«МедиаХаб»: Россияда қамоқда ётган яна бир қирғизистонликнинг жасади Украинадаги урушдан келди

164
Маркум Янгибай Рахимов. Сүрөт: «МедиаХаб»

Россияда қамоқда ётган Ўзган туманининг турғуни Янгибай Рахимов 2022-йилнинг 9-декабрида Украинанинг Бахмут шаҳрида урушда вафот этгани маълум бўлди. Унинг жасади 23-январда туғилган ерида дафн қилинди. Бу ҳақда «МедиаХаб» 1-февралда видео эълон қилди.

Рахимовнинг акаси Шертай Рахимов «МедиаХаб»нинг журналистларига воқеа ҳақида айтиб берди. 

Унинг айтишича, Тивада жазо муддатини ўтаётган марҳум Янгибай Рахимов Россияда меҳнат қилгани икки йил аввал кетган. У такси ҳайдовчиси бўлиб ишлаб юрган вақтда — 2022-йилнинг ёз мавсумида гиёҳванд модда билан қўлга олиниб, 5 ярим йилга кесилган. 

Ўлгани ҳақидаги маълумотномада укасининг ўлим сабаби «ҳарбий операция вақтидаги портлашдан» деб ёзилган. Шертай Рахимов укасининг у ерга кимлар билан борганини аниқ билмайди. 

«Булар қамоқдан олти ой хизмат ўтагандан кейин озодликка чиқариш келишуви билан кетишган. Мен “қўй, [қамоқда] ўтиравер” деганман. У ерда Жалолободдан, Советдан [Қара-Қулжа], ҳар ердан ўзимизнинг қирғизистонлик болалар бўлган. Биринчи ўшалар кетган. Улар бориб, “бари яхши, бу ерга келавер, қўрқма, Худо хоҳласа олти ойда чиқиб кетамиз” деб унга қўнғироқ қилишган», — деди марҳумнинг акаси. 

Шертай Рахимов укаси кейинчалик унга қурилишда ишлаб юрганини айтиб қўнғироқ қилганини, кейин умуман алоқага чиқмаганини билдирди. Шунингдек у Янгибай Рахимовнинг ўлими сабаб товон тўлаб бериши мумкин эканини қўшимча қилди. 

«У ердан менга дафн маросими учун 100 минг рубль пул беришди. “[Компенсация ҳақида] дафн қилингандан кейин гаплашамиз” дейишган, шу. Энди борганда гаплашаман», — деди у.

Акасининг айтишича, жорий йилда 40 ёшга тўлган кичик укасининг ортида тўрт ва саккиз ёшдаги икки боласи қолди. 

«Клооп» қамоқда жазо муддатини ўтаётган Қирғизистоннинг фуқароси Украинада вафот этгани ҳақида Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Қирғизистоннинг Россиядаги элчилигидан изоҳ олишга ҳаракат қилган, аммо бундан натижа чиқмаган. 

Бош прокурор Қурманқул Зулушевнинг маълумотига кўра, Россиянинг қамоқ жойларида Қирғизистоннинг 1077 фуқароси бор, улар 79 турли ёпиқ жойларда ўтиради. 

Зулушев ҳукумат қирғизистонликларни жазо муддатини бундан кейин Қирғизистонда ўташи учун мамлакатга олиб келиш масаласини муҳокама қилаётганини қўшимча қилган. 

Ҳозирча Россияда жазо ўтаётган қанча қирғизистонлик Вагнер ЧВКсига жалб қилингани номаълум. Аммо бунга қадар қирғизистонлик Аян Алишеров ҳақида маълум бўлган.  У рус армияси 2022-йилнинг баҳор мавсумидан бери босим олишга ҳаракат қилаётган Украинанинг Бахмут шаҳрида вафот этган. 

30 ёшдаги Алишеровнинг қариндошлари ОАВга марҳум Россиянинг таркибига кирган Мордовия республикасидаги колонияда жазо ўтаётганини айтиб беришган. Укаси билан охирги марта гаплашганда Алишеров уларнинг колониясига Вагнер ЧВКсидан келишганини айтган. Сўзлашувда марҳум урушга бориш нияти ҳақида айтмаган, аммо ундан кейин яқинлари билан алоқага чиқмай қолган. 

Украинадаги урушга ёллаш

Ўтган йилнинг июнь ойида «МедиаХаб»нинг журналистлари Марказий Осиё давлатларининг фуқароларини, жумладан қирғизистонликларни «Вагнер» хусусий ҳарбий ширкати (ЧВК) орқали Украинадаги урушга ёллаётгани ҳақида суриштирув эълон қилган

*ЧВК «Вагнер» ёки «Вагнер гуруҳи» — норасмий қуролли тизим. Россия ОАВлар уни хусусий ҳарбий компания деб номлашади. The Bellнашри маълумотига кўра, уни Россия Қуролли кучларининг Бош штабининг раҳбарияти зимдан назорат қилади. Шунингдек ОАВлар «Вагнер»га Россия президенти Владимир Путиннинг «ошпази» Евгений Пригожин эгалик қилишини ёзган.

Суриштирувчи журналистлар Қирғизистон ижтимоий тармоқларида Россияга хусусий қўриқчилар хизматига ишга қабул қилиш тўғрисида эълонлар пайдо бўлган.

Аммо, журналистлар эълонда кўрсатилган рақамларга алоқага чиққанда, «приоритетлар ўзгаргани ортидан» назорат хизматига ишчилар олинмаёганини айтиб, ўрнига бошқа иш тавсия этишаётганини аниқлашган. Бу иш — «Украинадаги махсус амалиёт доирасида ишлаш».

Журналистларнинг сўзларига кўра, эълонда кўрсатилган рақам Краснодар ҳудудининг Молькино қишлоғига келишни илтимос қилган. MediaHub журналистлари телефон номерларини идентификация қилиш хизмати орқали эълонларда қайд этилган телефон рақами “ЧВК “Вагнер”” номи билан сақланганини аниқлашган. Россия ОАВлари ҳам мана шу Молькинода ЧВК «Вагнер» базаси ва тарғиб қилиш пункти жойлашганини ёзган.

2022-йили 30-декабрда Donday нашри Россиянинг Ички ишлар вазирлиги Украинанинг аннексияланган Луганск вилоятидаги «Вагнер» машғулот лагеридан қочиб кетган олти ёлланма ҳарбийга қидирув эълон қилинганини ёзган.

Унда қочганлар машғулот марказига келгунга қадар Россияда қамоқда ётган қирғиз, беларус, рус ҳамда уч ўзбек фуқароси экани айтилган. Нашр судланганлар 21-22-декабрда қочганини билдириб, исм-фамилиясини маълум қилмаган. У билан бирга, қочган олти киши қуролли ва хавфли эканини таъкидлаган. 

Россиянинг «Русь сидящая» ҳуқуқ тартибот ташкилотининг бошчиси Ольга Романова Россияда қамоқда ўтирганларни Украинадаги урушга жалб қилиш янги даражага чиққанини айтган. У қамоқдагиларни урушга айнан Вагнер хусусий ҳарбий ширкати жалб қилаётганини билдирган.