«Биз хоин эмасмиз». Ташиев постларни олишга маҳаллий аҳоли рози бўлганини айтмоқда

212
Камчибек Ташиев

МХДҚ раиси Камчибек Ташиев Қирғизистон-Тожикистон чегарасида олинадиган постлар бўйича тушунтириш берди. Унда у «постларни олиш маҳаллий аҳолининг розилиги билан бўлди» деди.

«Уларни ҳар икки томон ҳам олишига қайта-қайта такрорланган турли даражадаги можаролар туфайли қабул қилинди. Чунки бу постлар икки томондан тенг бир-бирига қарама-қарши турган. Уларнинг орасидаги масофа 50 метрни ташкил қилади. Аскарлар бир-бири билан бироз гап талашиб ҳам отишиб кетарди. Кейин “сен биринчи бошладинг, йўқ, сен биринчи ўқ отдинг”, деб бир-биримизни айблаймиз. Бошқача айтганда, ҳар икки томон постларининг жуда яқин жойлашгани вазиятнинг кескинлашишига сабаб бўлган», — деди у.

Ташиев постлар олинган бўлса-да, «чегара бир метр ҳам силжигани йўқ» деб тушунтирди.  У қайд этилган ҳудудлар «24 соатлик назорат остида бўлишига» ваъда берди.

«Ҳозир 21-аср. Технология асри. Сунъий йўлдошлар, учувчисиз учувчи ускуналар ва дронлардан кўриб турамиз. Қолаверса, аскарларимиз, маҳаллий аҳоли ўз кўзлари билан кўрмоқда. Маҳаллий аҳоли ернинг ҳар бир қаричини билади. Шунинг учун “постлар очилди” деб одамларни чалғитманг. Постлар очилмади. Постлар чегара участкалари аниқланганидан кейингина очилади», — деди МХДҚ раҳбари.

Шунингдек, у «халқни ваҳимага солаётганлар бор эканини» айтиб,  «уларнинг орзуси амалга ошмайди» деди.

«Ўтмишдошларимиз каби, биз сўраган ерини ушлатиб, “мендан кейин ҳам шундай бўлсин” дейишдан йироқмиз. Биз хоин эмасмиз. Хавотир олмасдан тинч ухланг. Ҳаммаси яхши бўлади! Бир сантиметр еримизни бермаймиз! Чегара масаласини ҳал қиламиз», — деб ваъда берди у.

Икки томонлама учрашувда имзоланган протокол

25-сентябрь куни Боткен туманидаги «Қизил-Бел» назорат-ўтказиш пунктида чегарадаги сўнгги вазиятни муҳокама қилиш учун Қирғизистон-Тожикистон икки томонлама учрашуви бўлиб ўтган.

Унда Ташиев тожикистонлик ҳамкасби Саймўмин Ятимов билан «чегарадаги можаро ва унинг оқибатларини тўхтатиш» тўғрисидаги протоколни имзолади.

Ташиев протокол асосида икки давлатдан тўртта пост бутунлай олиб ташланишини айтган.

«Асосийси, биз ҳар доим урушга олиб келадиган катта асосий постларни олиб ташладик. Тожикистон томондан “Бедак”, “Кеҳ”, “Қорачиқум”, “Шаршене” постлари тўлиқ олинадиган бўлди. Қирғизистон томондан, “Тамдик”, “Булоқ-Баши”, “Катта-Туз”, “Дача” постлари олинади. “У ерларда биронта ҳам ҳарбий хизматчи ва оддий фуқаролар бўлмайди, у ерга ҳеч ким бормайдиган бўлди», — деган у.

Шунингдек, у имзоланган протокол асосида маҳаллий ҳокимият ва куч тузилмалари зиммасига бир қанча вазифалар юклангани айтиб, уни  ўзлари назорат қилишларини таъкидлади.

МХДҚ раисининг сўзларига кўра, бундан ташқари, давлат делимитация ва демаркация бўйича  комиссияларининг иши тезлаштириб,  тез орада комиссиялар йиғилишиб, чегара масаласини ҳал этиш бўйича ҳам муҳокама қилинган.

Шунингдек, Қирғизистон томони протоколда ёзилган барча бандларни тўғри ва ўз вақтида бажаришини айтиб, Тожикистон томонидан ҳам худди шундай талаб қилишини айтди.

Қуролли можаро

Қирғизистон-Тожикистон чегарасида отишма 14-сентябрь куни бошланган. 16 сентябрда эса вазият ёмонлашди. Қирғизистон расмийлари Тожикистон томонини «тажовузкорлик» ва «ҳарбий ҳужум»да айблади. Тожикистон томони эса «эскалация»да Қирғизистонни айблади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, можародан жабр кўрган Қирғизистон фуқаролари сони 198 нафарни ташкил қилган. Шунингдек, қуролли тўқнашувда 62 нафар Қирғизистон фуқароси ҳалок бўлган.

Дастлабки маълумотларга кўра, Қирғизистонга келтирилган моддий зарар миқдори тахминан 1,5 млрд сомни ташкил қилди.