Мамлакатда янги йиллик корпоративларни ўтказиш тақиқланди

323

Вице-премьер-министр Элвира Сурабалдиева 26 ноябрда бирифинг вақтида Қирғизистонда янги йил кечалари тақиқланаётганини билдирди.

«Сабаби яхши биламиз бундай корпоратив кечаларга кўп киши йиғилади. Одамлар енгил кийиниб, мавсумий тумов тез тарқалишига туртки бўлишади. Ижтимоий масофа, ниқоб режимларига амал қилинмаслиги ҳаммамизга маълум. Шу сабаб мен аниқ жавоб бериб қўяй, янги йил кечалари, асосан давлат ишхоналари ходимлари тўлиқ ўтказмаслиги керак деб тақиқланмоқда», — деб билдирди Сурабалдиева.

Вице-премьер-министр корпоративларни тақиқлаш масаласи бўйича ҳукумат раҳбари вазифасини бажарувчи Артём Новиков барча давлат органлари билан маҳаллий ҳукуматга қатъий топшириқлар берганини айтди.

Коронавирус ва чекловлар

Айни вақтда Қирғизистонда 24 мартда киритилган фавқулодда ҳолат режими давом этмоқда. Шу билан бирга иқтисодий фаолиятлар чекланган: кафе-ресторанлар, театр ва кинотеатрлар, савдо марказлари ва бозорлар ёпилган.

Кейин ҳукумат тадбиркорларга маълум вақт оралиғида ишлашга рухсат берган.

Ҳозирда жамоат овқатланиш жойлари оммавий тадбирлар тақиқлангани учун бир вақтда 50дан ошмаган одамга ярим тунгача хизмат қила олади.

Ишлашга қисман рухсат берилгани билан сентябрнинг охирида Бишкекдаги ресторанларнинг эгалари зарар кўриб, уларга тўлиқ ишлашга рухсат бериш талаби билан митингга чиқишган.

Бизнеснинг айрим турларини тақиқлаш билан бирга республикадаги мактабларга офлайн ўқишга рухсат берилмади. Бироқ одамлар кўп бўлган жамоат транспорти ва бозорлар ишини давом эттирмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Нурболот Усўнбаевнинг тахминича, Қирғизистон ҳозир коронавирус юқтиришнинг юқори чўққисини бошдан ўтказмоқда.

Коронавирус пандемияси бошлангандан бери Қирғизистонда COVID-19 билан 71 171 одам рўйхатга олинди. Улардан 62 544 бемор соғайиб, стационарлар ва касалхоналардан чиқарилди. Пандемия вақтида коронавирус ва касалхонадан ташқари пневмонияга чалинган 1 251 бемор вафот этди.