Ўшнинг Амир-Темур аҳолиси сувсизликдан шикоят қиляпти

630

BBEA5D37-CFCF-4EFC-BFB1-C22FD3E55526_w974_n_s

Ўшнинг Амир-Темур шаҳарчаси ёзнинг келиши билан сув танқислигига дучор бўлади. Мавзе аҳолиси ичимлик суви тўрт кунда фақат бир марта берилгани кундалик эҳтиёж учун ҳам етмаслигинидан шикоят қилиб келмоқда.

Шаҳарча яшовчиси Азиза Давидова ичимлик суви улар уйини тўрт кунда бир марта кўришини, полиз ва ўзга эҳтиёжлар учун сув умуман берилмаслигини айтади.

Азиза опага кўра, улар яшаётган жой юқорида жойлашгани учун, шаҳарчада қурилган ариқлардан улар тарафга сув етиб келмайди. Бу эса ўз ўрнида полизнинг қуриши, қилинган меҳнатнинг ҳавога учишига олиб келишини айтади у.

«Биз қўшнилар  билан бу сувнинг  ортидан неча марта эллик бошиларга, шу сув омборининг бошчиларига ҳам мурожаат қилдик. Лекин улар доим «биз ундай қиляпмиз, биз бундай  қиляпмиз» деб алдаб келишади» - дейди Азиза опа.

Унинг сўзларига кўра, сувнинг танқислиги қўшнилар орасидаги можарога ҳам сабаб бўлади.

«Амир-Темур шаҳарчасида яхши, чунки бу ерни  ҳавоси тоза, ери кенг, ўзи тинч жой. Ҳаммани яшагиси келади, лекин сув муаммосини эшитиб кўпчилик ўйланиб қолади» - ҳасрат қилади опа.

Шаҳар сув бошқармаси бош инженери Осмонов Ўрмўш сувнинг кўпчиликка етмаслигига аҳолининг ўзи айбдорлигини айтади.

«Ичимлик суви ўзи аслида ичгани етади. Лекин одамларга сув етмаслигининг сабаби кўпчилик ичимлик суви билан экинларини суғоради. Бу эса сувни бошқаларни етмаслигига олиб келяпти», - дейди мутахассис.

Инженер шаҳарчага сувнинг ҳар куни келмаслига ҳам унинг тепаликда жойлашгани сабаб бўлаётганини айтади.

«Тоза сувнинг  узоқда чиқишига биз берган сувни кўпини пастдаги аҳоли ишлатиб юбораётганидан. Тепадаги аҳолига эса сувнинг босими камайиб, чиқмайди. Мен  айтишим мумкин, бу ерда «Горводоканал»нинг айби йўқ», - дейди Осмонов.

Унга кўра, айнан аҳолининг сувни ноўрин ишлатгани унинг танқислигига сабаб бўлаётганини ёзда сувнинг етишмаслиги, бошқа фаслларда бундай муаммо йўқлиги билан изоҳлаш мумкин. Унинг фикрича, бошқа фаслларда яшовчилар полизни суғормайди ва бу сув билан барчанинг тўлиқ таъминланишига тўсқинлик қилмайди.

Шаҳар сув таъминоти вакилига кўра, бугунги кунда сув бошқармаси ҳар бир одам учун режада кўрсатилгандан ҳам кўпроқ сув ажратмоқда.

«Ҳар бир одамга  ичимлик сувини  беш-олти баробар кўпайтириб беряпмиз. Масалан, битта одамга 60 литр сув ҳисоблаган бўлсак,  биз уларга 300 ёки 400 литр сув ажратяпмиз. Лекин сувнинг аксар фойизи инсонлар эҳтиёжи учун эмас, балки экинларга ишлатилаётгани аҳолини қийинчиликка дучор қиляпти», - дейди у.

Осмоновнинг айтишича, сув муаммосини ҳал қилиш учун РСК банки 8 миллион сом, Осиё тараққиёт банки эса 7 миллион сом кўмак кўрсатишни ваъда қилган. Агар молия вақтида берилса, бу муаммо яқин вақт ичида ечилади.

Айни пайтда, сувсизликдан иложсиз қолган Амир-темурликлар ичимлик сувини пулга сотиб олишни одат қилган. Шаҳарча яшовчиси Мўминов Мўйдин бир сув ташувчи машинадаги сувни минг сомга сотиб олишини айтади.

« Баъзан машина сувни 700 ёки 800 сомга ҳам бериб юборади. Агарда бирон бир уйда тўй ёки ўлим бўладиган бўлса у оилага бекорга берилади. Бу сувни кўп одамлар ичгани ёки экинларига ишлатишади», - дейди у.

Мўминов тилга олган сув ташувчи машина соҳиби Собиржонов Баҳодиржон машинани аслида ўт ўчириш мақсадида олганини айтди.

«Бу  машинани мен ўт ўчирувчилик вазифасида олганман. Худо кўрсатмасин, агар қишлоққа ўт кетадиган бўлса, шаҳардан ўт ўчирувчи машина келгунча  мен ёрдам қаторида шу машинадаги сув билан ёнғинни ўчиришга ҳаракат қиламан. Баъзан бу сувни одамлар экинларини суғоргани ёки ичгани олишади», - дейди Баҳодиржон.

Унинг сўзларига кўра, аҳолига сотувчи сувни у "10 адир" каналидан олади.

Амир-Темур мавзеини сув билан таъминловчи икки сув омбори бор. Мазкур омбор етакчиси Юлдашев Даврон яшовчиларнинг канал сувидан ичгани кўпчиликда муаммоларни туғдиришини айтади.

«Ёзда 4 кунда бир марта сув берилади. Кўпчилик ёзнинг кунида  уй қургани учун, ичимлик сувини ҳам қурилишга ишлатиб юборади, кейинги сув берилгунича “Водовоз” олиб келган сувни ичади. “Водовоз” сувни каналдан олади, канал суви эса касаллик тарқашига сабаб бўляпти», - дейди Юлдашев.

Мутасаддига кўра, улар омборидан берилаётган сув "зарарли" қабилидаги гаплар асоссиз.

«Биздан сувни ҳар куни махсус лобараториядан келиб текширишади.  Бу сув текширилгач, журналга унинг талабларга жавоб берилиши ҳақида қўл қўйилади. Бу журнални  директор, бош инженер ва яна бошқа катталар текширади. Бу жуда хавфли иш, бир нарса бўладиган бўлса ҳаммамиз жавоб берамиз», - дейди у.

Унга кўра, бу йил омборни сув билан таъминловчи насослар ва бошқа ускуналар янгиланиши кутиляпти.

Мулозим кутилаётган ўзгартиришлар амалга ошса, ичимлик суви миқдори кўпайишини, полиз учун махсус сув ажратилишини айтади.

Муаллиф: Абдурашид ўғли Нурулло

Муҳаррир: Ҳулкар Исамова

Сурат "Азаттык радиосу" сайтидан олинди