Қирғизистон ва Ўзбекистон чегарачилар ўртасидаги отишмада бир бирини айблаяпти

588



Қирғизистон чегара хизмати Ўзбекистоннинг 17 июл кунги чегарадаги отишмани қирғиз чегарачилари бошлагани ҳақидаги билдирувларидан «ҳайронда». Ўзбекистон ҳукуматига кўра, қирғиз ҳарбийлари «қуролли босқин» уюштирганлар.

Ўзбекистон позициясига кўра, Жалолобод вилояти яқинидаги чегара ҳудудида отишмани қирғиз посбонлари бошлаган.

Ўзбек чегарачилари воқеа юзасидан таҳминини ҳукуматга қарашли ҳисобланган «12ньюс» ахборот агентлиги 19 июл куни тарқатган.

«Қуролли босқин натижасида ўқ отар қуролдан олган жароҳатдан Ўзбекистон Республикаси МХХ чегара қўшинлари ҳарбийси И. Ибрагимов ўлди ва сержант И. Эшназаров оғир жароҳат олди», — дея ўзбек чегара қўшинлари матбуот хизматидан иқтибос келтирди «12ньюс».

Отишма оқибатида энг ками икки икши ҳалок бўлган — ҳар тарафдан биттадан.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара хизмати Ўзбекистон билдирувларидан «ҳайронда» эканини билдириб, Ўзбекистон версияси сўзлашувларда эришилган келишувларга «зид» эканини айтди.

«Мазкур билдирувлар Қирғизистон ва Ўзбекистон чегара бошқармалари етакчилари орасида ўтган учрашувлардаги сўзлашувларга мутлақо зид», — дейилади Қирғизистон МХДҚ чегара хизмати тарқатган матбуот релизида.

Қирғиз тарафига кўра, Жалолобод вилояти Олабуқа тумани яшовчилари чегаранинг талаш ҳудудларида таъмир ишларини бошлаганларидан сўнг ўзбек чегарачилари отишмани бошлаганлар.

«Қирғизистон чегарачилари жавобан ўқ узишга мажбур бўлганлар», — хабар қилди Қирғизистон чегара хизмати матбуот хизмати.

«12ньюс»да хабар қилинган Ўзбекистон версиясига кўра, отишмани қирғиз чегарачилари икки қирғиз рақамли автомобиллар чегарадан ўтказилмагач бошлаганлар.

19 июл куни фожеадан сўнг Ўзбекистон Қирғизистон билан чегарани ёпганлиги ҳақида хабар тарқаганди, бироқ қирғиз чегара хизмати транспорт чегарадан ўтаётгани ва йўл таъмир ишлари давом этаётганини билдирди.