Қирғизистон ва Ўзбекистон ёшлар терма жамоалари ўртасидаги кечган жанговор учрашув дуранг билан якунланди. Бу натижа Қирғизистон термасининг мусобақанинг кейинги босқичига чиқолмаслигини англатади.
Мусобақанинг кейинги босқичига йўлланмани қўлга киритиш учун Қирғизистон термаси гуруҳ ўйинларининг сўнгисида ўзбекистонлик ёш футболчиларни мағлуб этишлари керак эди.
Бироқ учрашув қирғизистонлик футболчилар учун омадсиз бошланди — Ўзбекистон терма жамоаси форварди Ихтиёр Тошпўлатов ўйиннинг 25 дақиқасида ҳисобни очди.
Урилган голдан тўрт минут ўтиб эса қирғизистонлик футболчи Акрам Умаров қўпол ўйини учун майдондан четлатилди.
Бу эса шундоғам ҳисобда ортда бораётган қирғизистонлик футболчилар аҳволини янада оғирлаштирди.
Бироқ ўзларида ирода топа олган Қирғизистон терма жамоаси футболчилари ўйиндаги устунликни қўлга киритди ва учрашувнинг биринчи бўлими якунида жамоа сардори Валерий Кичин ҳисобни тенглаштирди.
Ўйиннинг 57 дақиқасида эса дордойлик Қаюмжан Шарипов мусобақанинг энг кучли жамоаларидан ҳисобланган Ўзбекистон термаси дарвозасини ишғол қилди ва Қирғизистонни ҳисобда олдинга олиб чиқди.
Бу ҳисоб Қирғизистон учун мусобақанинг кейинги босқичига йўлланмани нақд қилар эди, бироқ ўйиннинг 71 дақиқасида рақиб ҳужумчиси Тимур Ҳакимовнинг ҳисобни тенглаштиргани қирғизистонлик мухлислар умидини чиппакка чиқарди.
Аксар мусобақалардан фарқли равишда, Ҳамдўстлик кубогида гуруҳдан чиқолмаслик мусобақани тарк этишни англатмайди — ўз гуруҳида сўнгги ўринни эгаллаган Қирғизистон мусобақанинг қолган аутсайдерлари билан тасалли раундида 9 ўрин учун курашади.
Қалтис футбол
Қирғизистон терма жамоасининг бош мураббийи Анарбек Осмонов ўйиндан сўнг ўз шогирдларини мақтади.
«Йигитларнинг озчилик бўлишига қарамай ўз иродасини кўрсатиб олдинда борганидан мен жуда ҳурсандман», – деди у.
Ўзбекистон ёшлар термаси мураббийси Аҳмаджон Мусаев ўйинга иккинчи таркибни туширганини тан олди ва жамоаси ўйиндаги устунликни бой бераётганини кўриб бирданига олти ўйинчини алмаштирганини айтди.
«Балки мен буни эртароқ қилганимда ўйинни нафақат дуранг, балки ғалаба билан якунлашимиз мумкин эди. Мен ўз ҳамкасбимга чиройли ва вақти келса бироз қалтис ўйини учун ташаккур билдирмоқчиман», – деди Мусаев ўйиндан сўнг.
Қирғизистон ёшлар терма жамоаси мусобақанинг гуруҳ ўйинларида қўшни Ўзбекистон ва мусобақа мезбони Россия термаси билан дуранг натижа кўрсатиб 2 очко жамлашга эришди.
Россия ва Ўзбекистон 5 очкодан тўплашди ва голлар ҳисобига кўра Россия гуруҳдаги биринчи ўринни қўлга киритди.
Қозоғистон тақдири эса бугун С гуруҳида ўтувчи беллашувлардан сўнг аниқланади.
Ҳамдўстлик кубоги ҳар йили қишда ўтувчи мусобақа. 2012 йилгача унда МДҲ чемпион клублари иштирок этарди. Жорий йилдан бошлаб эса мусобақада собиқ советлар иттифоқи давлатларининг ёшлар жамоалари иштирок эта бошлади.
Авторы: Шерзод Бабакулов