МХДҚ раҳбариятига суиқасд уюштиришда гумон қилинган УЖГ аъзосининг онаси Ташиевга мурожаат қилди

48

Олдинроқ махсус хизмат томонидан фаол УЖГ аъзоси сифатида қўлга олинган Руслан Дуйшеевнинг онаси МХДҚ раҳбари Камчибек Ташиевга мурожаат қилди. Видео мурожаат ижтимоий тармоқларда тарқалди.

Аёл ўғли ҳақида ОАВда тарқалган маълумотлар ёлғон эканлигини айтиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, Дуйшеев жиноят содир этган шахс эмас.

"Ўғлимни даъватда юрган вақтида қўлга олишди. Ижтимоий тармоқлардаги барча бу маълумотларни кўриб, юрагим оғриб, ўзимни ёмон ҳис қилдим," — деди у.

МХДҚ ходимлари 16 ноябрь куни Жалолобод вилоятининг Токтогул туманида Дуйшеевни қўлга олишган. Давлат қўмитаси Дуйшеев қидирувда бўлган пайтда МХДҚ раҳбариятига суиқасд уюштиришни режалаштирганлигини маълум қилди.

Махсус хизматнинг маълумотларига кўра, Иссиқкўлдаги Бостери қишлоғининг собиқ "кузатувчиси" бўлган, жиноий дунёда "Рус Коен" ёки "Руслан Бостеринский" номи билан танилган шахс марҳум жиноятчилар раҳбари Камчи Кўлбоевнинг уюшган жиноий гуруҳига алоқадор.

Дуйшеевга УЖГни ташкил қилиш ва унда иштирок этиш айблови қўйилиб, МХДҚ СИЗОсига жойлаштирилган.