Қирғизистонда ёз тимсоли бўлган «шўрочи эжелар»нинг ҳаёти ва орзулари

275
Сурат: Акилай Курманова, «Клооп» учун.

Бишкекнинг жазирама иссиғида қаерга бориб чанқоғимизни қондиришни барчамиз биламиз: шаҳарнинг тор кўчаларининг чорраҳасида “максим”, “чалоп” ва “квас”га тўлдирилган бочкалар доимо бўлади. Компания логотипи туширилган қуёшдан ҳимоя қилувчи соябон олдида жилмайган истарали опалар (эжелар) салқин ичимлик сотиб ўтиришган бўлади. Фақат Қирғизистонда мавжуд бўлган бу ичимликни стаканга лим қилиб қуйиб беради, пули эса жуда арзон. Бу кенг феъл хонимлар кимлар? «Клооп» мухбирлари шаҳар бўйлаб шўро сотаётган опа-сингилларнинг «ҳол-аҳволи»ни сўраб чиқишди.

90-йиллар бошида ака-ука Эгембердиевларнинг «Шўро» компанияси миллий ичимликларни кенг сотишда пешқадам бўлган.

«Шўро»нинг асосчилари Таабалди ва Жумадил Эгембердиевлар

Бугунги кунда миллий ичимликни рақобатчи компаниялар, масалан, Артезиан компанияси ҳам сотади, лекин барчаси халқ орасида «шўрочи эжелар» деб аталиб қолган.

«“Шўрочи эжелар” деган бизнинг қулоғимизга яхшироқ эшитилади. Кўп яхши сўзлар айтилади: “Кузда шўрочи эжелар”нинг барчаси иссиқ томонларга учиб кетди, деб. Яна [ишлагани] чиқиб қолсак, элнинг ҳаммаси хурсанд бўлади: “шўрочи эжеларимиз” чиқишди, бу баҳор келганидан дарак» — дейди Қуйи Жалдаги бочкалар ёнида бемалол жойлашиб олган Махира опа (исми ўзгартирилган).

«Ичимлик қуйиб бериш бир ерни ювиб-тозалаш каби қийин иш эмас, бу осонроқ»

Гулқайир эже 35 ёшда - унинг ёши айни пайтдаги Бишкекдаги ҳаво ҳароратидан бир оз пастроқ. Чуй проспектидаги «Детский мир» савдо маркази қаршисида қизил рангли махсус кийим кийиб ўтирган бу аёл — ҳақиқий салқинлик рамзига ўхшайди. Гулқайир ёқимли жилмайиб, иссиқдан чанқаган мижозларга ичимлик қуйиб узатяпти.

Сурат: Акилай Курманова, «Клооп» учун.

«Ишнинг энг мароқли томони – мижозлар билан мулоқот қилиш, – дейди Гулқайир мижозларни кутиб олар экан. - Қувноқ. Қаранг. Мисол учун, сиз бир жойда тозаловчи бўлиб ишладингиз дейлик-а? Ҳожатхоналарни, ҳамма жойда тозалаш керак, бу сизни безовта қилади тўғрими? Унинг ўрнига шу ерда ўтириб ишлайсиз. Бу жой тоза, фақат бўлгани [ичимлик] қуйиб берасиз. Ҳатто бирор жойни ҳам тозаламайман. Ичимлик қуйиб бериш осон ҳам. Қуйиб бериб, мижозни хушмуомала билан кузатиб қўясан. Тўғрими?»

Гулқайирнинг айтишича, мижозларга қандай муносабатда бўлиши унинг ишининг асосий қоидасидир.

«Ҳар бир мижоз билан мулоқот қилишингиз керак. Ҳеч бўлмаганда «ош бўлсин» дейсиз. Ҳеч нарса дея олмайсиз. Сиз муқаррар равишда, масалан, «келиб туринг» ёки «кунингиз хайрли ўтсин» дейсиз (кулади). Яқин атрофда ҳаммом бор, баъзида идишларини олиб келишади, шунда “Қушдай енгил бўлинг” деб айтаман, шундай», — дейди Гулқайир.

Унинг айтишича, харидорлар сони йил сайин ортиб бормоқда: миллий ичимлик ёшлар орасида машҳур бўлиб бормоқда.

«Ҳозир, ёшлар кола ёки фантани унчалик ичишмаяпти, деб ўйлайман. Кўпинча улар чалоп, аралаш сотиб олишларини пайқадим. Мисол учун, максимни асосан шаҳарлик қизлар сотиб олишади. Улар ўзимизнинг махсулотни ёқтиришлари жуда ёқимли. Илгари [асосан] аралаш, максим, ёрмани катта кишилар ичишган. Ҳозир бўлса қизлар, мактаб ўқувчилари ҳам ичишади», — деди хурсанд бўлиб Гулқайир.

Гулқайир тўрт йилдан бери миллий ичимликни қуйиб ишлайди. Чуй шоҳ кўчасидаги «Детский мир» савдо маркази рўпарасидаги тармоққа резерв туфайли келган. «Резерв» деб компанияда ишловчи аёллар таътилга чиққунича ёки ишдан бўшагунга қадар навбатда турган ишчилар рўйхатини аташади.

Гулқайир эраталаб соат 07:00 дан кечки 19:00 гача, деярли дам олишсиз ишлайди. Бу жуда кўп вақт, лекин яхши мижозлар дуч келса 12 соат билинмай ўтиб кетади, дейди у.

«Эрталаб кимдир кайфиятингизни бузади, кейин кун бўйи ўйланиб, қийналиб чиқасан. “Бир эжени хафа қилиб қўйдим”. Ёки кимдир мени хафа қилади. Баъзида мастлар келиб “ текинга шўро бер” дейишади. Ҳозир ишламасдан ичиб юрганлар кўпайиб кетмади-ми?», — дейди у.

Бироқ, Гулқайирнинг бир қоидаси бор: у ишсиз юрган ёшларга текинга ичимлик бермайди - улар ишлаб пул топа олишади.

«Баъзида [бепул ичимлик қуйиб бер деган] одамга қарайман. Агар у ёш бўлса, у дангаса эканлиги билинади. Мен қуйиб бермайман. “Ишла” дейман. Мен ҳам операциядан кейин ишлаяпман. Баъзан жуда кекса отахон, онахонлар бўлса, уларга албатта, қуйиб бераман».

Пули йўқ кексаларга баъзан миннатдорчилик сифатида харидорлар қолдирган пул ҳисобидан ичимлик қуйиб беришади. Баъзи мижозлар пулларини қайтимини олишмайди, шундай қилиб кечгача унчали кўп бўлмаса ҳам, кўп пул йиғилиб қолади.

«Ҳа, мен қуйиб бераман, чунки пулни қайтимини қолдириб кетишади. Кечқурун унчалик кўп бўлмаса ҳам, лекин бир оз пул қолади».

Қаҳрамонимиз кунлик эҳтиёжига шундай пул топади: «чой пули»  деб қолдирилган пул ва маоши. Оиламни боқишга етади, дейди у. Гулқайирнинг уч фарзанди бор, энг кичиги бу йил тайёргарлик синфига ўқишга кирган.

«Тўғрисини айтсам, маошни билмайман, ҳали олганим йўқ. Лекин ўтган ой май ойида уч кун ишлаб, 2700 сом олганман. Шунда кунига тахминан 800 сомга яқин бўлади , — деб ҳисоблади суҳбатдошимиз. - Менга ишим ёқади. Иссиқми, совуқми, ёмғир бўлса ҳам чидайман».

Гулқайирнинг яшайдиган жойи ва болаларига қаровчи одам бор. Турмуш ўртоғи иккаласининг уйи бор, болаларини қарагани [синглиси] ва қайнонаси ёрдам беради.

«Баъзилар иссиқда нон топиш учун ўтиришади, деб ўйлайди [...] Худога шукур, ҳамма каби уйимиз, машинамиз бор. Лекин негадир бу иш мени ўзига тортади. Ростини айтсам, нега буни билмайман».

Гулқайирнинг сўзларига кўра, авваллари «шўрочи эжелар» меҳнат шартномаси билан ишлаган бўлса, энди улар патентга ўтишган. Лекин бу суҳбатдошимиз учун муаммо эмас: «Меҳнат шартномасидан патентга ўтгандан кейин ҳеч нарса ўзгармади», —дейди у.

Таътил деган нарса йўқ, илтимос қилиб ёки касал бўлиб қолсангиз, дам олиш мумкин.

«Ўтган йили операция бўлганман, касалхона пулини тўлаб беришган», — дейди у.

Гулқайир бу ишда дам олмасдан ишлаш мумкин, кейин ойлик яхши чиқади деб тушунтирди. У жуда чарчаганида ва «яхши ухлашни» хоҳласа, дам олиши мумкин.

«Савдо жуда яхши бўлса, чарчаб қоласизда [...] Мана, эртага дам олиш кунини олсаммикин, деб турибман, лекин ола оламанми, йўқми билмайман. Агар [захирадаги] аёллар етарли бўлмаса, “бировни топгунча икки-уч кун чидаб туринг” дейишлари мумкин. Хоҳласангиз, чарчамасангиз, бир ой танаффуссиз ишлашингиз мумкин. Шунга кўра маош ҳам яхши чиқади», — деди суҳбатдошимиз.

Аммо бу вақтинчалик иш. Қушларга ўхшаган «Шўрочи эжелар» қуёш исиши билан кўчага чиқишади, совуқ тушганда эса «жанубга учиб кетишади». Гулқайир учун «Жануб» бу «Дордой Плаза» савдо марказида ишлаш. Суҳбатдошимиз у ерда куз-қишда ишлайди.

«Мен савдони яхши кўраман, тажрибам ҳам кўпроқ. “Плаза”да аёлларга тегишли буюмларини сотардим. Кейин болалик бўлиб уйда ўтириб қолдим. Мен уларни катта қилиб, боғча ва мактабга бердим. Энди яна “Шўро”га келдим».

«Менга ёққани учун қайтиб келдим»: Гулқайир одамлар билан тез тил топишиб кетади, бу ерда мижозлар билан мулоқот қилиш мумкин, маоши яхши тўланади, иши ҳам тоза, қийин эмас. «Бошқалардан ҳам интервью олдингизми? Ёки улар рози бўлишмаяптими? Менга барибир. Уларнинг баъзилари тилни [русчани] билмайди, бундан уялишса керак. Мен ҳам яхши билмайман, лекин тушунтиришга ҳаракат қиламан».

«Шўро»га кириш учун қийин кастинг

Шаҳарнинг жанубий қисмида эса – катта йўл бўйлаб «Глобус» рўпарасида Анара опа ўтиради. У 46 ёшда, 2000 йилдан буён «Шўро» компаниясида ишлайди. Бу унинг биринчи иш ўрни. Ўша пайтда талаблар қатъий эди: ишга фақат 18 ёшдан 25 ёшгача бўлган қизлар қабул қилинарди.

«Ташқи кўринишга қарайди, биз мажбурий тиббий кўрикдан ўтамиз. Ҳозир 18 ёшдан 50 ёшгача бўлганларнигина қабул қилишади, — деб сўзини давом этди суҳбатдошимиз. — Ҳозир 50 ёшдан ошган янги ходимлар қабул қилишмайди. Ҳозир ҳам мунтазам тиббий кўрикдан, машғулотлардан ўтамиз.

Компаниянинг ичида [маърузалар учун] махсус хонамиз бор. Дарсни Жумгал исмли ўқитувчи олиб боради. Алтинай деган қиз ҳам бор, у бизнинг ташқи кўринишимизни, мижозларга муносабатимизни [қандай бўлиши кераклигини] ўргатади ва тушунтиради. Биз буни биламиз, лекин барибир буни ҳар йили такрорлаймиз, [бу дарслар] мажбурийдир».

50 ёшдан ошган опа-сингиллар анчадан бери ишлайдилар. Ҳозирда бу ёшдаги аёлларнинг ишга жойлашиши қийин ёки деярли имконсиз.

Анаранинг айтишича, янги ходимларни ўқитиш вақтида улар қирғиз ва рус тилларини билишларини албатта текширадилар. Аёллардан мижозлар билан мулоқот қилиш қоидаларини билишлари сўралади.

«Чидай олмаган баъзи қизлар кетиб қолишади, ёш қизлар. Эндиликда, шунинг учун ўғил болаларни [ишлаш учун] ишга олишмоқда [...]. [Тез орада] тунги смена очилади ва улар боғларга жойлаштирилади. 18 ёшдан ошган болалар қабул қилинади. Қўрқмаслик керак, чунки улар одамлар орасида бўлади. Бу бизнинг маҳсулотларимизни ҳозирги шароитда сотишдаги бир йўналиш», — дейди у.

Тушлик учун компания эжеларга 20 дақиқа вақт беради. Бу вақт ичида улар яқин атрофдаги ошхонага борадилар ёки уйдан олиб келинган овқатни истеъмол қиладилар. Иссиқда суюқ овқатни олиб келиш ва сақлаш жуда қийин, шунинг учун улар одатда бутерброд ёки қуюқ овқат олиб келишади.

«Компания ҳар куни 100 сомдан беради, кассадан. Кейин иссиқда сув беради, бир литр “Легенда”, газсиз. Агар пулимиз етмаса, ўз чўнтагимиздан қўшиб тушлик қиламиз», – деди Анара.

Ҳожатхонага бориш учун «шўрочи эжелар» иш жойига яқин савдо марказлари, кафе ёки гўзаллик салонларига борадилар.

«Асосийси бизда [ҳожатхонага ёки тушлик қилиш учун] формада бориб бўлмайди. Мен биринчи формада бориб, улар билан танишиб келаман, кейин эса формасиз бораман [...] Соябонни туширамиз, кассадаги барча пулларни ўзимиз билан олиб, сумкамизни ёнимиздаги бировга топширамиз ёки уни биров ололмайдиган қилиб йиғиб қўямиз. Худо сақласин, ҳозирги кунгача ҳеч ким тегмади, шунча йилдан бери [ишлаб] келяпман. Агарда яқин атрофда кафе бўлмаса, дорихона ёки лаборатория маркази бўлса бориб, рухсат сўраб, қайтиб келиб формамни ечиб, ҳожатхонасига боравераман. Бу муаммо эмас», — дейди у.

Анаранинг бир неча орзу-мақсадлари бор: масалан, у олий маълумот олишни хоҳлайди. У бешинчи курсда ўқиб юрганида турмушга чиққанидан сўнг эри ўқишга рухсат бермаганини айтади.

Суҳбатдошимиз ўзини бошқа соҳаларда ҳам синаб кўришни хоҳлайди: бир пайтлар «Шўро» асосчиси Таабалди Эгемберлиевнинг аёли билан бирга кигиздан миллий сувенирлар ясаб ишлаган.

«Эже “Мерей” фондининг раҳбари эди. Кейин энг каттамиз эса Майрам Акаева эди (биринчи президентликдан четлатилган Асқар Акаевнинг рафиқаси). Мен Майрам эже, Анара эжеларнинг қўлида дизайнер бўлиб ишлардим. Кигиздан сувенирлар ясар эдик. Бизнинг сувинерларимизни  Анара эже [Эгембердиевнинг биринчи хотини] Германия ва бошқа хорижий мамлакатларга бориб ўтказиб келарди», — деб эслади Анара.

Унинг ҳозирги маоши Бишкекдаги квартиранинг ижара ҳақини тўлашга етади, у ерда ўғли иккаласи яшайди. Эри икки қизини қараб, Тўқмоқ шаҳрида яшайди.

«Шўро эжелар» билан суҳбатлашар эканмиз, уларнинг иши шаҳардаги муҳитга ва кайфиятга таъсир қилишини кузатдик. Улар  туфайли ҳар бир аҳоли мазали миллий ичимлик ичиши ва Бишкекнинг ўзига хос такрорланмас калоритини ҳис қила олади. Эжелар қирғиз маданиятини акс эттирувчи илиқ ва меҳмондўст муҳит яратишларига шубҳа йўқ.

Матн: Айжамал Жаманкулова

Суҳбатни олиб борганлар: Нуриза Уланбек қизи, Акилай Курманова ва Жаркинай Суюнбекова