Қозоғистоннинг қидирувдаги энергетика собиқ министри Мухтар Аблязов бошқа шахс номига қирғиз паспортини олган. Бу маълумотни Давлат рўйхат хизмати билдирди.
Қозоғистонлик қочқин сиёсатчига қирғиз паспортининг берилганини «Вечерний Бишкек» газетасига Давлат рўйхат хизмати вакили Эрлан Сапарбаев билдирди.
«Паспорт бериш жараёни фош этилди. Биз Мухтар Аблязовнинг кимни номига ID-карта олганини, ким бунга кўмаклашганини ва бу учун у қанча пул тўлаганини аниқладик. Бироқ, тергов олиб борилаётгани учун, ҳозирча бу маълумотларни очиқлай олмаймиз», — деди у.
«Вечерний Бишкек» ўзининг Давлат рўйхат хизматидаги манбасига таяниб хабар қилишича, Аблязов паспортни Нурдин Османов номига олган.
Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси маълумотга эга эмаслигини билдириб, масала юзасидан изоҳ беришни истамади.
Мухтар Аблязов — Қозоғистоннинг Энергетика собиқ министри. Министрлик лавозимидан кетганидан сўнг, у БТА банкда ишлаган. Олиб борилган текширувлар натижасида у 4 миллард доллар камомадга йўл қўйгани аниқланган.
2009 йилнинг феврал ойида Аблязов Қозоғистонни тарк этган ва Буюк Британиядан қўним топган эди.
Бироқ, Қозоғистон талабига кўра Британия суди уни ватанига қайтариш қарорини чиқарганидан сўнг у Британияни ҳам тарк этганди. Ҳозирда унинг қаердалиги номаълум.