Парламент 2012 йилдан бошлаб казино фаолиятини таъқиқлади

703

Жогорку Кенеш депутатлари 2012 йилнинг 1 январидан казино ўйин бизнеси фаолиятини Қирғизистон ҳудудида таъқиқловчи қонун лойиҳасини бир овоздан қабул қилдилар. Ўйин клублари эгалари эса қабул қилинган қонун 15 мингдан ошиқ одамни ишсиз қолишларини билдирмоқдалар.

Қонун лойиҳаси ташаббускори «Ар-Намис» партияси депутати Бақитбек Жетигенов бўлди.

Ташаббускор сўзлари кўра, мамлакатда ўйин клубларининг кўплиги жамиятда қиморга бўлган тобъе инсонларнинг кўпайишига ва уларнинг руҳий, ахлоқий сифатларининг бузилишига олиб келмоқда.

«Бу казинолар хизмат қилувчи шахсларнинг кўпчилигини ёшлар тузади», —деди депутат.

ҚСДП депутати Ирина Карамушкинанинг фикрича, парламент бу қарорни аввалроқ қабул қилиши керак эди.

Бироқ Жетигенов ҳампартиячиси Дастан Бекешев парламент қонун қабул қилишда унинг оқибати қандай бўлишини ўйламаганини билдирди.

У ўйин автоматларини мамлакатга олиб киришни таъқиқлаш ва давлат ичидаги автоматларни уч ой ичида мусодара қилишни таклиф қилганди.

«Биз шунчаки қонунни қабул қилсак, улар [ўйин бизнеси соҳиблари] яширин бизнесга ўтиб кетишади», —деди Бекешев.

Бошқа депутат Ширин Айтматова эса қонун қабул қилиниши билан давлатда ишсизлик кўпайиб кетишини билдирди.

Унинг фикрича, парламент таъқиқлашдан аввал ўйин клублари эгаларига алтернатива таклиф қилиши керак эди.

Ўйин заллари соҳиблари норозиликлари

Депутатлар мазкур қонун лойиҳасини муҳокама этаётган бир пайтда, Оқ уй олдида 700га яқин кишилар қонунни бекор қилиш талаблари билан норозилик акциясини ўтказдилар. Митингчиларнинг аксарияти ўйин заллари соҳиблари ва уларда ишловчи ходимлар бўлди.

Митингчилар депутатлар 15 минг одам тақдирини ўйламай қонун қабул қилмоқдалар дея билдирдилар.

«Агар барча казино ва ўйин клублари ёпилса, 15 минг одам ишсиз қолади», — дея қичқиришди митингчилар.

Митингчилардан бири, казино соҳиби Азат фикрича, давлат улар бизнесини таъқиқлашдан аввал алтернатива кўрсатиши керак.

Яна бир митинг иштирокчиси Назгуль эса казинодагидек катта маош бошқа ерда тўланмаслигини айтди.

«Карьерани ўстириш имкони бор», —деди норозилик акцияси иштирокчиси.

Отунбаева видео блоги

Ўйин клубларининг ёпилишига муносабатини Роза Отунбаева ўз видео блогида билдирди.

Президентнинг билдиришича, мазкур бизнес ман қилинган Қозоғистон, Россия ва Белорусия давлатлари бизнесменлари учун Қирғизистон энг қулай маконга айланган.

«Минг афсус, бироқ бизнинг давлат ушбу бизнес учун Ўрта Осиёдаги энг қулай маконга айланиб қолди», —деди Отунбаева.

Президент фикрига кўра, казино фаолияти жамиятга ўз салбий таъсирини кўрсатмоқда.

Бироқ Отунбаева мазкур бизнес тўлалигича ёпилса, муаммо янада чуқурроқ тус олишини айтиб ўтди.

«Нолегал бизнес кўпаяди, лекин йўқ бўлмайди», —дея ҳисоблайди мамлакат бошчиси.