Санкт Петербургда футбол бўйича ўтаётган Ҳамдўстлик кубоги мусобақасида қирғизистонлик ёш футболчилар россиялик рақиблари билан дуранг натижага эришди.
Анарбек Осмонов шогирдлари Россия ёшлар терма жамоаси уюштирган бир неча ҳужумларни қоида бузиш эвазига бўлса ҳам бартараф эта олишди.
Бу эса, ўз ўрнида қирғизистонлик чарм тўп усталарининг ўйин сўнгида ўн киши бўлиб ўйнашига олиб келди – Қирғизистон термаси химоячиси Марат Аджиниязов олган икки сариқ карточкаси учун ўйиндан четлатилди.
Умуман олганда, ўйиндаги устунлик Россия термаси тарафида бўлди. Бироқ қирғизистонликларнинг ҳам аҳёнда уюштирган ҳужумлари анча хавфли тус олди.
Масалан, ўйиннинг биринчи бўлимида «Дордой» ўйинчиси Каюмжан Шарипов рақиб дарвозаси олдида жуда яхши имконятга эга бўлганди, бироқ у дарвозани тўғри нишонга ололмади.
Ўйиннинг иккинчи бўлимини қирғизистонликлар асосан ҳимояда ўтказишди.
Россия терма жамоаси бош мураббийси Николай Писарев ўйиндан сўнг ўтган матбуот анжуманида қирғизистонликлар бу тактикасини танқид қилди.
«Улар шунчалик биз билан дурангга ўйнагиси келдики, ҳеч нарсадан ҳазар қилишмади. Улар вақтни чўзишгани учун биз ўйиннинг 30 фоизини ўйнай олмадик», –деди Писарев.
Қирғизистон ёшлар термаси бош мураббийси Анарбек Осмонов унинг жамоаси ўйинда "паузалар" қилганини яширмади, бироқ бу ўйинни чўзишликка кирмаслигини айтди.
«Ўйиндан аввалги кўрсатмалар оддий: дуранг ўйнаш эди. Ўйинчилар буни ҳамжиҳатликда, ҳимояда максимум футболчилар ва қарши ҳужум учун олдида битта ўйинчи билан уддасидан чиқишди», – деди Осмонов.
Мусобақанинг биринчи ўйинида Қирғизистон ёшлар термаси қўшни Қозоғистонга 1:3 ҳисобида ўйинни бой берганди.
Россия учун эса бу мусобақадаги иккинчи дуранг — биринчи турда улар Ўзбекистон термаси билан ҳам 2:2 ҳисобида ўйнаб, осиёлик футболчилар билан 1 очкодан бўлишганди.
В гуруҳининг охирги турида Қирғизистон ёшлар термаси Ўзбекистон билан, Россия эса Қозоғистон билан ўйинга тушади.
Иккинчи турдан сўнг Қирғизистон гуруҳда сўнгги ўриндан жой олган, бироқ жамоанинг чоракфиналга чиқиши учун ҳамон имкониятлари бор.
Назарий жиҳатдан, Қирғизистон термаси Ўзбекистон билан дуранг ўйнаса ҳам кейинги босқичга чиқа олади, бироқ бу ҳолатда Осмонбаев шогирдлари параллель ўтувчи Россия ва Қозоғистон ўйинида қозоғистонликлар ҳеч бўлмаса 2 гол фарқи билан Россияни мағлуб этишига умид қилишлари керак бўлади.
Ҳамдўстлик кубоги ҳар йили қишда ўтувчи мусобақа. 2012 йилгача унда МДҲ чемпион клублари иштирок этарди. Жорий йилдан бошлаб эса мусобақада собиқ Советлар иттифоқи давлатларининг ёшлар терма жамоалари иштирок эта бошлади.