Ҳайдовчилар «ёмон» йўл туфайли Ўш-Новқат йўлини тўсдилар

662



Новқатлик 300га яқин ҳайдовчи Ўш-Новқат йўлини таъмирлашни талаб қилиб йўлни тўсишди. Маҳаллий ҳукумат ҳайдовчилар орасида тушунтириш ишлари олиб борилаётганини билдирди. Новқат тумани прокурори йўлни тўсганлар жавобгарликка тортилишини ваъда қилди.

Йўл аҳволидан норози ҳайдовчилар Ўш-Новқат йўлининг Токтамат Зулпуев қишлоғи яқинидаги қисмини тошлар ва ўриндиқлар билан тўсишди — митингчилар тарафидан қўйилган баррикадалар туфайли 50 яқин автоулов йўлдан ўтолмади.

40 яқин ҳуқуқ тартибот органлари ходимлари куч билан митингчиларни ҳайдашга киришганини хабар қилди воқеа жойидан «Клооп» мухбири.

«Милиция ходими бир ҳайдовчини туртмоқчи бўлганда у қаршилик кўрсатди ва оқибатда ҳайдовчи кўйлаклари йиртилиб кетди», — деди «Клооп» мухбири.

Аксар ҳайдовчилар йўлнинг ёмонлиги сабаб, мазкур йўлдан юраётган машиналар эҳтиёт қисмлари тез бузилаётганидан нолимоқдалар.

«Бизнинг биринчи мақсад — Жанторо Сатибалдиевнинг ўзи келиб йўл таъмири учун молия ажратиб берсин. Бузилган эҳтиёт қисмлар пулини тўлаб берсин», — дейди митингга чиққан ҳайдовчилардан бири Турсунали Ажикулов.

Ўшдан Новқатга йўловчилар ташувчи Канибек Рисбаев аксар йўловчилар йўлдаги ўнқир-чўнқирлардан безор бўлганини айтади.

«Йўловчиларнинг бири тезроқ юр деса, бошқаси секинроқ юр дейди. Йўл чанг, йўлдаги ўнқир-чўнқирлардан йўловчилар ўзларини ёмон ҳис қила бошлайди. Биз ҳайдовчилар эса ҳар 15 кунда бир машинани таъмирдан ўтказишимиз керак бўляпти», — дейди Риспаев.

Новқат туман ҳокми Замирбек Аскаров митингга чиққан ҳайдовчилар орасида тушунтириш ишлари олиб борилаётганини айтди.

«Ҳайдовчилар бунгача ҳам 16 куни митингга чиқишганди. Транспорт вазирлиги август охири ва сентябр бошларида йўлни тўлиқ таъмирдан ўтказишни ваъда қилганди, бироқ вазирлик берган ваъдаси устидан чиқмагани учун ҳайдовчилар яна кўтарилишяпти», — деди ҳоким.

Ҳоким сўзларига кўра, трасса таъмири давлат миқёсида ҳал қилиниши керак, маҳаллий ҳокимият бундай масалани ҳал қила олмайди.

«Жавобганрликка тортамиз»

Новқат туман прокурори Баймирза Жаанбеков ҳайдовчилар ноқонуний тарзда йўл тўсганларини ва улар жавобгарликка тортилишларини билдирди.

«Бу ноқонуний. Тендер эълон қилинган ва уни ютган ширкатлар бор, яқинда таъмир ишларини бошлашади», — деди прокурор.
Жаанбеков таъмир ишлари қачон бошланишига аниқлик киритмади.

Транспорт вазирлиги матбуот котиби Қилич Досунбетов вазирликнинг Ўш-Новқат йўлини таъмирлаб беришлик ҳақидаги ваъдасига аниқлик киритиб беришга ваъда берди.