Адвокат зўрлашга ҳаракат қилишда гумонланувчи ва жабрланувчи ўртасидаги хатни эълон қилди. Бунинг нимаси нотўғри?

268

13 июлда Бишкек шаҳар суди зўрлаш ҳаракатида гумон қилинаётган Табиий ресурслар вазирлигининг собиқ ходимини уй қамоғига олди. Ўша куни кечқурун унинг адвокати Замир Жоошев ўз мижозининг жабрланувчи билан ёзишмаларининг скриншоти билан пост чиқарган, унда гумонланувчи «ҳеч нарса қилган» эмас деб билдирган.

«Клооп» медиа мутахассис Бегайим Замирбек билан биргаликда Жоошевни постининг нимаси нотўғри эканини айтиб беради.

Нима бўлди?

22 июнь куни Бишкекда милиция зўрлашга ҳаракат қилганлик гумони билан Табиий ресурслар вазирлиги қошидаги Биоресурслар бошқармасининг собиқ раҳбарини қўлга олган. Жабрланувчи қиз милицияга воқеа 14 июндан 15 июнга ўтар кечаси Тўқтоғул ва Ибраимов кўчалари чорраҳасида тўхтаб турган машинада содир бўлганини айтиб берган.

Гумонланувчи қўлга олинган куни оммавий ахборот воситаларида видеокузатув камераси тасвирга олган видео тарқалган. Видеода йўлтанламаснинг ичидаги эркак қизни уриб, у билан олишаётгани кўриниб турибди. Кейинроқ қиз машинадан йиқилиб тушиб, ҳужум қилаётган кишини оёғи билан ўзидан узоқлаштиришга ҳаракат қилади. Эркак киши эса қизнинг қўлини қайриб ерга судрайди. Эркак кишиниг шими бир неча марта тушиб, охири уни тортиб, зўрға тугмаларини қадайди. Шу пайт қиз эмаклаб ундан қочишга ҳаракат қилади, лекин эркак уни тўхтатиб, бир жойда ушлаб туради.

Қиз чўкалаб, ерга ётган пайтда эркак машинага яқинлашиб, у ердан бир нарсаларни олиб чиқиб ерга қўйгандан сўнг, телефонини олиб фонарини ёқади. Шу билан икки дақиқага етмаган видео узилиб қолади.

Жабрланувчининг аризасига кўра, Свердлов тумани милицияси «Жиноят содир этишга уриниш» ва «Зўрлаш» моддалари асосида жиноят иши қўзғаган.

Бироқ 13 июлда Бишкек шаҳар суди «ишнинг ҳақиқий ҳолатлари ва айбланувчининг шахсини инобатга олган ҳолда» эркак кишини уй қамоғига чиқарган.

Жоошев нималарни ёзган?

Гумонланувчининг адвокати, собиқ президент Алмазбек Атамбаевнинг тарафдори сифатида танилган Замир Жоошев 13 июль куни кечқурун ишнинг «тафсилотлари»ни ўз ичига олган постини эълон қилган, унда шаҳар суди унинг мижозини «қонуний ва асосли» уй қамоғига чиқарганини таъкидлаган.

У эълон қилган постда ишнинг фигурантларини воқеа содир бўлган куни ёзишмаларининг скриншоти ҳам бор эди — унда улар учрашувга келишишган. Шу билан бирга, скриншотда қизнинг исми яширилмаган. Жоошев фейсбук фойдаланувчиларининг қаттиқ танқидидан сўнг скриншотларни ўчириб ташлаган ва қизнинг исми яширилган вариантини юклаган.

Жоошев постининг ўзгариш тарихи

Адвокат версиясига кўра, унинг мижози қиз билан бир йилдан ортиқ таниш бўлган, у билан муносабатда бўлган, қизнинг қариндошлари билан ҳам танишиб, «уйланишни режалаштириб» юрган. Адвокатнинг ёзишича, қиз ўша куни ўз ихтиёри билан машинада бўлганини, оёқ кийимини ечиб, орқа ўриндиққа ўтирганини, эркак киши эса унинг олдига борганини ёзган. Шундан сўнг уларнинг ўртасида «қандайдир бир сабаблар туфайли» жанжал чиқиб кетган.

«[Гумонланувчи] Бека қизни уйига олиб бориб қўйишни таклиф қилган. Бироқ қиз унинг гапига қулоқ солмай, бирдан йигитни ура бошлаган, натижада йигит уни машинадан чиқариб, машинадаги нарсаларни берган ва қиз уйигача ўзи пиёда кетган. Йигит қиз уйига кирганига ишонч ҳосил қилгандан кейингина уйига кетган», — деб ёзган адвокат.

Жоошев 15 июнда жабрланувчи унинг мижози устидан ариза берганидан сўнг, у милиция бўлимига «ўзи» келиб кўрсатма берганини ҳам қўшимча қилган. Ўша вақтда униг фикрича, туман ИИБ ходимлари «айбсизлик презумпцияси тамойилини бузиб, у йигитга нисбатан жамоатчилик фикрини шакллантириш учун» видеокузатув вақтида олинган видеони журналистларга бериб қўйишган.

«[Видеода қиз] машинадан тушганидан кейин ерга ётган ва ётган ҳолатда сочларини тўғрилаб, йигитга қараб қўлини силкитиб, нимадир деяпти. Бошқача айтганда, қиз унга қўрқинч туғдирди деган йигитдан ҳеч қайга қочиб кетмаган», — деб ёзган адвокат.

Унинг сўзларига кўра, унда айбланувчининг фойдасига «муҳим далилларни ўз ичига олган» иккита видеофайл мавжуд ва улар Свердлов туман ИИБ терговчиси Рустам Кубаничбековга ҳам берилган. Юрист Кубаничбеков шунга қарамай, «ариза берувчининг айтган сўзлари билан йигитнинг шимининг тугмаси қадалишидан бошқа нарсага эътибор бермаяпти» деб ёзган.

Шунингдек, Жоошев жабрланувчи қизнинг адвокати билан ёзишаётганда қиз «ўзини ерга урганида» ўзини-ўзи жароҳатлаб олиши мумкин деб тахмин қилиб, «видео далилларни» эълон қилиш билан таҳдид қилган.

Жоошевнинг жабрланувчи олган жароҳати бўйича адвокати ёзган изоҳига жавоби

Бундан ташқари, Жоошев гумонланувчини ТИЗОга қаматиш учун видео чиқарган милиция ходимларига нисбатан МХДҚга шикоятини тайёрлаётганини ҳам билдирган. Юрист терговчи Кубаничбековни унинг «бепарволиги туфайли» воқеа акс этган видеоёзувнинг тўлиқ версиясини ўчиб кетганига ва зўрлаш ҳаракати бўйича жабрланувчи билан гумондорни юзлаштирмаганликда айблаган.

Жабрланувчи қиз нима дейди?

Жабрланувчи MediaHub’нинг журналистларига берган интервьюсида гумондор билан бир йилдан бери танишлигини ва сўнгги вақтларда у билан муносабатда бўлганини тасдиқлади, бироқ у уйланиши ҳақидаги айтганда «розилик бермаганини» билдирди.

Қиз 14 июнда бўлган воқеа бўйича ўзининг версиясини айтиб берди.

«Биз [гумондорнинг машинасида] қучоқлашиб, ўпишиб ўтирганмиз. Кейин у мени тиззасига ётқизди, ётганимда бироз кўзим илиниб кетибди. Шунда унинг [жинсий] органини ҳис қилдим албатта бу менга ёқмади. У буни бир неча марта қилишга ҳаракат қилди. Мени аччиғим келди: “Нимага бундай қиляпсан?” — деган саволни бердим», — деб жабрланувчи журналистларга айтиб берди.

Қизнинг айтишича, у йиғлай бошлаганда эркак киши уни жим қилишга ҳаракат қилиб, ура бошлаган ва машинанинг эшигига бошини қаттиқ бир урган.

«У мени дуч келган жойга ура бошлади, мен ҳимояландим. Тўполон бўлиб кетди, у жаҳл билан тўғри келган томонга [урган], мен ҳимояландим. Мени эсимда фақат “Тинчлан деяпман. Тинчлан!» — деб тинчлантиришга ҳаракат қилди», — деди қиз.

Ариза ёзган қизнинг айтишича, гумондорнинг адвокати айтгандай эркак кишини урмаган, фақат қочиб кетишга ҳаракат қилган. Машинадан қулаганда гумондор унинг «қўлини қайриб, ерга судраган». Кейин у машинадан қизнинг нарсаларини олиб чиқиб, «ўзини ҳимоя қилиш учун» телефонга тасвирга ола бошлаган.

Қиз ўтиб кетаётган одамларнинг бирортаси ҳам ёрдам бермаганини айтди. Олган жароҳатларини журналистга айтиб берди: «бошдан қаттиқ жароҳатланиб, оёқ-қўллари кўкариб, сидирилган, бурун суяги ичидан, жилишсиз синди».

Жабрланувчига чиққан тиббий экспертизанинг хулосаси

Қиз гумондор ТИЗОда бўлган вақтда ҳам ўзини хавфсиз сезмаганини, бу одам уй қамоғига чиқарилгандан кейин бундан ҳам хавфли бўлиб қолганини айтди.

«Қариндошлари, дўстлари ва хоҳлагани уйга келиб кетишди. [...] Биз билан учрашиб, ярашишини исташди, керак бўлса “Қандай шарт қўйсангизлар? Нимани истасангиз?”», — деб жабрланувчи билдириб, гумондорнинг танишларидан бири унга «унинг катта танишлари борлигини ва барибир пробация билан қамоқдан чиқишини», қиз охирида ўзи уят бўлишини айтганини билдирди.

MediaHub’нинг журналистлари ўз видеосида гумондорнинг фейсбук саҳифасини кўрсатган, унда иши деган жойда табиий ресурслар вазирлиги билан ИИВ белгиланиб, милиция формасидаги суратлари кўрсатилган. Шунингдек, журналистлар гумондор детектив агентликнинг асосчиси бўлганини аниқлашган.

«Ҳужум қурбонини дискредитациялаш»

Жабрланувчининг адвокати Бексултан Осмонов MediaHub’нинг журналистларига қизнинг шахсий маълумотларини суд қарори чиққунча эълон қилган Жоошевнинг ҳаракати этикага тўғри келмайди деб билдирди.

«Иш битмай туриб ҳаммасини чиқаришди. Буни мен ўзимнинг [Жоошевнинг фейсбукида берган] жавобимда ҳам кўрсатдим. Бу этикага тўғри келмайди деб. [Қизни] қаерда ишлашини маълум қилди, биринчи киритгандан кейин номини ўчирмади, кейин исмини ўчириб қўйди. Кейин бундай машҳур одамлар кўп деди», — деди Осмонов.

Уруш ва тинчликни ёритиш институтининг (IWPR) ҳудудий дастурлар менежери Бегайим Замирбек Жоошевнинг постини «мижознинг қилган зўрлаш ҳаракатини оқлаш мақсадида жабрланувчини қоралаш бўйича ахборот кампанияси» деб атади.

«Бу билдирув бизнинг жамиятдаги зўравонликдан жабрланганларни дискредитациялаш учун классик манипуляцияга тўлган», — деб ҳисоблайди у.

Замирбек Жоошев «уйланиш ёки уйланиш режаси — бу қизлар учун хавфсизликнинг кафолати бўлмаслигини» мижозининг ариза берган қизга уйланиш ниятида бўлган деб ҳимоя қилишга ҳаракат қилмоқда деб тушунтирди.

«Бу қизга уйланмоқчи эдим, демак унга зарар бермасдим деган риториканинг бари — қуруқ гап. Масалан, “Азаттиқ”даги бир мақолада бир аёл турмуш ўртоғи томонидан зўрланганини исботлашга ҳаракат қилганда, милиция шунчаки масхара қилиб кулиб қўйганини айтади. Сабаби ўлкадаги милициянинг тушунчасида эри томонидан зўрлаш мумкин эмас», — дейди медиаэксперт.

Шунингдек, у оилада зўравонлик қилганларнинг 95%ни эркаклар ташкил қилган миллий статистика қўмитасининг 2022 йилдаги маълумотига ҳавола берди.

Шунингдек, Бегайим Замирбек «Клооп»нинг фемицид ҳақидаги суриштирувини айтди. Унда Қирғизистонда аёлларнинг кўпчилигини уларнинг яқин одамлари: турмуш ўртоғи, ҳамкори, дўстлари ва қариндошлари ўлдиргани кўрсатилган.

Бундан ташқари, медиаэксперт Жоошевнинг қиз машинадан қулаб тушгандан кейин «қочишга ҳаракат қилмай» ерга ётиб олди деган сўзига ҳам изоҳ беди. У одамнинг қўрқувга бўлган реакциясининг «ур, қоч, қотиб қол ёки таслим бўл» тўрт турини эсга солди.

«Қотиб қол ва таслим бўл — деганимизнинг қўрқувга энг популярли реакцияси бўлиб саналади. Сабаби баъзан бақириб ёки қочишга қараганда қотиб қолиш хавфсизроқ бўлади. [Жоошевнинг] энг асосий манипуляцияси — бу гумондорнинг шимини тугмаси қадалмай қолгани деб айтиб, видеодаги каби шими ечилиб қолганини, йигит қизни калтаклаётганини билдирмаслиги», — деб ҳисоблайди медиаэксперт.

Бегайим Замирбекнинг фикрича, Жоошев ўз мижозини ҳимоя қилмоқчи бўлиб виктимблеймингга — зўравонлик учун жабрланувчини айламоқда.

«Бу адвокат матндатўғридан-тўғри бўлмаса ҳам, умум айтган сўзи билан қиз йигит билан таниш бўлганини, улар гаплашиб юрганига имо қилмоқда. “Қиз нима иш қилаётганини билган. У йигит билан таниш бўлган. Қиз машинада йигит билан ёлғиз эди, демак қиз айбдор”, — деб. Адвокат зўравонликда биргина зўравонлик қилган одам айбдор бўлишини унутмоқда. Бўлди, шу ерда сўз битади», — дейди у.

Замирбек Human Rights Watch ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотининг Қирғизистондаги оилавий зўравонлик бўйича ҳисоботидаги маълумотларга таяниб, республикада турмушга чиққан аёлларнинг 28% эри томонидан зўравонликка учраганини эслатди.

«Қирғизистонда оила қурган аёлларнинг деярли 30% оиладаги зўравонликка учраган, сабаби эркаклар аёлига қўл кўтаришга ва зўрлашга ҳақлимиз деб ҳисоблашади. Бу ерда адвокат Жоошевнинг мижози қиз билан таниш бўлгани учун қизнинг танасига тегишга ҳақли деб ҳисоблагани каби. Йўқ, жинсий алоқага розилик бундай бўлмайди. Бу давлатнинг президенти мухолиф сиёсатчиларни унга қарши бўлгани учун қамашга ҳақли деган фикр билан баробар», — деб сўзини якунлади Бегайим Замирбек.