«Ала-Арчада» парламентнинг навбатдан ташқари йиғинида кворум тўпланди

555

Бишкекдаги «Ала-Арча» давлат резиденциясида Жогорку Кенеш депутатларининг навбатдан ташқари йиғинида кворум йиғилди. Қонун бўйича кворум бўлиши учун 120 депутатларнинг 60дан кам бўлмагани келиши керак. Бироқ йиғин бошланмай туриб, раис Миктибек Абдилдаев фракция лидерлари билан сўзлашиб олиш учун залдан чиқиб кетди.

Жогорку Кенеш спикери Миктибек Абдилдаев бу вақтгача журналистларга кворумни йиғиш биринчи масала эканини билдирган. Кворум йиғилгандан кейингина Жогорку Кенешнинг йиғини бошланиб, кун тартиби ёпиқ бўлишини айтган.

Ҳозирда «Ала-Арча» давлат резиденциясида Жогорку Кенеш депутатларининг йиғини бўлмоқда.

Абдилдаев кун тартибига қандай масалалар киритилганини аниқ айтолмаслигини, сабаби кун тартиби кворум йиғилгандан сўнг белгиланишини билдирди. Шунингдек, премьер-министрликка кимнинг номзоди кўрсатилаётганини очиқ айтолмаслигини таъкидлади.

Вице-спикер Аида Касималиева йиғинда премьер-министрликка Садир Жапаровнинг номзоди кўриб чиқилиши мумкинлигини айтди. Лекин унинг қўлидаги кун тартибида ҳукумат раҳбарлигига ким кўрсатилаётгани аниқ ёзилган дастур йўқ.

Касималиева бу вақтгача «Достук» меҳмонхонасида ўтган ЖК депутатларининг навбатдан ташқари йиғинида халқ вакилларининг бир қисми Садир Жапаровнинг номзоди премьер-министрликка кўрсатилганини айтди. Шу сабабли бугун кун тартибида премьер-министрликка аниқ ким кўрсатилгани ёзилмаганини таъкидлади.

Ҳозир маълум бўлган кун тартибида ҳукумат таркиби ва тизими қабул қилинишини қўшимча қилди.

Касималиева «Достук»да бўлган йиғинга қатнашиб, Садир Жапаровнинг номзодини ҳукумат раҳбарлигига кўрсатганини айтган. Бироқ кеча фейсбук саҳифасига аввалги фикридан қайтганини ва премьерликка Жапаровдан бошқа киши кўрсатилиши кераклигини ёзган.

Депутат Альтинбек Сулайманов ҳозирча уларга кун тартиби тарқатилиб берилмаганини, шу сабаб ҳақиқатдан ҳам қайси мавзулар қаралиши бўйича маълумот йўқлигини билдирди.

Олдиндан эълон қилинган кун тартибида уч масала қаралиши ёзилган. Улар янги депутат Арзибаев Ниязбекнинг қасамёди, Бишкек шаҳрига фавқулодда ҳолат киритиш ҳақидаги президентнинг фармонини қараш ва ҳукуматнинг таркиби билан тизимини қабул қилиш.

9 октябрда тўрт партия — «Ата Мекен», «Бир Бол», «Реформа» ва «Республика» премьерликка Ўмурбек Бабановни ва биринчи вице-премьерликка Тилек Токтогазиевнинг номзодлигини кўрсатишини эълон қилишди.

Бу орада депутат Дастан Бекешев премьер-министрликка Канат Исаевнинг номзоди ҳам таклиф қилинаётганини билдирди.