Ҳарбий прокуратура қўшиқчи Нурчолпон Улугбек қизининг мудофаа вазирлигининг полковниги томонидан зўравонликка учрагани ҳақидаги билдирувини текширади. Бу ҳақда 5 июнда «Клооп»га бош прокуратурадан маълум қилишди.
Нурчолпон ҳарбийларга бағишланган тадбирда полковник томонидан зўравонликка учраганини 31 майда айтган. У полковникнинг ҳамкасблари ҳам унга тегажонлик қилишга ҳаракат қилганини таъкидлаган.
«Мен армиянинг марказий уйида мусиқачи бўлиб ишлардим. Турли ҳарбий тадбирларда концерт берамиз. Уларнинг бирида бир полковник зўравонлик кўрсатиб, мени ушлашга ҳаракат қилиб, куч ишлатди. У полковник бўлгани учун яна бир офицер ёки ҳарбий аёл мени ёнимни олмади. Мусиқачилар учун жавобгар бўлган командирларимиз ҳам ҳеч нима деёлмай қараб туришди», — деган у.
Нурчолпон тадбирга қатнашганлар орасидан ҳамкасби, қўшиқчи Ильяз Андаш унга ёрдам берганини таъкидлаган. Унинг айтишича, тадбирдан кейин қўшиқчи аёллар ҳам «шундай ҳолатга тушишганини» айтиб беришган.
Қўшиқчи воқеадан кейин милицияга «ариза ёзганини» ва полковник ундан кечирим сўраганини қўшимча қилган.
«Полковник кечирим сўраб қутилиб кетди, мен эса травмамни бир ярим йил даволадим. Натижаси: ўзингиз ва асабингизни эҳтиёт қилинг, бирор иш соғлигимизга арзимайди», — деган у.
Зўравонлик кўрсатиш ва жазо
Харассмент ёки зўравонлик — одамнинг шахсий ҳаёти дахлсизлигини бузиб, ноқулайлик яратиб, зарарга олиб келувчи ҳаракат. Унга ушлаш, ўпиш, қучоқлаш ёқимсиз ҳаракатлар киради. Бундан ташқари, сўз билан камситиш ёки қўрқитиш, ёқимсиз хотиралар ёки қўпол ҳазиллар ҳам зўравонлик бўлиб ҳисобланади.
Қирғизистонда қизлар кўчада, ўқишда ёки иш вақтида жинсий зўравонликка учрашади. Статистикага кўра, қирғизистонлик қизларнинг 83% ҳаётида камида бир марта руҳий, жисмоний ёки жинсий зўравонликка учраган. Кўп ҳолларда жабрланувчилар милицияга мурожаат қилишмайди, сабаби жамиятнинг гапига қолишдан қўрқишади.
Қонунда жинсий зўравонликка ҳеч қандай жазо қўлланилмайди. Юрист Фатима Якупбаеванинг айтишича, қоида бўйича бунда «Майда бебошлик» моддаси қўлланилади, унда айбланувчи жамоат ишларига жалб қилиниб, жаримага тортилиб ёки 3-5 суткагача қамалади.
Қонунда зўравонлик қилиш ёки шантаж қилиш билан жинсий ҳаракатларга бориш учун жавобгарлик бор. Бундай ҳолда «Жинсий ҳаракатларга мажбурлаш» ёки «Жинсий зўравонлик ҳаракатлари» моддалари қўлланилади. Аммо буни «видео, аудио, гувоҳларнинг кўрсатмасисиз исботлаб бериш жуда оғир» дейди юрист.