Сайлов -2022: МСКга  Алканова, Сурабалдиева ва  Карамушкинанинг устидан шикоят тушди

384

16-февралда  №27 Биринчи май ҳамда  №29 Свердлов сайлов округлари бўйича номзодларнинг устидан еттита шикоят тушган. Маълумотлар Марказий сайлов  комиссиясининг шикоятлар ва ҳуқуқбузарликлар  реестрида рўйхатга олинди.

Шикоятларнинг кўпи номзодларнинг ташвиқот қоидаларини бузгани  туфайли тушган. Номзод  Шайлообек Атазов эса,  «Вечерний Бишкек» нашрининг устидан ариза  ёзган.

Элнура Алканованинг  «номидан» кўмир ва ун

Элнура Алканова

14-февралда «Умумий иш» жамоат жамғармасидан Свердлов туманидаги  «Жумадил» номли  квартал қўмитаси бошлиғи Бишкекдаги  Совет ва  Помир кўчаларида  «бепул ун ва кўмир тарқатаётгани» ҳақида шикоят тушган. Маълумотга кўра, квартал бошлиғи  №29 Свердлов сайлов сайлов  округидан номзод  Элнура Алкановани қўллаб-қувватлашга тарғиб қилган.

«Умумий иш»нинг шикоятига «Қўшнилар бирдамлиги» номли  Whatsapp  гуруҳдан  скриншотлар тиркалган. Ундагилар  «Жумадил» уларнинг  паспорт маълумотларини тўплаб юрганидан норози бўлиб, у аввалги сайловлардан  «ҳеч қандай хулоса чиқармаганини» айтишган. Шу билан бирга гуруҳдагилар квартал бошлиғи  «Алкановага ишлаётганини билишганини» таъкидлашган.

«Сиз ташвиқот юргиза олмайсиз, аммо аёлингизнинг ҳуқуқи бор. Бизнинг паспорт маълумотларимиз фақат сизда бор [...] Баракалла  Жумадил ака, пулни курак билан курамоқдасиз, аммо шунча йилдан буён  ҳудуд ҳақида ўйлаб ҳам кўрмадингиз», — деб ёзган Светлана исмли яшовчи.

«Жумадил» эса у  «ҳеч кимга ташвиқот юритмаганини», кўмирни бўлса «кам таъминланган оилаларга олиб бериш учун маълумотнома ёзиб берганини» айтган. Шу билан бирга, «Жумадил» ун олишга  имконияти бўлмаган яшовчиларга олиб келганини билдирган.

Бундан ташқари, у  «сайловчилар “ҳаммасига қарши” бўлса ҳам сайловга сайловчиларнинг қатнашишини таъминлашни кўзлаётганини» қўшимча қилди.

Бишкекнинг  Свердлов туман ички ишлар бошқармаси ушбу маълумотни қайд этиб, текширувни бошлади.

Элвира Сурабалдиеванинг «ташвиқотчилари»

Элвира Сурабалдиева

14-февралда №27 Биринчи май сайлов округидан номзод  Элвира Сурабалдиева устидан иккита шикоят тушган.

Биринчи аризада тумандаги  квартал қўмитаси раисаси  Н. Кокоева қизи Гулзина билан Сурабалдиева номидан ташвиқот олиб бораётгани айтилган. Шу билан бирга шикоят эгалари  Кокоева улардан  паспорт маълумотларни тўплаб юрганидан арз қилган.

Шу билан бирга шикоят иккинчи аризада ҳам ёзилган. Унда уй-жой эгаларининг ҳамкорлиги раисаси Ж. Мукамбетова аҳоли билан учрашув ўтказиб, Сурабалдиевага тарғиб қилгани айтилган.

Биринчи май ТИИБси икки  факт бўйича тенг текширув бошлади.

Шайлообек Атазов VS «Вечерний Бишкек»

Шайлообек Атазов

№29 Свердлов сайлов округидан номзод  Шайлообек Атазов Марказий сайлов комиссиясига  «Вечерний Бишкек» нашрининг устидан шикоят қилган.  Атазов нашриётнинг «Асосий  маневрлар. Шайлообек Атазов Элнура Алканованинг йўлини тозаламоқда» («Главные маневры. Шайлообек Атазов расчищает дорогу Эльнуре Алкановой») деб номланган мақоласидан норози бўлган.

Номзоднинг шикоятида «Вечерний Бишкек»нинг  журналисти Бакит Басарбек унинг шаънига  туҳмат қилувчи ёлғон маълумот тарқатишда айбланган.  Атазов нашрдан мақоладаги маълумотларга изоҳ беришни талаб қилган.

Шу билан бирга  Атазов «Вечерний Бишкек»ка Ҳуқуқий бузилишлар ҳақидаги кодексда  «Номзод ҳақида билиб туриб ёлғон хабарларни тарқатиш» ва  «ОАВларнинг номзодни ор-номусига, шаънига  ҳамда фаолиятини камситувчи маълумотларни тарқатиши» моддалари билан чора кўришни сўраган.

Нашр мазкур мақолани ўчирган. Ушбу аризани МСКнинг ишчи гуруҳи кўриб чиқмоқда.

Ирина Карамушкина ва  «Социал-демократлар»нинг  баннери

31-январда Адилет Акматов исмли Бишкек яшовчиси шаҳардаги Салиева ва Қурмонжон-Дотҳо кўчалари кесилишида  2021-йили ўтган сайловга қарата  «Социал-демократлар» партиясининг ташвиқот  материали  илиниб турганини хабар қилган.  Беннерда собиқ президент Алмазбек Атамбаев ва  №29 Свердлов сайлов  округидан номзод  Ирина Карамушкинани кўриш мумкин.

Ушбу видео асосида МСКга шикоят ёзган Кубаничбек Тажибаев Карамушкинага нисбатан чора кўришни илтимос қилган.

Марказий сайлов комиссияси аризани рад этиб, Бишкек мэриясига  баннерни олиб ташлашни топширди. Чунки сайлов қонунининг 27-моддасида сайлов натижаси расмий эълон қилинганидан кейин маҳаллий ҳукумат 10 кун ичида ташвиқот материалларини олишга мажбур.

Бундан ташқари МСКга №29 Свердлов округидан номзодлар  Абдурахмон ҳожи  Муртазалиев, Бакит Саадабаев, Бакит Бакиров ва  Нурланбек Маматкулов устидан шикоятлар тушган. Шикоятчилар номзодлар ташвиқот материалларини мактаб ва сайлов участкаларига яқин жойлаштирганини билдирган.

Ушбу фактларни ҳозирда Марказий сайлов комиссиясининг ишчи гуруҳи кўриб чиқмоқда.

27-февралда мазкур икки округда қайта сайлов бўлиб ўтади. №27 Биринчи май ва  №29 Свердлов бир мандатли  округларидан қайта сайловда қатнашиш учун  53 номзод рўйхатдан ўтган.