Россияда қамоқдаги қирғиз фуқароси Украинада ўқдан ҳалок бўлган. Парламент воқеани текширишни талаб қилди

189

Парламентнинг 1 февралдаги йиғилишида Россия қамоқхонасида жазо муддатини ўтаётган қирғизистонлик Аян Алишеров қандай қилиб Украинадаги урушда ҳалок бўлганини аниқлаш учун тегишли идораларга протокол топшириғи бериш таклиф қилинди. Мазкур таклифни депутат Мейкинбек Абдалиев кўтарди. 

«[Аян Алишеровнинг] қамоқда ўтирганига уч йил бўлибди, бироқ яқинда унинг жасади Луганскдан [Украинанинг Россия армияси томонидан босиб олинган ҳудуди] олиб келишди [...] Россиянинг қамоқхонасида ўтирган фуқаромиз қандай қилиб Украина билан Россиянинг ўртасида бўлаётган урушда пайдо бўлиб, ўша ердан жасади келди? Бизнинг тегишли органлар, элчихоналаримиз, консулликларимиз бу масалани ўрганинглар. Фуқаройимиз ўз ихтиёри билан кетдими ёки мажбуран олиб кетишганми? Қонун бўйича бундай бўлмаслиги керак», — деди депутат.

30 ёшдаги Аян Алишеровнинг ўлими 27 январь куни маълум бўлган. Марҳумнинг укаси Асилбек Абдибалиевнинг айтишича, марҳум Россиянинг таркибига кирган Мордовия Республикасидаги колониялардан бирида жазони ўтаётган бўлган.

Марҳум Аян Алишеров.

Унинг айтишича, қариндошлари Алишеровни Қирғизистон колониясига ўтказиш бўйича музокаралар олиб боришган, 2022 йил июлида ўтказиш тўғрисидаги қарор тасдиқланган. Аммо 2023 йилнинг 12 январида марҳумнинг оиласи унинг вафот этгани ҳақида хат олишган. Унинг айтишича, Алишеров ўтган ёздан бошлаб қаттиқ уруш бўлаётган Донецк вилоятининг Бахмут шаҳрида ҳалок бўлган. Абдибалиевнинг сўзларига кўра, ўлими олдидан укаси икки ой ғойиб бўлган ва қўнғироқ қилмай қўйган.

 «Азаттык» нашри марҳумнинг яқинларига таяниб, Алишеров ўз қариндошлари билан бўлган телефон суҳбатларидан бирида «Вагнер» хусусий ҳарбий компаниянинг вакиллари келишганини ёзган. Бироқ, ўшанда Алишеров ЧВКга қўшилиш ниятини билдирмаган. Шундан сўнг у қариндошлари билан қўнғироқлашмай қолган. 

Украинадаги урушга ёллаш

«МедиаХаб» журналистлари аввалроқ суриштирув ўтказиб, «Вагнер» ХҲШ Украинадаги урушга Марказий Осиё давлатлари, жумладан Қирғизистон фуқароларини жалб қилаётганини аниқлаган эди. Уларнинг маълумотига кўра, сўнги бир неча ҳафтада Қирғизистон ижтимоий тармоқларида Россияга хусусий қўриқчилар хизматига ишга қабул қилиш тўғрисида эълонлар пайдо бўлган.

Аммо, журналистлар эълонда кўрсатилган рақамларга алоқага чиққанда, «приоритетлар ўзгаргани ортидан» назорат хизматига ишчилар олинмаёганини айтиб, ўрнига бошқа иш тавсия этишаётганини аниқлашган. Бу иш — «Украинадаги махсус амалиёт доирасида ишлаш».

Журналистларнинг сўзларига кўра, эълонда кўрсатилган рақам Краснодар ҳудудининг Молькино қишлоғига келишни илтимос қилган. MediaHub журналистлари телефон номерларини идентификация қилиш хизмати орқали эълонларда қайд этилган телефон рақами “ЧВК “Вагнер”” номи билан сақланганини аниқлашган. Россия ОАВлари ҳам мана шу Молькинода ЧВК «Вагнер» базаси ва тарғиб қилиш пункти жойлашганини ёзган.

Украинадаги кенг кўламли уруш пайтида у ерда Россия Қуролли кучларида хизмат қилган 7 нафар қирғиз аскари ҳалок бўлган. Улардан беш нафари Россия фуқаролигини олган.

ЧВК «Вагнер» нима ўзи?

ЧВК «Вагнер» ёки «Вагнер гуруҳи» — норасмий қуролли тизим. Россия ОАВлар уни хусусий ҳарбий компания деб номлашади. The Bellнашри маълумотига кўра, уни Россия Қуролли кучларининг Бош штабининг раҳбарияти зимдан назорат қилади. Шунингдек ОАВлар «Вагнер»га Россия президенти Владимир Путиннинг «ошпази» Евгений Пригожин эгалик қилишини ёзган.

АҚШнинг Молия вазирлиги январь ойининг охирида «Вагнер» ЧВКсини трансмиллий жиноят ташкилоти деб топган.

Қирғизистонда ёлланма аскар бўлганларга жиноий жавобгарлик кўрсатилган. У ҳолда «Ёлланганлик» моддаси билан 7 йилдан 15 йилга қадар озодликдан ажратилиши мумкин. 

2022-йилнинг 24-февралида рус қўшинлари Украинага кенг кўламли босқинни бошлаган. Россия расмийлари буни уруш деб атамайдилар, балки бу «демилитаризация» ва «деназификация»га қаратилган махсус операция эканлигини таъкидлаб келади.

БМТнинг 30-январга кўра маълумоти бўйича, Украинада камида 7 минг 110 нафар турғун вафот этди. Яна 11 минг киши ярадор бўлди. Ташкилот ҳалок бўлганлар билан ярадорларнинг ҳақиқий сони анча кўп деб ҳисоблайди.