Дунёнинг 13 йирик фермацевтик компаниялари қирғиз дестибюторларини «Ротафарм» билан ҳамкорлик қилишдан бош тортишга чақирди.
Бу мурожаат Буюк Британияда чоп этилувчи «Гардиан» журналида чиққан мақоладан сўнг янгради — британиялик журналистлар «Ротафарм» компанияси фаолиятида бир неча шубҳали ҳаракатларни аниқлаган.
Дунёнинг йирик 13 дори тайёрловчи ташкилоти вакиллари 6 март куни Бишкекда йиғилди ва маҳаллий дори дестибюторларини ўзини Британия компанияси деб таништирувчи «Ротафарм» билан ҳамкорлик қилмасликка даъват қилди.
«Ротафарм» ширкати дориларига қўйилаётган асосий шикоят — гемодиализ билан оғрувчи касалларга қўлланилувчи «Репретин» дорисининг сифатсизлиги бўлиб қолмоқда.
«Гардиан» олиб борган текширувда «Репретин» дорисига ўтган беморлар ўзларини ёмон ҳис қила бошлаган ва уларда доридан тескари эффектлар сезилган.
Бундан ташқари, журналистлар текширувида «Ротафарм» фирмаси ўзи даъво қилгандек Британияга алоқаси йўқлиги аниқланган. Ширкат Британиянинг оффшор зоналарида рўйхатга олинган бўлиб, у белоруссиялик тадбиркор Равшан Тагиевга тегишлилиги далилланган.
13 фармацевтик ташкилотлар таклифини Соғлиқни сақлаш министрлиги ҳам тарқатди.
«["Ротафарм"] Ўз дориларини Миср ва бунга ўхшаш турли давлатларда тайёрлатади ва Буюк Британия маҳсулоти қатори сотади. Айни пайтда мазкур дорилар бошқа компанияларнинг ҳудди шу таркибдаги дориларидан бир неча баробар қиммат сотилади», — дейилади министрлик тарқатган баёнотда.
«Ротафарм» маҳсулоти атрофидаги баҳслар 2013 йилнинг феврал ойида юзага чиқа бошлаганди. Ўшанда қирғизистонлик нефролог шифокорлар компанянинг «Репретин» дорисини инсон соғлиғига «зарарли» деб топишган ва ушбу маълумотни очиққа чиқарганлари учун компаниядан тахдидлар бўлаётганини билдиргандилар.
«Ротафарм» ўз ўрнида улар дорилари устида тадқиқот олиб борган шифокорлар рақобатчи ширкатлар тарафидан «сотиб» олинганини даъво қилганди.
«Турли ширкатлар «Репретин» дорисини бозордан сиқиб чиқармоқчи», — деганди ўшанда компания вакили Ильхам Гусейнов.
Бироқ бугунги кунга келиб, соғлиқни сақлаш министрлиги «Ротафарм»нинг ўзи шифокорларни ўзига ағдариш учун турли воситаларни ишга солганини билдирди.
«Маркетингнинг нохолис йўлларини ишга солиб, ["Ротафарм"] шифокорларга ҳар бир ёзиб берган дориси эвазиги турли ҳадялар ва пуллар бериб келган, соғлиқни сақлаш тизимининг ҳар бир даражасида коррупцион тизимни ишлатган», — хабар қилди министрлик.