Қирнетда «Фэйсбук» ёпилиши ҳақида машъум хабар тарқади

812

Дунёнинг энг йирик ижтимоий тармоқларидан бири «Фэйсбук»нинг ёпилиши ҳақидаги овоза қирғизистонлик интренет фойдаланувчиларини саросимага солди. Бироқ, ижтимоий тармоқнинг раҳбарияти бу маълумотни рад этди.

Қирғизистоннинг КирТАГ агентлиги «Викли Ворлд Нюс»га таяниб ўз сайтида «Фэйсбук»нинг ёпилиши ҳақидаги маълумотни тарқатди.

«2012 йилнинг март ойидан бошлаб «Фэйсбук» ўз фаолиятини тўхтатади, чунки сайтни бошқариш жуда қийинлашиб кетди», – деб ёзди телеграф агентлиги.

КирТАГ Қирғизистонда мазкур маълумотни тарқатган ягона интернет манбаси эмас. Жумладан «КГинфо» сайти ҳам ҳудди шу ахборотни хориж манбаси «ВиклиВорлдНюс»га таяниб тарқатди.

«Шахсан мен буни ўзгача қарор деб баҳоламаймай ва бу яхшиликка эканига ишонаман. «Фэйсбук»сиз одамлар кўчага чиқишиб ўзларига ҳақиқий дўстларни қидира бошлайдилар. Бу жуда зўр», —дея «Фэйсбук» асосчиси Марк Цукерберг сўзларидан иқтибос келтирди манба.

«ВорлдНюс»нинг ўзи бу хабарни 2011 йилнинг март ойида чоп этган, бироқ мазкур хабар Украинанинг «Фокус» агентлигининг сайтида чоп этилгандан кейингина қирнетда машҳур тус олди.

Жорий йилнинг январ ойида Американинг Си-Эн-Эн ахборот хизмати «Машабл» ахборот блогига таяниб «Фэйсбук»нинг ёпилиши ҳақидаги маълумотни йўққа чиқарган эди.

Ижтимоий медиа янгиликларига бағишланган «Машабл» блоги мухбири тўғридан-тўғри «Фэйсбук» раҳбариятига мурожаат қилиб, ижтимоий тармоқнинг ёпилиши ҳақидаги шов-шувлар қанчалик ҳақиқатга яқин экани ҳақида сўраган.

«Фэйсбук»нинг коммуникация ва корпоратив алоқалар бўлими директори Ларри Йю сўровга жавобан йўллаган хатида бу маълумотни «ғирт ёлғон» деб атади.

«Биз ёпилишимиз ҳақида маълумот тарқатганимиз йўқ, биз доимо олға интилишга ҳозирмиз. Биз ҳар доимгидек ишлашда давом этамиз», –деб ўз твиттер-эккаунтида ёзди «Фэйсбук» раҳбарларидан бири.

Қирғизистонликлар муносабати

Айни пайтда машҳур Дизел форумида ижтимоий тармоқнинг яқин орада ёпилиши ҳақида янги мавзу очилди. Мавзу муаллифи — «Larcos» номи остидаги фойдаланувчи КирТАГ тарқатган маълумотга таянган.

Маълумот ўз исботини топмагани учун мавзу дарҳол форум маъмурияти тарафидан ёпилган. Бироқ мавзу бор-йўғи олти соат кун кўрганига қарамай уни 700дан ошиқ фойдаланувчи кўришга улгирган.

Шунингдек «Фэйсбук»нинг ўзида камида 10 қирғизистонлик ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари интернет-манбанинг ёпилиши ҳақидаги машъум хабарни ўзгалар билан улашганлар ва бунга ўз муносабатини билдирганлар.

«Бир тарафдан мен бунга хурсанд бўлсам, бошқа тарафдан жуда ҳафаман... Ахир мен учун Фейс яқинларим билан алоқада бўлишим учун муҳим восита», — дея «Фэйсбук» ёпилишини изоҳлади фойдаланувчи Тина Осмонгазиева.

«Фикримча, ёпилса ёмон бўлади. Мен фбдан ўз дўстларим билан мулоқот қуриш учун қўлланаман», –деб «Фэйсбук»даги саҳифасида ёзди Абдикерим Экиров.

Ижтимоий тармоқнинг бошқа фойдаланувчилари эса «Фэйсбук»нинг ёпилишидан хурсанд эканларини яшириб ўтирмадилар.

«Ва ниҳоят, энди ўқишга ҳеч нарса ҳалал бермайдиган бўлди», – деб ёзди фойдаланувчи Айбек Наринбеков.

Мақола муаллифи - Эльдияр Арыкбаев