Сўнги қўнғироқда Жалолобод вилоятининг Сузоқ туманида мактаб битирувчиларидан бири ўқитувчиларини танқид қилди. Видео ижтимоий тармоқларга 16-июнда тарқаб қизғин баҳсга сабаб бўлди.
Ўқувчи Аркадий Гайдар номидаги мактабда ўқиганини таъкидлаб, мактаб тизими унга дастлабки йиллардан буён ёқмагагини, аммо иложсизликдан ўқиганини айтган.
«Мен аслида Гайдар мактаби ўқитувчиларининг ҳаммасини чин кўнгилдан ҳурмат қиламан, ҳаётда ҳақиқий яхши инсонлар. Ҳаётда ҳам яхши танийман. «Дўст ачитиб, душман кулдириб айтади» деган мақол бор. Аммо, мен бугун фақат ачитиб гапирай деяпман. […] Бизнинг мактабда чет тили дарси ўтилади. Лекин, натижа ноль ёки бир фоиз. Жисмоний тарбия дарсидан исмини айтмайман. Бироқ, домламиздан ичкилик хиди уфуриб ёки спирт хиди келгани, бу мактаб учун 100 фоиз уят. Танаффусда ташқарида тамаки чекиб турган домлалар, сизларнинг ўқувчиларга «Тамаки чекма» деб айтишга, маънан ҳаққинглар йўқ», — деган ўқувчи.
У нутқининг охирида бу сўзларни қўрққанидан бошқа биронта ҳам ўқувчи айта олмаганини қўшимча қилди.
«10 йил аввал тугмали телефон бўларди. Ҳозирги телефонингларни қаранглар. Смартфон, бармоқ изли, гугл, ҳамма маълумотни топиб олса бўлади. 10 йил аввалги мактабнинг таълим даражасини тасаввур қиламиз. Ҳозирги билим бериш билан солиштириб кўринглар. Фарқи катта. Ўзгариш бўлмади», — деб танқид қилди у.
17-июнда эса бу ўқувчининг яна бир видеоси тарқади. Унда битирувчи сўнгги қўнғироқда айтган сўзларини «пранк» деб атаб, уни хазил қатори қабул қилишни сўради.
Ўқувчи билан ўқитувчининг низоси
Қирғизистонда ўқитувчилар билан ўқувчилар ўртасидаги келишмовчиликлар тез тез бўлиб туради. Сўнги марта бу каби воқеа 23-майда Сузоқ туманида бўлган. Унда муаллим ўқувчини калтаклагани айтилган.
Воқеа видеоси ижтимоий тармоқларга тарқаб кетган. Шундан сўнг милиция билан Таълим вазирлиги текширув ишларини бошлаган.
Бунга таълим вазири Алмазбек Бейшеналиев ҳам ўз фикрини билдирган. У ўқитувчининг ҳаракатларни нотўғри бўлганини, аммо ушбу воқеада болаларнинг тарбиясида ҳам муаммо борлигини айтган. Вазирлар маҳкамаси раиси ўринбосари Эдил Байсалов ҳам фикр билдириб, ўқитувчи билан ўқувчининг ўртасидаги жанжалда болани мактабдан чиқариб юбориш орқали масалани ҳал қилса бўлишини билдирган.
Ўқитувчининг ўзи ўқувчи дарс бошланганида телефонга чалғиганидан кейин, гап талашиш бўлиб, сўнгра қўл кўтарганини айтган. Бир вақтнинг ўзида ўқитувчи нотўғри қилганини тан олган.
Шу билан бирга ишдан ўз ихтиёрига кўра кетганини ҳам қўшимча қилган. Бироқ кейинроқ ўқитувчи ишга қайтиб келиши аниқ бўлган- туман таълим бўлими ўқитувчининг ишдан кетиш тўғрисидаги аризасини қаноатлантирмаган.
Сузоқ туман таълим бўлими бошлиғи Тиничбек Усенов педагогга тушунтириш ишлари олиб борилганини билдирган. Ҳақиқатчи Атир Абдрахматова 30-майда қизда ёпиқ бош суяк жароҳати, бош мия чайқалиши, бошнинг соч қисмида юмшоқ тўқималарнинг жароҳатланиши ва билагида ҳамда ўнг тиззасида қон уюб қолган доғлар аниқланганини билдирган.
Шу билан бирга Абдрахматова ўқувчи қизнинг педагог томонидан калтакланиши Конституция, Болалар тўғрисидаги кодекс, «Таълим тўғрисида»ги қонунни, «Инсон қадр-қиммати тўғрисида»ги ва БМТнинг болалар ҳуқуқлари бўйича Конвенциясини бузади деб таъкидлаган.
Воқеадан кейин Жогорку Кенешнинг уч нафар депутати Ҳуқуқ бузишлар кодексига ўзгартириш киритиб, ўқитувчини ҳақорат қилган ўқувчини ва ота-оналарини жарима тортишни таклиф қилган. Ушбу қонун лойиҳасини парламентнинг ижтимоий сиёсат бўйича қўмитасининг 30-майдаги йиғилишида биринчи ўқишда маъқулланиб, қабул қилинган.
Ташаббускорлар хужжат «педагогларга нисбатан масҳаралаш, ҳақорат қилиш, одобсиз хатти – ҳаракатлар, хўрлаш ва ахлоқсиз имо-ишоралар ва иборалар учун жавобгарликни ўрнатиш мақсадида» ишлаб чиққанини таъкидлашган.
Қонун лойиҳасининг маълумотнома-асосида ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари томонидан «педагогларни мазҳара қилиш, хатто хужум қилиш воқеаларининг кўпайиши нафақат таълимни етарли даражада пасайиши, кафолатланган ўқитувчиларнинг жамиятдаги алоҳида ҳуқуқий мақомини тушиб кетишига олиб келади» дейилади.