«Ата-Журт» депутатларига ҳукм: Ташиев ва Жапаров — бир ярим йил, Мамитов — бир йиллик қамоққа ҳукм қилинди

585

Бишкекнинг Биринчи май район суди мухолифатдаги «Ата-Журт» партияси вакилларига ҳукм чиқарди. Қамчибек Ташиев ва Садир Жапаров бир ярим йилга, Талант Мамитов бир йилга озодликдан маҳрум этилди.

Депутатларнинг ҳар бири «ҳокимиятни куч билан босиб олиш»да айбдор деб топилди.

Уларнинг барчасига Қирғизистон жиноят кодексининг 295 моддаси бўйича жазо берилди. Мазкур моддага мувофиқ, бу жиноятга қўл урганлар 12 йилдан 20 йилгача қамалиши керак, бироқ Ташиев ва Жапаров бир ярим йилга, Талант Мамитов бир йилга озодликдан маҳрум этилди.

Чиқарилган ҳукм муддати ҳамда моддада кўрсатилган муҳлат ўртасидаги номутаносибликни Ташиев адвокати Икрамидин Айткулов танқид остига олди.

«Бу айнан ушбу модданинг уларга нисбатан нотўғри, ноқонуний равишда қўйилганини исботлайди, чунки бундай оғир модда учун бунчалик енгил жазо бериш мантиққа тўғри келмайди», — деди Айткулов Kloop.kg билан суҳбатда.

Депутатларга қўйилган қолган айбловлар маҳкама тарафидан асосли деб топилмади ва улардан бу айбловлар олиб ташланди. Даставвал депутатлар жиноят кодексининг 297 моддаси, конституциявий тузумни ағдаришга даъват қилиш бўйича ҳам айблангандилар.

Ҳар учала депутат 2012 йилнинг 3 октябрида парламент биноси олдида ўтказган митингдан сўнг қўлга олинган эди — маҳкамага кўра, «Кумтор» олтин конини миллийлаштириш борасида ўтказилган митингда улар ҳукуматни босиб олишга уринишган.

Депутатларнинг Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси тергов изоляторида олти ойни ўтказгани ҳисобга олиниб, ўтказилган ҳар бир кун икки кун ҳисобида саналади.

Бунга мувофиқ, Ташиев ва Жапаров қамоқда яна ярим йилни ўтказади, депутат Мамитов эса 10 кундан кейин озодликка чиқиши мумкин.

Давлат айблови талаб қилган — 9 йилдан 10 йилгача кучайтирилган режимдаги қамоқ жазосига нисбатан суд ҳукмининг анча енгил чиққанига қармай, айбланган депутатлар ҳакам қароридан норози эканини яширишмади.

Мухолифатчи депутатлар адвокатлари ҳакам қарорини юқори инстанцияда шикоят қилишларини билдиришди.

Депутатлардан ташқари бир йиллик қамоққа Ташиев икки тан соқчиси, ҳайдовчиси ҳамда ёрдамчиси ҳукм қилинди. Уларнинг барчаси депутат Мамитовдек бу муддатни СИЗОда ўтказиб бўлган.

Митинг модератори Кубат Кожоналиев суд қарорига кўра тўлиқ оқланган.

Маҳкаманинг сўнгги йиғини депутатлар тарафдорлари митингги билан кузатилди.

700 кишига яқин митингчилар камида икки марта Биринчи май район суди биносига киришга уринган, бироқ улар милиция тарафидан сиқиб чиқарилди.

Ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари маҳкама залини кучайтирилган тартибда ҳимоя қилди, улар ва митингчилар ўртасида тўқнашувлар кузатилмади.