Тожикистон БМТда Садир Жапаровга жавоб қайтарди, Қирғизистонни босқинчиликда айблади

251

Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин 24 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 77-сессиясида Президент Садир Жапаровга жавоб қайтарди.

У бугунги кунда қирғиз-тожик чегарасида қуролли тўқнашув тўхтаганини, Қирғизистон билан Тожикистон музокаралар олиб бораётганини таъкидлади.

Тожикистон вазири Садир Жапаров ўз нутқида фақат қирғизлар ҳалок бўлганини, қуролли тўқнашув оқибатлари фақат Қирғизистонга таъсир қилди деган «ёлғон фикр пайдо қилган» деди.

«Қирғизистоннинг ҳарбий тажовузи натижасида 40 дан ортиқ Тожикистон фуқаролари ҳалок бўлди, 200 га яқини яраланди. [...] Чегара объектлари билан бир қаторда мактаблар, шифохоналар, диний бинолар, турар-жойлар, инфратузилма ва муҳандислик коммуникациялари ҳам вайрон бўлди», — деди Муҳриддин.

Вазир Қирғизистон 1950-йиллардан бери Тожикистонга тегишли деб айтилган 2000 квадрат метрдан ортиқ ерни эгаллаб олган деб қўшимча қилди.

У Қирғизистон билан Тожикистон икки давлат ўртасидаги чегаранинг атиги 61 фоизи аниқланганини қўшимча қилди.

“Тожикистон чегараларни делимитация қилиш бўйича халқаро тажрибага таянган ҳолда чегаранинг айрим участкалари бўйича шартнома имзолаш узоқ йиллар давом этган бу ишнинг хулосасини қоғоз турида белгилаб қўйишни бир неча бор таклиф қилган. Аммо қўшниларимиз умуман бу таклифни рад этиб келмоқда», — деди Тожикистон ташқи сиёсат бошқармаси бошлиғи.

Шунингдек, вазир Тожикистон Қирғизистон билан музокараларни давом эттиришга тайёрлигини, ҳар икки давлат халқи «ёнма-ён яшашга, тинчлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини яратишга ҳақли» эканлигини таъкидлаб ўз нутқини якунлади.

Жапаровнинг БМТдаги нутқи

Президент Садир Жапаров 20 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 77-сессиясида иштирок этиб нутқ сўзлади. Жапаров ўз нутқининг асосий қисмини 14-17 сентябрь кунлари Тожикистон билан бўлган қуролли можарога бағишлади.

Жапаров 2021-йил апрель ойида Тожикистон қуролли кучлари Қирғизистон ҳудудида асоссиз кенг кўламли босқин уюштирганини айтган.

Шунингдек президент жорий йилнинг 14, 15 ва 16 сентябрь кунлари Қирғизистон жанубида кенг кўламли қуролли тўқнашув бўлиб ўтганини айтган.

У тожик томони «илгари эришилган келишувларни бузган, қирғиз-тожик чегарасининг бутун периметри бўйлаб чегаравий ва фуқаролик объектларига ҳужум қилган»ини таъкидлаган

«Катта моддий зарар етказилди. [Аммо моддий зарар қопланиши мумкин]. Бироқ, ватан учун жонини фидо қилган мард аскарларимизга, ҳужумга учраган фуқароларимизнинг ўрнини тўлдира олмас экансан. [...] Бизда тожик томонининг ўтган йиллар ва кечаги ҳуқуққа қарши  биринчи бўлиб ҳужум қилган ҳаракатларини ҳужжатлаштирган далиллари бор. Биз ҳеч қачон биринчи бўлиб ҳужум қилганимиз йўқ ва ҳеч қачон ҳужум қилмаймиз. Ҳар доим қурол ишлатишдан узоқ туришга ҳаракат қиламиз ва ҳеч қачон қуролсиз тинч аҳолини ўққа тутмаймиз! Биз ҳамиша тожик томонининг агрессиясига адекват жавоб бериш билан чекланяпмиз», — деган президент.

Ўз сўзини якунлар экан Жапаров  «Қирғизистон бировнинг ерига ҳасад қилмайди, лекин ўз ерининг бир сантиметрини ҳам бермайди» дея огоҳлантирган.

 Қуролли можаро

14—17-сентябрь кунлари қирғиз-тожик чегарасида қуролли тўқнашув бўлган. Отишма содир бўлган ҳудудда яшовчи 140 мингдан ортиқ аҳоли ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган. Бир қанча қирғиз қишлоқларида юзлаб уйлар вайрон бўлган.

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 20-сентябрь куни берган маълумотларига кўра, камида 62 киши ҳалок бўлган, 198 киши жароҳатланган.Тожикистон ТИВнинг расмий маълумотларига кўра, тўқнашувда 41 нафар Тожикистон фуқароси ҳалок бўлган, 20 дан ортиқ киши жароҳатланган.