Қирғизистон таълим вазирлигининг хабар қилишича, 2012 йилдан Ўш вилоятининг барча олий ўқув юртлари Болон таълим бериш тизимига ўтади. Ўш олийгоҳлари мутасаддилари янги таълим бериш тизимига ўтиш ўқув юртларида коррупцияни камайишига олиб келишини билдирмоқдалар.
Таълим вазирлиги матбуот котиби Керез Жукеева икки босқичли Болон тизими жорий қилиниши билан олийгоҳларда коррупцияни бартараф қилишга яхши имкон туғилишини айтади.
«Болон тизими бўйича талаба ўзига муаллимни танлаш ва хоҳлаган кредитларини олиш ҳуқуқига эга бўлади», —деди матбуот котиби.
Болон тизими кредит тизими принциплари орқали ишлайди. Олийгоҳ йил давомида кредит дарслар тўпламини таклиф қилади ва ўз ўрнида талабалар ўзлари танлаган кредит дарсларига қатнашлари керак бўлади.
Икки босқичли Болон тизими бакалавриат ҳамда магистратурани ўз ичига олади. Талаба бакалавриатда тўрт йил ўқигач, ўз хоҳишига биноан магистратурада ўқишини давом эттириши мумкин бўлади. Бу икки босқични якунлаган талаба олий маълумотни тасдиқловчи дипломга эга бўлади.
Жукеева фикрича, янги ўқув тизимининг яна бир ижобий тарафи талаба ўз ўқитувчисининг чуқур билимга эга эканлигига шубҳа қилса доим уни алмаштириш имконига эга эканлиги.
«Бу ҳолда ўқитувчи умуман ишсиз қолиши мумкин», —деди у.
Ўш олийгоҳлари мутасаддилари ҳам таълим вазирлиги котиби сўзларига қўшилдилар.
ЎшДУ ректори Қанибек Исаковнинг айтишича, Болон тизими ҳар бир талабанинг ўз ўқишига янада масъулият билан ёндошишига олиб келади.
Ўш давлат ижтимоий университети проректори Топчубай Исаков фикрича, Болон тизими орқали берилган дипломлар хорижда ҳам ўз кучини йўқотмайди.
«Бошқа давлатлар ҳам дипломимизни қабул қила бошлайдилар. Ўқув тизимида унча катта фарқ бўлмагач, хорижлик талабалар ҳам бизнинг ўқув даргоҳларига топширишлари мумкин бўлади», —деди проректор.
Янги тизим фойда бермайди
Бошқа олийгоҳларда жорий қилиниши кутилаётган янги тизим 2005 йили ЎшДУнинг бизнес ва менежмент куллиётида йўлга қўйилган. Бироқ, мазкур куллиёт муаллими Нурлан Мурзакулов сўзларига кўра янги тизимни жорий қилиш факултетда порахўрликни озайишига олиб келмаган.
«Болон тизимида ўқувчининг мустақил иш олиб боришига урғу берлади, лекин бу тизим коррупцияга қарши курашишга ожиз», — дея ҳисоблайди муаллим.
Мазкур куллиёт битирувчиси Расул Осморовнинг айтишича, улар куллиётида Болон тизими талаб қилинган халқаро стандартларга жавоб бермайди.
«Бу тизим бизда тўлалигича йўлга қўйилмаган. Номи бор, сифати йўқ. Бизда ўқиш ҳалигача эски тизимда олиб бориляпти», —дейди Осмонов.
Бошқа талаба Искендер Маматкулов эса Болон таълим бериш тизими совет ўқитиш тизимидан талабаларнинг эркинроқ ҳаракатлари билан ажралиб туради.
Шунингдек бу ҳақда сўралган талабаларнинг аксари умуман бу тизим ҳақида маълумотлари йўқлигини кўрсатди.
Муаллиф: Бекболот Рысбай уулу