Тимошенко иши бўйича маҳкама яна қолдирилди

598


Украинанинг Харков шаҳрида бугун собиқ Бош вазир Юлия Тимошенкога нисбатан янги жиноят иши бўйича бешинчи суд тинглови бошланди.

Айни вақтда Тимошенкога қўйилган айбловга кўра, у 90 - йиллар охирида “Украина ягона энерготизими” раҳбари лавозимида ишлаганида 160 миллион доллар миқдорида камомадга йўл қўйган.

Собиқ бош вазир соғлиги ёмонлашганлиги рўкач қилиб, германиялик шифокорининг суд маҳкамаси муолажага салбий таъсир ўтказиши мумкин, деганини иддао қилиб тингловда иштирок этишдан бош тортган.

Шунга қарамай, бугун эрталабдан тинглов ўтаётган суд биноси олдига собиқ Бош вазир тарафдорлари ва унга қарши чиқаётганлар йиғилдилар.

Қўлларида “Тимошенко ўғри”, “Адолат йўқ? У учун курашганмидинг?”, “Тимошенконинг жазоси – қамоқ” каби ёзувлар битилган байроқлар ва плакатларни кўтариб олган жорий ҳукумат тарафдорлари бинонинг олди тарафидан жой олдилар.

Кескин баёнотдек кўринадиган ибораларни барчага ошкор қилаётган бу гуруҳ кишиларидан норозиликларининг сабабини, қандай важ билан Тимошенко хонимга нисбатан қарши эканликларини билишга интилдик.

Лекин афсуски тимошенкочиларга нисбатан сон жиҳатда кўпроқ бўлган бу гуруҳ билан сўзлашиш, собиқ Бош вазир ҳақидаги фикрларини билиш жуда қийин кечди.

Уларнинг аксарияти ушбу намойишда нима учун иштирок этаётганини билмайдигандек таассурот туғдирди.

Аксилтимошенкочилар очиқдан очиқ ОАВ билан суҳбатлашишга хушлари йўқлигини ҳам яширишмади.

Биз билан суҳбатлашишга кўнган аскил Тимошенкочилардан бири, украиналик пенсионер Виктор Андреев ўз иштирокини “Шафқат эраси ” романи қаҳрамони Глеб Жигловнинг “Ўғри қамоқда ўтириши керак” деган сўзлари билан изоҳлади.

Андреевнинг сўзларига кўра, Тимошенко тарафдорлари иддао этаётгандек бу маҳкама сиёсий тус олмаган. Балки иқтисодий жиноятлар учун ўтказилаётган маҳкама жараёнидир.

“Улар ўз лидерларини қаллоб, ўғри эканини билиб туриб ҳам уни қўллаётганликлари ажабланарли ҳол. Тимошенко хоним устидан бораётган маҳкама молиявий фирибгарлик учун олиб бориляпти, бу ерда сиёсий таъқиб йўқ” , – деди Виктор Андреев.

Суд маҳкамаси бошланганидан бироз вақт ўтгач бино олдига “Тимошенко блоги” байроқларини кўтариб олган собиқ Бош вазир тарафдорлари кириб келишди. Суд биносининг чап тарафидан жой олган Тимошенкочилар йўл йулакай рақиблари томон луқма ташлаб ўтишдан ҳам ўзларини тийишмади.

Улардан аввал тўпланиб бўлган ва қўлларидаги ёзувларни барчага намойиш қилишдан чарчамаётган аксил тараф Тимошенкочиларнинг бу гапларини писанд қилишмади. Ҳатто меннинг яқинимда турган йигит уларга нисбатан қаратилган “айблов” яъни “сотиб олинганлар” деган иборага кулганча “бир айланиб келинг қария” деб жавоб қайтарди.

Бу ёғига томонларнинг овоз кучайтиргачлар ёрдармидаги мурожаатлари жанги жбошланди десам муболаға бўлмас. Собиқ бош вазир хоним тарафдорлари микрофондан бу судга ишонмасликларини, барчаси уюштираётганини баралла айта бошладилар.

Бунга жавобан Юлиянинг қонун доирсида жавоб беришини хоҳловчилар овоз кучайтиргичлар ёрдамида аскил тарафнинг “овозини ўчириш”га ва уларга “ҳалал” беришга уриндилар.

Ўз исмини ошкор қилишни истамаган Тимошенко тарафдори сўзларига кўра, суд маҳкамаси ва собиқ Бош вазирга қарши чиқаётганлар акциялари жорий ҳукумат уюштирган томонидан уюштирилган “кўзбўямачилик”дир.

“Фикримча, буни ҳаммаси кузда ўтиши кутилаётган сайловлар олдидан қилинган махсус акция. Улар Юлия рақобат кўрсатиши мумкинлигидан қўрқишди. […] Мен Тимошенкони беайб дейишдан йироқман, бироқ жорий ҳукумат ҳам фаришта эмас”, - дейди у.
Тимошенко тарафдорларидан яна бири, намойиш иштирокчиси Наталья Леонидовна мамлакат президенти Янукович берган ваъдаларини бажармаётганини айтди.

“У [президент] бойлик ичида чўмилиб юрган бир пайтда, бизнинг ҳаётимиз кундан-кунга оғирлашиб бораяпти. [...] Ҳукуматнинг на инсофи ва на ори бор, биз чидашдан чарчадик”, - дейди у.

Тарихга зназар. 7 йиллиқ қамоқ жазоси

Юлия Тимошенко 2009 йил Россия билан газ билан боғлиқ шартномани тузишда ваколатлари доирасидан чиққанликда айбдор, деб топилиб 7 йилга озодликдан маҳрум қилинган ва шу кунларда жазо муддатини ўтамоқда.

Панжара ортига тушгач ўз тарафдорлари наздида “мазлума”га айланиб қолган Тимошенко ўзига нисбатан ноинсоний муносабатда бўлинаëтганини таъкидлаб¸ очлик эълон қилган.

Тимошенко туфайли Европа Иттифоқи раҳбарлари Киев билан муносабатларни совуқлаштирдилар; ҳатто украиналикларга қарийб 15 миллиард доллар ва йиллаб қилинган меҳнат эвазига келган Евро 2012 ни бойкот қилиш билан таҳдид этдилар.

Европа Иттифоқи Юлия Тимошенконинг етти йилга қамалганидан "чуқур афсус" билдириб, бунинг ортида сиёсий мотивлар турганини айтганди.

Қамоқда соғлиғи ёмонлашгани боис Юлия айни вақтда Харьков шаҳридаги касалхоналардан бирида даволанмоқда.