Ўш шаҳрида калтаклашда гумонланиб қўлга олинган 24 ёшдаги фуқаро ҳуқуқ тартибот органлари тарафидан қийноққа учраганини айтмоқда. Шаҳар милициясидан ички текширув ишлари олиб борилаётганини билдиришди
Қийноқларнинг олдини олиш марказининг директори Нурдин Сулайманов Ўш ШИИБси тарафидан калтаклашда гумонланиб қўлга олинган фуқаронинг аризасини шаҳар прокуратурасига ўтказиб берганини «Клооп»га билдирган. Ўз аризасида гумондор уни милициянинг тез харакатланувчи гуруҳ аъзолари ва милиция ходимлари калтаклаганини айтган.
«Гумондорнинг қўлга олиниши бўйича интернетга эълон қилинган лавҳани кўриб милицияга борганмиз. У аввал ҳам июнь ойларида безориликда гумонланиб қўлга олинганда ҳам қийноққа учраб, милиционерлар устидан МҲДҚга шикоят ёзган экан. Унинг айтишича, ҳозир ундан шунинг учун ўч олишмоқда», — деди марказнинг етакчиси.
Сулаймановнинг қўшимча қилишича, гумондорнинг баданини кўриш вақтида кўкаргани аниқланган.
Ўш шаҳар ички ишлар бошқармасининг матбуот котиби Абсаттар Тавакалов «Клооп»га гумондорни қўлга олиш вақтида унга қарши қийноқлар қўлланиб-қўлланмагани бўйича ИИВнинг ички текширув хизмати ўрганаётганини билдирди.
12-июлда ижтимоий тармоқларда Ўш шаҳрининг Кележак бозорининг ёнида олинган видео эълон қилинган. Унда камуфляж формадаги уч-тўрт киши Mercedes русумидаги автомобилдан ҳайдовчи ва йўловчини олиб чиқиб, тепкилаётганини кўриш мумкин.
Эртасига Ўш ШИИБнинг матбуот хизмати маълумот тарқатиб, шаҳарнинг 25 ёшдаги турғуни савдо тармоқларини бирининг қоравулини калтаклашда гумонланиб қўлга олинганини эълон қилган.
Бундан ташқари, гумондор қўриқлаш агентлигига тегишли алоқа воситаларини синдириб юборгани айтилган. У жиноий гуруҳнинг аъзолари билан яқин алоқада бўлиб, ёнида қурол бўлиши мумкин деган маълумот асосида, уни махсус тайёргарликдаги бўлинманинг ходимлари қўлга олишган деб ёзилган.