Қирғизистоннинг жанубий ҳудудида сел оқибатларини бартараф қилиш ишлари давом этмоқда

313
Сурат: ФҲВ

18-майда сел келган Ўш вилоятининг Қорасув, Ўзган туманларида ҳамда Жалолобод вилоятининг Олабуқа, Чотқол туманларида, Баткен вилоятининг Қадамжой туманида тозалаш ишлари давом этмоқда. Бу ҳақда ФҲВнинг матбуот хизмати билдирди.

Қорасув туманида табиий офат оқибатида Янгиариқ  — Қизилсув авто йўлининг 4-километри, Ўттизадир каналидан тошган сувдан Қайрағоч қишлоғига қарашли авто йўли тўсилган. Бундан ташқари, Садирбай, Эшме ва қазақўғли қишлоқларида уйлар зарар кўрган.

Ўзган туманида Қизилтоо қишлоқ ҳукуматининг Донузтоо қишлоғида, Ийри-Суу қишлоқ ҳукуматининг Корсетти қишлоғида ички хўжалик йўллари сел ювиб кетган. Бундан ташқари Жилалди қишлоқ ҳукуматининг Калта, Қуршоб қишлоқ ҳукуматининг Шагим, Қизил-Октябрь қишлоқ ҳукуматининг Интимоқ қишлоқларида турар уйларни, ертўла ва молхоналарни сув қоплаган.

Жалолобод вилоятининг Чотқол туманининг Тераксой қишлоғида сел суви бир кўприкни оқизиб кетган, уйларнинг ҳовлисни, йўлларни қоплаган. Олабуқада электр симёғочи зарар кўриб, электр энергиясида узилиш бўлган.

Баткен вилоятининг Қадамжой шаҳрида сел сувлари уй ва ижтимоий биноларнинг ҳовлисига кирган. Шунингдек етти кўприкнинг қирғоғидаги қум-шағалларни ювиб кетган.

Муассасадан табиий офат бўлган ҳудудларда махсус техника, қутқарувчилар ишлаётганини билдиришди. Тегишли идоралар эса сел оқибатида пайдо бўлган зарарларни ҳисобламоқда.

Муаллиф: Айжамал Туголбай қизи