Жапаровнинг матбуот хизмати Бишкекка «Белес» компаниясидан эмас, Хитойдан автобус олишнинг сабабини айтди

146

Президентнинг матбуот котиби Эрбол Султанбаев ўзининг фейсбук саҳифасида Бишкек мэрияси нега 120 та автобусни маҳаллий «Белес» компаниясидан эмас, Хитойдан сотиб олганини тушунтирди.

Султанбаевнинг айтишича, компания ҳозирда дизель двигателли автобуснинг фақат битта моделини ишлаб чиқаради ва «Бишкек шаҳар ҳокимияти атроф-муҳитнинг ифлосланиши муаммоси муносабати билан экологик тоза транспорт – газ ва электр энергиясини афзал кўради».

«Бундан ташқари, ҳозирда компания 100 дан ортиқ автобус етказиб бера олмайди», деб ёзади у.

Султанбаевнинг қўшимча қилишича, ҳозирда «Белес» газда ҳаракатланувчи автобуслар ишлаб чиқариш устида ишламоқда, сўнгра шаҳар ҳокимлиги компания автобусларини синовдан ўтказиш учун қабул қилиб олади. Унинг эслашича, пойтахт муниципалитети компания билан синов тариқасида бешта автобус сотиб олиш бўйича меморандум имзолаган.

Янги Хитой автобуслари. Сурат: Бишкек мэриясининг матбуот хизмати

Бишкек учун жамоат транспортининг етишмовчилик муаммоси бир йилдан ортиқ вақтдан бери давом этмоқда. Шаҳар расмийлари фуқароларга қулайлик яратиш ва микроавтобуслар сонини камайтириш учун пойтахтга камида 1300-1500 автобус билан троллейбус керак, дейди.

Бишкек мэрияси маълумотларига кўра, унинг балансида 476 та автомашина мавжуд бўлиб, улардан 300 таси эскирмоқда ва носозлик туфайли ҳисобдан чиқарилиши керак. Ҳозир пойтахтга йўловчилар учун 130 га яқин троллейбус ва 85 та автобус хизмат кўрсатади.

«Белес» компанияси 2022 йилнинг бошида ўз автобусини тақдим этган. Февраль ойи ўрталарида Президент Садир Жапаров корхонага ташриф буюриб, автобусда саёҳат қилган эди. Кейин ҳукумат маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаши ҳамда дастлабки 10 та автобусни сотиб олиши ҳақида хабар берилган эди. Президент агар уларнинг эксплуатацияси муваффақиятли деб топилса, «Белес» билан доимий асосда ҳамкорлик бўлади деб айтган.

Бишкек мэрияси эса «Белес»дан автобуслар жуда қиммат бўлгани учун уларни сотиб олишга ҳали тайёр эмасликларини билдирган.