Миллий хавфсизлик бўйича давлат қўмитаси 10 октябрда собиқ президент Алмазбек Атамбаев билан унинг тан соқчилари Дамир Мусакеевни ва Канат Сагинбаевни қўлга олди. Улар Атамбаевнинг Қўйтошдаги уйидан ушланган.
«АкиПресс» нашри хабар қилишича, улар Бишкекда оммавий тартибсизлик уюштириш факти бўйича жиноий иш асосида қўлга олинган. Мазкур ишни МХДҚ билан ИИМ биргаликда тергов қилмоқда. Муассасадан ҳозирда воқеада иштироки бор томонларнинг кимлигини аниқлаш ва қидириш чоралари давом этаётганини таъкидлашди.
Деярли икки сота олдин Атамбаевни қўлга олиш учун ҳарбий техникалари Қўйтош қишлоғи томон кетаётгани ҳақида маълумот тарқалган. Ижтимоий тармоқларга тарқалган видеода ҳарбий техникалар ва куч тизимлари унинг резиденциясидан шаҳар томонга қайтаётганини кўриш мумкин.
Шунингдек, махсус хизмат Атамбаевнинг маслаҳатчиси Фарид Ниязовни ҳам қўлга олди.
9 октябрда Бишкекда бир нечта сиёсатчилар ва уларнинг тарафдорлари, шунингдек, фуқаровий жамият вакиллари митинг ўтказиб, пиёда юришга чиқишган.
Сиёсатчи, премьер-министрликка номзод Садир Жапаровнинг тарафдорлари ҳукумат уйи олдида йиғилиб, унинг ҳукуматини қонуний деб тан олишни талаб қилишган.
«Форум» биноси олдида Атамбаевнинг тарафдорлари йиғин ўтказишган. Уларга Бабановни қўллаганлар келиб қўшилиб, икки томон Ала-Тоо майдонигача пиёда келишган.
Бундан ташқари, Ала-Тоо майдонида фуқаровий фаоллар Эркинлик бульварини босиб ўтишган. Улар юришни ўлкадаги криминал гуруҳлар содир қилган «тартибсизликка» жавоб қатори сифатлашган.
Атамбаев, Бабанов ва уларнинг тарафдорлари, фуқаровий жамият Ала-Тоо майдонида тинчлик митингини ўтказаётганда уларга Жапаровнинг тарафдорлари келиб қўшилган. Кўп ўтмай митингчиларга тош ва бутилкалар улоқтирилиб, ўқ отилган.
Атамбаев унинг машинасига номаълум киши бир неча марта ўқ отиб, унга ҳужум қилганини айтган. Бундан ташқари, тўқнашувларда «Ата Мекен» партиясининг номзоди Тилек Токтогазиев бошидан жароҳатланган.
Журналистларнинг айтишича, намойишчиларга ҳужум қилганлар Жапаровнинг тарафдорлари бўлган.
Фавқулодда митинг
4 октябрда ўтган парламент сайловининг натижаси бўйича овозларнинг кўпини президентнинг укаси номзод бўлган ҳукуматнинг «Биримдик» партияси ва Матраимовларнинг клани билан алоқаси бор дейилган «Мекеним Қирғизистон» олган.
Сайлов натижаларига ва оммавий қоида бузарликларга сиёсий партиялар ҳам, кўплаган қирғизистонликлар ҳам норози бўлиб, 5 октябрда митингга чиқишган.
Шу куни кечда митингчилар қувиб тарқатилиб, тинчлик митинги тўқнашувларга айланиб кетган ва натижада Оқ уй босиб олиниб, айрим сиёсатчилар қамоқдан озод қилинган.
Уларнинг орасида Алмазбек Атамбаев, Сапар Исаков, Жантўрў Сатибалдиев, Равшан Жээнбеков ва Садир Жапаров ҳам бор.