Иссиқкўлнинг Чўлпон-Ота шаҳрида ўтган Араб координация гуруҳининг тўртинчи йиғини якунланди. Унинг асосида Қирғизистоннинг таълим соҳасини ривожлантиришга 75 миллион АҚШ доллари ажратилиши аниқ бўлди.
Маблағнинг 60 миллионини Араб координация гуруҳи ажратса, қолган 15 миллионни Таълим бўйича глобал ҳамкорлик ташкилоти грант асосида ажратади.
«Келишувларга кўра Қирғизистон 75 миллион АҚШ доллар олишга ҳуқуқли», — дея таъкидлашди вазирлар маҳкамасидан.
Координация гуруҳи аъзолари вазирлар маҳкамаси тавсия этган ижтимоий уй-жой, транспорт инфраструктура, сув билан таъминлаш ва канализация, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳасидаги имтиёзли лойиҳаларнинг рўйхатини кўриб чиқди.
Араб координация гуруҳига бир қатор банклар билан жамғармалар аъзо бўлган. Уларнинг орасида Ислом тараққиёт банки, Саудия тараққиёт жамғармаси, Кувайт араб иқтисодий тараққиёт жамғармаси, ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси, Абу-Даби тараққиёт жамғармаси бор.
Маблағ қаерга сарфланади?
Таълим вазири Алмазбек Бейшеналиев Араб координация гуруҳининг учрашувида Қирғизистондаги мактаблар билан болалар боғчаларининг аҳволи ҳақида сўз бўлганини таъкидлади.
Бейшеналиевнинг таъкидлашича, кенгашда Давлат қурилиш агентлиги ҳамда Таълим вазирлиги мактаб ва болалар боғчасини қуриш бўйича ташаббус кўтариб чиқди.
Вазирлар Қирғизистонда 245 мактаб авария ҳолатида эканини, 126 мактабда ўқувчилар уч сменада ўқиётганини ва болаларнинг фақат 22% болалар боғчасига боришини қўшимча қилди.
«Агар ташаббус қўллаб-қувватланса, Қирғизистонда умумий 45 минга яқин бола мактаб билан, шунга яқин бола боғча билан таъминланади, 3 минга яқин ўқитувчи ишга ўрнашади», — деб ишонтирди у.
Бунгача, 6-апрелда Қирғизистон билан Европа иттифоқи Таълим ва фан вазирлигига 32 миллион евро грант ажратиш ҳақида молиявий шартномани имзолашган.
Вазирлик маблағ ўқувчиларнинг STEAM (science – фан, technology – технология, engineering – муҳандислик иш, arts – санъат ва mathematics – математика) бўйича билимининг ҳеч бўлмаганда минимал даражага етказишга, ўқитувчиларнинг медиа саводхонлигини ва рақамли кўникмаларини ривожлантириш ҳамда доимий тренингларни ўтказиб туришга сарфланишини таъкидлашган.