Сооронкулова: Конституциянинг янги лойиҳаси бир кишига мослаб ёзилган

379

«Реформа» партиясининг раисаси Клара Сооронкулова янги ёзилган бош қонунни «ҳозирги сиёсатчилар ўзларига мослаштириб ёзишмоқда» деб билдирди. Унинг айтишича, ўлка ҳозир ортга кетмоқда.

Шунингдек, Сооронкулова келажак авлодга парламентаризм кераклигини, янги конституция уларнинг йўлини тўсаётганини ва бош қонун «бир кишига» мослаб ёзилганини таъкидлади.

«Эртанги кунни ўйлашимиз керак. Биз ҳозир бир кишини кумир қилиб, бир кишига мослаб ёзиб, ҳукуматни шуни қўлига берайлик деяпмиз. Бу нотўғри», — деди у.

Сооронкулованинг айтишича, сайлов «лотерея» каби. Агар президентликка бошқа одам сайланиб қолса, у янги конституциядан қандай фойдаланишини ҳеч ким билмайди. Шу сабаб бир кишига мослаб ёзилган Бош қонун бўлмаслигини, ким келиб-кетса ҳам система ишлаши кераклигини билдирди.

Бундан ташқари, Сооронкулова амалдаги конституцияда инсон ҳуқуқлари батафсил ва аниқ ёзилганини, судларнинг мустақиллиги белгиланганини айтди. Лекин конституция «қалбаки» бўлмоқда деган фикрни қўшимча қилди.

«Биз конституция билан яшамадик. Агар 2010 йили қабул қилинган конституция билан яшасак, ривожланаётган мамлакатлар қатори кириб қолар эдик. Биз конституцияга мослашиш ўрнига аксинча, ўзимизни паст даражага туширяпмиз. Ўзимиз йўл қўйган хатоларни бош қонунга қўйиб, қайта-қайта ўзгартиряпмиз», — деган Сооронкулова.

Бош қонун қандай тартибда қабул қилиниши керак?

«Янги бош қонунни қабул қилиш учун жамиятда революцион ўзгаришлар бўлиб, аввалги бош қонун яроқсиз деган талаб чиқиши керак. Уни ёзган одамлар эски бош қонун нима сабабдан яроқсиз бўлиб қолганини исботлаб бериши керак. Янги конституциянинг ғояси, концепцияси бўлиши керак. Энг яхши юристлар гуруҳи тузилиб, улар лойиҳа ёзиб, уни муҳокамага чиқариб, сўнгра овоз беришга қўяди», — деди Сооронкулова.

У янги конституцияга жуда кўп фалсафий ва маънавий терминлар кирганини билдирган. Унинг айтишича, конституциядаги терминлар аниқ бўлиши керак ва уни ҳар ким турли маънода муҳокама қилмаслиги керак. Сабаби бу ноқонунийликка олиб келади.

Клара Сооронкулова

Клара Сооронкулова — «Реформа» партиясининг лидери ва «Укук мектеби» жамоатчилик ташкилоти етакчиси. Бу вақтгача марказий сайлов комиссиясининг аъзоси, кейинчалик «Улуттар биримдиги» партиясининг ижройи қўмитаси котиби бўлиб ишлаган. Шунингдек у Олий суднинг Конституциявий палатасининг судьяси бўлган.

Жогорку Кенеш депутатлари 2015 йили Сооронкуловани судьяликдан муддатидан олдин бўшатган. Бунга Сооронкулованинг мажбурий равишда биометрик рўйхатдан ўтиш ҳақидаги қонунни «Конституцияга қарши келади» деган сабаб бўлган.

Сооронкулова 11 ноябрда президентлик сайловига қатнашиш учун МСКга ариза берган. «Президентлик институтни бекор қилиб, аниқ парламентаризимни таъминлашга келяпман», — деб ёзган у фейсбук саҳифасига.

Конституциянинг янги лойиҳаси

Парламентнинг 80 депутати 17 ноябрда Конституциянинг янги лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Шу куни кечда парламентарийлар таклиф қилган тузатишлар юрист, айрим депутатлар ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан кескин танқид қилинган. Ижтимоий тармоқларда янги лойиҳа «Ханституция» деган ном олган.

Конституциянинг янги лойиҳасига кўра, президентнинг ваколатлари кучайтирилиб, у беш йилдан икки муддатга сайланишга ҳақли шунингдек, Жогорку Кенеш депутатларининг сони 90га қисқартирилиб, «Элдик курултай» органини киритиш таклиф қилинмоқда — у «маслаҳатлашувчи, консультатив ва координацияловчи юқори орган» бўлади.

Ҳозирда Конституциянинг янги лойиҳасининг Конституциявий кенгаши кўриб чиқмоқда. Унга 90га яқин одам кирган. Уларнинг орасида юристлар, юридика фанлари докторлари, жамоат фаоллари бор. Бироқ таклиф қилинган Бош қонуннинг янги лойиҳасига қарши фикр билдирганлар деярли йўқ.

Муаллиф: Наргиз Козукул қизи