Россия ҳукумати «Фэйсбук» ижтимоий тармоғидаги бир саҳифани тақиқланган сайтлар сарасига киритгандан сўнг, ширкат маъмурияти мазкур саҳифани ўчириб ташлади. Агар ижтимоий тармоқ бундан бош тортганда, у Россия ва бунинг оқибатида бутун Марказий Осиёда ёпилиши мумкин эди.
«Фейсбук» Россия ҳукумати талабидан бир кун ўтиб саҳифани ўчириб юборганини хабар қилди ИТАР-ТАСС ахборот агентлиги.
«Аргументы и факты» газетаси маълумотларига кўра, Россиянинг кузатув қўмитаси «Фейсбук»дан «Школа суицида» саҳифасини ўчириб ташлашни талаб қилган. Мазкур саҳифада ўз жонига қасд қилишни ўргатувчи плакат ва карикатуралар жой олган эди.
Россия ҳукумати талабидан бош тортишлик дунёдаги энг йирик ижтимоий тармоқ — «Фэйсбук»нинг ёпилишига олиб келиши мумкин эди.
«Кыргызтелеком» коммерциявий директори Акыл Токолбаев Kloop.kg билан суҳбатда агар Россия ҳукумати ижтимоий тармоққа тўсиқ қўйса, ундан қирғизистонлик фойдаланувчилар ҳам фойдалана олмаслигини айтди. Зеро Қирғизистон интернетнинг ташқи трафигини Россия орқали олишини айтади мулозим.
«Биз Россияга таъсиримизни ўтказолмаймиз. Агар Россия провайдерлари тўсиқ қўйса, биз ҳам бу саҳифаларни кўра олмаймиз», — деди Токолбаев.
Медиа-эксперт Марат Токоев россиялик провайдерлар бутун хизматни тўсмайди, деб ҳисоблайди.
«Балки улар тармоқнинг маълум қисмини тўсиши мумкин эди, масалан блоглар ва саҳифалар бўлимни. Бироқ “Фейсбук” тўлиғи билан тўсилмаслиги аниқ», — дейди у.