Таълим вазирлиги китоб етишмаслигини «молиянинг озлиги» билан изоҳламоқда. Ўқитувчилар эса китоб тақчиллиги сабаб ўқувчиларнинг уй вазифаларини бажармаётганидан нолимоқдалар.
Таълим вазирлигининг таъкидлашича, Ўш шаҳар ўрта мактабларига 600 мингдан зиёд ўқув китоблари етишмайди.
Ўш шаҳар мэрияси маориф бошқармаси бошчиси муовини Адил Торгонов сўзларига кўра, ўқув китоблари етишмовчилиги шаҳарнинг барча мактабларида мавжуд.
Ундан олинган маълумотларга кўра, қирғиз тилли мактаблар 53 фоизга таъминланган.
Ўзбек тилида ўқув олиб борилувчи мактаблар 23 фоизга, рус тилли мактаблар эса 11 фоизга ўқув китоблари билан таъминланган.
Таълим вазирлиги матбуот котиби Керез Жукееванинг айтишича, мактаблардаги китоб таъминотини тўлиқ амалга ошириш учун йилига 300 миллион сом керак бўлади — бу маблағ 2-3 миллион китоб чоп этишга етади.
Ҳозирда эса ҳукумат ўқув китоблари учун фақат 100 миллион сом ажратаётганини айтади котиб.
«Китоб йўқлиги учун болалар уй вазифаларини бажаришмаяпти. Кимга китоб етишмаса нусха кўчиришади ёки ўзлари сотиб олишади», — деди Ўш мактабларининг бирида рус тилидан дарс берувчи Гулзат Матисакова.
Таълим вазирлиги бу масалани мактабларда бепул тарқатилаётган китобларни эндиликда ўқувчиларга ижарага бериш орқали ҳал қилиш ниятида.
Ижара ҳаққиси эса ўқув китоблари сонини кўпайтиришга кўмак кўрсатишини, ўқувчилар ва улар ота-оналарига эса ижарага китоб олиш бозордан сотиб олишдан кўра арзонроқ тушишини айтади вазирлик вакиллари.
Ленинни ёрлақаган инглизча
Ўқитувчи Гулзат Матисакова Ўшнинг юқори синф ўқувчилари учун айниқса адабиёт ва инглиз тили китоблари етишмаслигини айтади.
Ўқувчилар китоблардан нусха кўчириб, уни китоб шаклида тикиб фойдаланишга чорасиз бўлмоқдалар.
Инглиз тили ўқитувчиси Нелла Питаева бу услуб ўқувчилар ота оналари чўнтакларига қаттиқ таъсир кўрсатиши мумкинлигини айтади.
«Ксерокўчирманинг бир вароғи уч сом, бу жуда қиммат. Болалар ўқишни хоҳлашади, айниқса инглиз тилини чуқурроқ ўргангилари келади, бироқ улар имкониятлари чекланган», —дейди Питаева.
Янги китобларни фақат ўзига тўқ оила фарзандлари сотиб олишлари мумкин, ҳисоблайди муаллим. Унинг айтишича, улар мактабида бепул китоблар бор, лекин улар жуда эски.
«Эски китоблар бор — улардаги мавзулар асосан социалистик инқилоб, Ленин ҳақида», —дейди у.
Уч кишига бир китоб
Қизи Ўш мактабларининг бирида ўқувчи Сардал Шамсиева ўз қизига ўзи китоб сотиб олиб беришини айтади.
«Китоб сотиб олиш учун мен йилига 1200 сом харажат қиламан. Битта китоб 150-250 сом туради. Болаларимиз яхшироқ билимга эга бўлишлари учун мактабдаги йўқ китобларни сотиб олишга мажбурмиз», — дейди у.
Мактаб ўқувчиси Мээрим Замир қизи сўзларига кўра, улар синфида бир китобдан уч ўқувчи фойдаланади.
«Авваллари китоб тақчиллиги сезилмасди, ҳозир эса билиниб қоляпти. Фикримча, бу масала биз учун глобал муаммога айланиб бўлди. Мен китобларни шахсий пулимга сотиб оламан, ўқиб бўлгач баъзиларини мактабга совға қиламан», —дейди у.
Суҳбат сўнгида эса Мээрим мактабида кўпчиликнинг ўқишга қизиқиши йўқлигини, китоб масаласи барча муаммони ҳал қилиши қийин эканини айтди.
Муаллиф: Бермет Мустафаева
Фото муаллифи: Куинн Домбровски, flickr.com