Олий суд Азимжон Асқаровга чиқарилган умрбод қамоқ жазосини ўз кучида қолдирди

1120


Сўнгги суд маҳкамаси ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаровга нисбатан туман ҳамда вилоят судлари чиқарган ҳукмни ўз кучида қолдирди. Судланувчи адвокати ва ҳуқуқ ҳимоячилари суд ҳукмидан норози эканларини, лекин ҳукм шундай бўлишини кутганларини айтдилар.

Азимжон Асқаров иши юзасидан суд бир неча марта қолдирилган, лекин бу сафар, 20 декабр куни Олий суд судланувчи иши юзасидан сўнгги қарорни чиқаришга киришди ва Асқаровга нисбатан Жалолобод вилоят суди чиқарган ҳукмни ўз кучида қолдирди.

Суд матбуот хизматида Олий суд қарори сўнгги қарор эканини ва у шикоят қилинмаслигини билдирдилар. Умрбод қамоқ жазосига Асқаровдан бошқа яна тўрт киши лойиқ топилди.

Бироқ, маҳкамада қатнашган «Голос свободы» ҳуқуқ маркази бошчиси Сардар Багишбеков суд ҳукми БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасига арз қилиниши мумкинлигини айтди.

Ҳуқуқ ҳимоячиси шунингдек суд ҳукми «сиёсий» тус олганини, ҳукм қандай бўлиши унга аввалданоқ маълум бўлганини таъкидлади.

«Ҳукм чиқариш учун жуда қулай вазият танлашди: Отунбаева ўз ваколатини топширди — у энди четда. Янги президент Атамбаев эса бу иш билан танишмас. Янги йилдан аввал барча халқаро ташкилотлар татилга кетишди, бу иш кўпчиликнинг назаридан четда қолиши мумкин», —деди Багишбеков.

Асқаров ҳимоячиси Нурбек Токтакунов «Голос свободы» раҳбари фикрига қўшилишини билдириб, суд ҳукми «кутилгандай» бўлганини айтди.

«Мен мазкур иш кўрилишини янги суд тизими шакллангунгача чўзмоқчи эдим», — деди адвокат.

Адвокат сўзларига кўра, судга раислик қилган Перизат Абакирова унинг талабига жавобан «лицензиядан маҳрум қилиш» билан пўписа қилган.

Азимжон Асқаров — Жалолободлик ҳуқуқ фаоли, ҳукумат тарафидан жанубдаги июн воқелари чоғида милиционер Миқтибек Сулаймановни ўлдирганликда, оммавий тартибсизликларни уюштириш ҳамда миллий низоларни қўзғашликда айбланган.

Суд ҳукми ўқилгандан кейин ҳуқуқ ҳимоячилари кенгаши Азимжон Асқаровнинг беайб эканлигини исботловчи хабар тарқатди.

Хабарда ёзилишича, Асқаров ҳимоячиси судга ўз ҳимоясидагига нисбатан қийноқлар қўлланганини тасдиқловчи бир қанча хужжатларни тақдим этган.

Бундан ташқари, судга чақирилган бир қанча гувоҳлар Азимжон Асқаровнинг милиционер вафоти пайтида ёнида бўлмаганини таъкидлаганлар.

Ишнинг давоми

Адвокат ҳозирда БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасига мазкур иш юзасидан Олий суд чиқарган ҳукмни халқаро даражада қайта кўриб чиқишни сўраб ариза тайёрлаётганини айтди.

Аввалроқ, декабр ойи бошида Қирғизистонга БМТнинг қийноқлар бўйича махсус котиби Хуан Мендес ташриф буюриб, Асқаровни умрбод қамоқ жазосига маҳкум этган қирғизистонлик ҳакамлар ишини «ошиқча оғир ва адолатсиз ҳукм» деб танқид қилган эди.

«Асқаров бир ўзи ертўлага хос оғир шароитда сақланмоқда», — деди БМТ котиби.

2011 йили Чехия ҳуқуқ ҳимоячилари жамияти тарафидан инсон ҳуқуқлари ва демократия ривожи учун қўшган улкан ҳиссаси эвазига Асқаров «Инсон инсонга» [Homo Homini] мукофотига лойиқ топилган.

Ҳуқуқ фаолини қўллаб нафақат Қирғизистонда, балки дунёнинг бошқа давлатлари, жумладан АҚШ ҳукумати Асқаров ишини адолатли кўриб чиқилиши кераклиги ҳақида баёнот тарқатгандилар.

Мақола муаллифи: Эльдияр Арыкбаев ва Любовь Шевченко