Ўш: «Бутун Қирғизистон»нинг аъзоси Мирлан Ураимовнинг ҳамқишлоқлари митингга чиқишди

346

Ўш вилоятининг Ўзган туманидаги Мирза-Ариқ қишлоғида  15-февралда «Бутун Қирғизистон» партияси аъзоси  Мирлан Ураимовнинг ҳамқишлоқлари  митингга чиқишди. Улар Ураимовнинг ҳибсга олинишини «сиёсий таъқиб» дея баҳолаб, уни озод этишини талаб қилишди.

Намойишчилар  «Қонун барчага баробар», «Ҳақиқат эгилади, аммо синмайди!», «Ҳақиқат халқ томонида», «Сўз эркинлигини талаб қиламиз!», «Мирлан Ураимов қирғиз халқи сен билан!», «Мирлан Ураимов ери эли учун жонкуяр инсон» деган транспарантларни кўтариб чиқишиб,  «Мирлан Ураимовга озодлик» деган шиорни бақириб айтишди.

Мирлан Ураимов тарафдорларидан бири  Ураимовнинг ҳибсга олинишини «асоссиз» деб, ҳукуматни танқид қилди.

«Мирлан халқи учун, ери учун жонкуяр йигит. У бизнинг еримизни, сувимизни сақлаб қолди. Ураимов Кампир-Ободни Ўзбекистонга ўтиб кетаётган жойида тўхтатиб қолган [...]. Энди шу йигитни қаёқдаги баҳоналар билан қамаб қўйишди. У ўзининг касби бўйича юрист, билимли бола. Қонунни аниқ билади», — деди у.

Мирза-Ариқ қишлоғининг яна бир яшовчиси Азиза Аккозува президент Садир Жапаров ва МХДҚ раиси Камчибек Ташиевдан Ураимовни озод қилишни талаб қилди.

«Биз бу болани фақат ижобий хислатларини биламиз, яхши таниймиз. У бунгача мактабга кўп ёрдамларни кўрсатган. Фақир яшаган оилаларга ёрдам берган. Бундан ташқари яна кўп ишларни бажарган. Мен қишлоқ аҳолиси номидан уни озод этишларини сўрайман», — деди Аккозува.

Ураимовнинг яна бир ҳамқишлоғи фаолнинг ҳибсга олинишини «пасткашлик» деди.

«Қирғизнинг ажойиб йигити бўлган Ураимовни кечки вақтда қўлларини қайириб, фарзандларини қўрқитиб, уйида тинтув ўтказгани аслида ноқонуний.  МХДҚ бундай ҳаракатлари билан қаёққа қараб кетяпти? Уни бундай ҳибсга олиши учун у террорчи бўлмаса, безори бўлмаса ёки миллионларни еган коррупционер бўлмаса, нега бунчалик қўрқитиб ушлайди? Қонуний тарзда қоғоз юбориб чақирсанглар борар эди [...]», — деди у.

Шу билан бирга халқни сабри тугаб бораётганини эслатиб, Ураимов каби эли учун жон куйдирган йигитлар оз эканлигини қўшимча қилди.

«Сизлар бундай йигитларни қўллаб-қувватлаш ўрнига қамаб қўяпсизлар. Ҳукуматга келиб кўзингизни ёғ босиб қолди [...]. Сизлардан бошқа ҳеч ким гапирмаслиги керакми? Ёки халқни кўп нарсани тушунмаган саводсиз деб ўйлаяпсизларми? Унда адашасизлар», — деди у.

Мирлан Ураимовнинг қўлга олиниши

МХДҚнинг ходимлари Ураимовни 8-февралнинг тунида қўлга олиб, унинг уйида тинтув ўтказган. Фаолнинг турмуш ўртоғи тинтув ўтказганларнинг протоколида «Орозайим Нарматованинг дипломи бўйича» жиноят иши асносида деб ёзилганини хабар қилган.

Куч органлари Ураимовни турмуш ўртоғининг ва қизининг телефонларини, шунингдек процессор ҳамда қоғозларни олиб кетишган.

9-февралда махсус хизмат Ураимовга «Ҳокимиятни куч билан босиб олишга ошкора даъват қилиш» моддаси билан айб қўйилганини хабар қилган. Терговнинг версияси бўйича, Ураимов ижтимоий тармоқларда «провакицион материалларни тарқатган».

Ураимовнинг адвокати Юлия Богданова эса куч идоралари унинг мижозини «ижтимоий тармоқларда қолдирилган изоҳ учун қўлга олинганини» билдирган. Аммо адвокат Ураимов ҳеч қандай чақириқлар қилмаганини ва изоҳлар «унинг услубида ёзилмаганини» таъкидлаган.

Бош прокурор Курманкул Зулушев 9-февралдаги матбуот анжуманида Ураимов ижтимоий тармоқларда «бугунги ҳукуматни алмаштириш керак» деб, президент Садир Жапаров ҳамда МХДҚ етакчиси Қамчибек Ташиевга «турли номларни қўйиб, чақириқлар қилган» деб билдирган.

Зулушев кимнидир «ёмонлагани учун жиноят ишини қўзғаш тўғри эмаслигини», аммо айни вақтда «ёмонлаган шахснинг ўйида чақириқ ёки давлат хавфсизлигига путур етказувчи ҳаракатлар бўлса» у киши жавобга тортилиши кераклигини таъкидлаган.

«Бутун Қирғизистон» партиясининг лидери ва Жогорку Кенешнинг депутати Адахан Мадумаров эса Ураимовнинг қўлга олиниши партияга нисбатан босим деб баҳолаган. Шунингдек сиёсатчи МХДҚга ва ИИВга мурожаат қилиб «тунда бориб босиш амалиётини тўхтатишни» талаб қилган.

Кейин Бишкекнинг Биринчи май туман суди Мирлан Ураимовни Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг тергов қамоғига 26-мартгача қамоққа олган.

Ураимовнинг адвокатлари бундай қарорга рози бўлмай, беш куннинг ичида аппеляция тартибида шикоят қиладиган бўлган.