Мухолифатдаги “Ата-Журт” партиясидан Бишкек шаҳар кенгаши депутатлигига номзод Абдиразак Кожоевни ҳеч ким қўлга олмаган, деб хабар беради ИИВ матбуот хизмати. Номзоднинг ўзи 12 ноябрда партия раҳнамоси Қамчибек Ташиев ҳимояси учун ўтказилган митингдан сўнг милиционерлар қўлга олганини таъкидламоқда.
Ички ишлар вазирлиги (ИИВ) Кожоевнинг қўлга олинганини рад этмоқда. Муассаса матбуот хизмати ҳодими депутатликка номзоднинг аризаси борасида ҳазил ҳам қилди.
“Агар у йўқолиб қолган бўлса, овоз кучайтиргич орқали бақирсин, милиция тарафидан қўлга олиниш билан боғламасин”, - дейди ИИВнинг ўзини таништиришни истамаган ҳодими.
Депутатликка номзоднинг ўзи қўлга олинганлигига шубҳа қилмайди. У бу ҳақида 13 ноябрда журналистлар билан учрашувда эълон қилди. Кожоев уни милиция бўлимига олиб кетишганини ва сабабини тушунтирмай 3-4 соат ушлаб туришганини айтди.
“Кеча митингдан сўнг соат 11 ларда “Россия” кинотеатри атрофида ўзини таништирмай, қўлга олишди”, - дейди Кожоев.
У милиция ҳодимлари унинг қўлга олиниши сабабларини айтишдан бош тортди, деб қўшиб қўйди.
“Мен гувоҳ, айбланувчи ёки гумондор шахс сифатида олиб кетилаётганимни сўрадим. Жавоб беришмади, шунчаки йўлакда ушлаб туришди”, - дейди “Ата-Журт”партиясидан депутатликка номзод.
12 ноябрдаги митингда мухолифатдаги “Ата-Журт” партияси раҳнамоси Қамчибек Ташиевни қўллаб юзга яқин киши тўпланди.
Улар 2012 йил октябри бошида “Кумтор” олтин конини миллийлаштириш учун ўтказилган митингда ҳукуматни куч билан қўлга олишга ҳаракат қилганлик айби билан Давлат Миллий хавфсизлик қўмитасининг тергов изоляторида ўтирган Ташиевни озод қилишни сўради.
Намойишчилар, шунингдек, ҳукуматнинг амалдаги конституцияни бекор қилишини, парламентни тарқатишини, чет эл инвесторларини ҳайдашини ва “Кумтор”ни давлат ҳисобига ўткизилишини сўрадилар.