Битирувчилари аттестат ололмаётган «Ай Кью» хусусий мактабининг атрофидаги можаро

119

Тўқмоқда «Ай Кью» хусусий мактабини битирган ўқувчиларнинг ота-оналари «Клооп»га мурожаат қилиб, болалари шаҳодатнома ололмаётганидан шикоят қилишди. Йиғилганларнинг айтишича, таълим вазирлиги билан мактаб орасидаги «тушунмовчилик» сабаб болалар аросатда қолди.

Таълим вазирлигидан эса «Ай Кью» мактабининг экстернат йўли (бир йилда 2 синфни битириш) билан ўқитишга лицензияси йўқлигини билдиришди. Шунингдек, ўқувчиларнинг ота-оналари, адвокат ва ўқитувчилар иштирокидаги махсус комиссия бир қанча қонунбузарликларни аниқлаган.

Нима бўлди?

Баҳор бошидан бери Тўқмоқ шаҳридаги «Ай Кью» хусусий мактабининг экстернат усули билан тугатган 84 ўқувчининг ота-онаси вазирликка, жамоатчиликка ва ОАВга мурожаат қилиб, болаларига шаҳодатнома олишга ёрдам беришни сўрашган.

Ота-оналарнинг айтишича, болалари умумреспублика тестидан ўтиб, ОЎЮга топширадиган бўлганда, мактабнинг лицензиясига боғлиқ масала сабаб шаҳодатнома олишмаган.

Ота-оналрнинг мурожаатига таълим вазирилиг реакция қилиб, «Ай Кью» хусусий ўқув-тарбия комплекси кундузги ва сиртқи ўқув формасига лицензия олганини, аммо экстернат (бир йилда 2 синфни битириш) бўйича лицензияси йўқлигини маълум қилган.

Вазирлик мазкур мактаб бунгача экстернатга лицензия олиш бўйича икки марта ариза берганини, аммо талабга мос шароити бўлмагани учун лицензия берилмаганини қўшимча қилган.

«Қирғизистон бўйича бу йил 152 ўқувчи экстернатга ариза бериб, уларнинг 108 танловдан ўтган. “Ай Кью” ўқув-тарбия комплекси 84 ўқувчини экстернатга лицензиясиз ўқитган. Одатда, экстернатга жуда яхши ўқиган, билими билан ўзи тенгқур ўқувчилардан фарқ қилган ва икки йиллик дастурни бир йилда ўзлаштира олган ўқучилар қабул қилинади. Лицензияси йўқ бўлгани сабаб Таълим ва фан вазирлиги ўқувчиларга шаҳодатнома беролмайди ва улар олийгоҳларга қабул қилинмаайди», — деб ёзилган билдирувда.

Бундан ташқари, вазирлик «Ай Кью» бир йилда икки синфни битириш учун 84 ўқувчининг ота-онасидан ҳар биридан 60 минг сомдан 75 минг сомгача (тахминан умумий олти миллион сомдан ортиқ) пул олгани ноқонуний эканини таъкидлаган. Бу пуллар фуқароларга қайтариб берилиши керак деган вазирлик, ҳуқуқни ҳимоя қилиш идораларини масалага эътибор қаратишга чақирган.

«Таълим ва фан вазирлиги ўқувчиларнинг ҳеч қандай айби йўқ деб ҳисоблайди ва ўқувчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилади. Ўқувчиларнинг давлат мактабларида 11-синфни қонуний ўқиб тамомлаши учун имкон яратиб берамиз», — деган вазирлик.

Шунингдек, «Ай Кью» мактабининг фаолияти қанчалик қонуний эканини аниқлаш учун махсус комиссия тузилганини билдирган.

Мактаб раҳбарияти қандай фикрда?

«Ай Кью» хусусий мактабининг директори Мадина Кубаева ўтган йили ҳам ўнлаб болага шаҳодатнома берилганини, бунгача лицензия бўйича ҳеч қандай масала бўлмаганини айтмоқда.

Унинг айтишича, шахсий дело, журнал, битирувчиларнинг УРТнинг маълумотлари, юридик рўйхатдан ўтганлиги ҳақидаги гувоҳнома, лицензия, аккредитациялаш ҳақидаги гувоҳнома, таълим вазирлиги томонидан имзоланган ташкилотнинг устави, ўқув режалари ва бошқа ҳужжатларни комиссияга ўтказиб берган.

Директор вазирлик болаларнинг билим олиш ҳуқуқларини бузмоқда деб ҳисоблайди. У вазриликнинг болаларни бошқа мактабнинг 11-синфига киритиб, қайта ўқитиш қарори муаммони янада кескинлаштираётганини қўшимча қилди.

«Сабаби болалар 11-синфнинг дастурини битиб, билимини тасдиқлаб, УРТдан яхши балл олиб, ОЎЮларига топшириши керак. Лицензия, Таълим вазирлигининг комиссияси – буни болаларга алоқаси йўқ. Таълим вазирлиги ва мактаб иши сабаб болаларнинг бир йил умри зое кетмаслиги керак», — дейди у.

Кубаеванинг адвокати Тимур Иманкулов «вазирлик лицензиялаш ҳақидаги қонунни бузаётганини» айтади. Шунингдек, адвокат вазирлик «Ай Кью»нинг ишига «эътиборсизлик қилган, агар мактабнинг қонунбузарликлари бўлса, аввалроқ билдириши керак эди» деган фикрда.

Вазирликнинг жавоби

Вазирлик махсус комиссиянинг айрим ишлари бўйича 25 июлда матбуот анжумани ўтказган.

Комиссия текширув ўтказганда мактабники деб кўрсатилган манзилда ИСИТО коллежи жойлашганини, ўқитувчилардан ёки раҳбариятидан ҳеч кимни учрата олмаганини маълум қилган.

Бундан ташқари мактабнинг ўқувчилари Тўқмоқдаги ИСИТО коллежини ва Бишкекдаги Евразия университетининг синфларида ўқиб келганлиги ва бошқа бир неча ноқонуний фактлар фош бўлган.

Муассаса «Ай Кью» хусусий мактабининг ўтган йилги 19 битирувчисига шаҳодатнома қандай берилганини аниқлаш учун ҳуқуқ органларига мурожаат қилганини билдириб, айбдорлар аниқланса қонун доирасида жазоланишини айтган.

Вазирлик ўқувчиларнинг давлат мактабларида 11-синфни қонуний битириши учун имкон яратиб беришини яна бир марта таъкидлаган.

Асосий саҳифага иллюстратив сурат қўйилди.