Қирғизистон Бош прокуратураси «Кумтор» олтин кони фаолияти ҳақидаги битим тузишда йўқ қўйилган хатоларни текшириш мақсадида жиноий иш қўзғади. «Кумтор»га қарашли «Центерра» компаниясининг 33% акциялари Қирғизистонга тегишли.
Жиноий иш қўзғашга «Кумтор» олтин конини текширган давлат комиссияси ҳисоботи сабаб бўлганини билдирди Бош прокуратура.
Қирғиз-Конада ташкилоти ҳозирча иш материаллари билан танишяпти ва масала юзасидан изоҳ бермаяпти.
Бош прокуратура маълумотларига кўра, 1992 йилдан 2009 йилгача Қирғизистон ҳукуматидаги мулозимлар канадалик ҳамкорлар билан «олдиндан маълум бўлган Қирғизистон учун фойдасиз келишимлар» тузишган.
Бош прокуратура қуйидаги фактлар бўйича жиноий иш қўзғади:
• Коррупция (303 модда)
• Хизмат ваколатларини суистеъмол қилиш (304 модда)
• Хизмат ваколатлари доирасидан четга чиқиш (305 модда)
• Қирғизистон Республикаси фойдасини кўзламай контрактлар тузиш, давлат харидларини амалга ошириш (306 модда)
Бош прокуратура матбуот хизматида бу иш юзасидан бошқа аниқроқ маълумот бера олмаслигини билдирдилар.
«Центерра Голд» ширкати ҳозирча прокуратура қарори билан расман танишгани йўқ, бироқ ҳамон «Кумтор» бўйича келишувлар қонун доирасида ўтганини билдирмоқда.
«Кумтор»нинг жамият билан алоқа бўлимида ҳозирча иш материаллари билан танишишаётганини ва масалани изоҳламасликларини билдиришди.
Қирғизистон парламенти бир ҳафта аввал Қирғизистон ҳукумати ҳамда Канаданинг «Центерра Голд Инк» компанияси ўртасида тузилган шартномани бекор қилишни таклиф қилган давлат комиссияси ҳисоботини тасдиқлади.
Ҳисоботга кўра, «Кумтор» лойиҳаси бошлангандан буён экология нормаларига келтирилган зарар 6,7 миллиард сомни тузган.
«Кумтор» компанияси 100 фоиз «Центерра» ширкатига тегишли. Айни пайтда мазкур ширкатнинг 33 фоизига Қирғизистон эгалик қилади.
1997 йилдан буён фаолияти давомида «Кумтор» ширкати Қирғизистон хом ашё манбаларидан 180 тоннадан ошиқ олтин ишлаб чиқарган.
«Кумтор» Қирғизистон иқтисодига таъсирини ўтказувчи энг асосий манбалардан бири ҳисобланади, бироқ унинг ҳуқуқий ҳолати Қирғизистонда доимий талаш-тортишувга сабаб бўлиб келади.