи, Азамат Ишенбеков, Айка Бейшекеева ва Ак-Тилек Капаров ҳақида кетмоқда, улар аввал Ленин туман суди томонидан оммавий тартибсизликка чақириқлар бўйича айбли деб топилган эди.

Адвокат Улан Сейитбеков «Клооп»га маълум қилишича, шикоятни 2022 йилда суриштирувчи журналист Болот Темировни Қирғизистондан чиқариш ҳақида қарор чиқарган судьялар кўриб чиқмоқда.

«Раис Адис Момуналиев ва Нурлан Кожомбердиев Темиров иши бўйича суд ҳайъатида бўлган. Мен уларга нисбатан дарҳол четлаштириш сўровини бердим. Суд ҳайъати маслаҳатлашувдан сўнг менинг илтимосимни рад этди,» — деди у.

Сейитбеков қўшимча қилди, Ленин туман суди томонидан ишдаги қолган етти киши бўйича чиқарилган оқлов ҳукми кучга кирган. Суд маълумотига кўра, прокуратура биринчи инстанция қарорига шикоят қилмаган.

Тўрт журналистга нисбатан навбатдаги жараён 9 декабрда бўлиб ўтади — мажлисда мутахассислар ўз фикрларини баён қиладилар. Иш материаллари ўрганилгандан сўнг, томонлар сўзга чиқади ва охирги сўз билдирилгандан кейин суд қарор қабул қилиши мумкин бўлади.

Аввалроқ парламент спикери Нурланбек Шакиев ОАВ ходимларини Ахборот ва матбуот куни муносабати билан мукофотлаш чоғида, ҳукумат ҳибсдаги журналистлар ҳолатини кўриб чиқишини айтган эди. Аммо, унинг сўзларига кўра, бу бошқалар учун «дарс» бўлиши керак.

10 октябрь куни Ленин туман суди оммавий тартибсизликларга чақириқлар бўйича январь ойида қўлга олинган 11 журналистга ҳукм чиқарди. Махабат Тажибек қизи 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига, Азамат Ишенбеков эса 5 йилга маҳкум қилинган эди. Ак-Тилек Каппаров ва Айка Бейшекеевага 3 йиллик пробация жазоси тайинланди. Ишдаги қолган шахслар айб таркиби йўқлиги сабабли оқланди.