ИИВда экс-спикер Канат Исаев сўроқ бермоқда

ИИВ олдида сиёсатчиларнинг тарафдорлари йиғилди. Уларнинг орасида воқеани ёритаётган журналистлар ҳам бор.

«Кыргызстан» партиясининг лидери, парламентнинг собиқ раиси Канат Исаев ИИВга сўроқ бериш учун кириб кетди. У қайси иш бўйича чақирилгани ҳозирча номаълум.

Айни дамда Ички ишлар вазирлигининг тергов хизмати депутат Жанар Акаев ва Чуй вилоятининг собиқ бошчиси Туйгунаали Абдраимовни сўроқ қилмоқда. Собиқ мудофа вазири Исмаил Исаков, депутатлар Алтинбек Сулайманов ваБакитбек Жетигенов, собиқ депутат Акматбек Келдибеков сўроқ бериб чиқишди.

Сиёсатчилар сўроққа бир неча маданият ходимлари президент Садир Жапаровга йўллаган мурожаати сабаб бўлганини айтишди.

Ижтимоий тармоқларда бир неча маданият ходимларининг Чуй вилоятини собиқ раҳбари Туйгунаали Абдраимов, амалдаги депутатлар Бакит Жетигенов, Жанар Акаев, Алтинбек Сулайманов, собиқ депутатлар Исмаил Исаков, Акматбек Келдибеков, Жилдизкан Жолдошова ва «Улуу Кыргызстан» партиясининг вакили Азамат Мусакеев 17-сентябрда «100 минг киши иштирокида митинг ўтказмоқчи эканини» айтиб президент Садир Жапаровга мурожаат қилган.

Улар «митинглардан безор бўлдик» деб, президентдан бу сиёсатчиларни жазолашни талаб қилишган.

«Ҳурматли Садир Нургожоевич, булар билан мушук-сичқон ўйнаманг. Ортингизда камида 80, кўпи билан 90 фоиз халқ турибди. Керак бўлса 2016-йили турк халқи Эрдоғанни қандай қўллаган бўлса, шундай қўллаймиз. Буларга қатъий чора кўринг! Юмшоқ бўлманг. Акс ҳолда давлатни йўқотамиз. Митинг деганни эшитгимиз келмай қолди. Безор бўлдик», — деб ёзилган хатда.

15-сентябрда ИИВ депутат Жанар Акаев билан Чуй вилоятининг собиқ раҳбари Туйгунаали Абраимовни ҳам сўроққа чақирган. Абдраимов ўзи журналистларга «Ҳукуматни куч билан босиб олиш» моддаси бўйича судгача текширув асосида сўроқ қилинишини айтган.

Кеча мазкур модда бўйича очилган иш асосида ИИВ раҳбарининг собиқ ўринбосари Курсан Асанов қўлга олинган. У сўроққа гувоҳ сифатида чақирилиб, кейин унга «шу йилнинг сентябрида Бишкекда оммавий тартибсизлик уюштириш» бўйича айб қўйилган. ИИВ «Ҳукуматни куч билан босиб олиш» моддаси бўйича судгача текширув очгани маълум бўлди.

Ижтимоий тармоқларга тарқалган аудио

Ижтимоий тармоқларда «Курсан Асанов, Жанар Акаев ва бошқалар ҳукуматни босиб оламиз деб сўзлашганидан қисқача парча» деб тарқалган аудио ёзув сабаб бўлган. Унда эҳтимол Асанов билан «Толубай» тижорий банкининг директорлар кенгашининг собиқ аъзоси Алмаз Сарибаев «тартибсизлик уюштириш» ҳақида суҳбатлашгани ёзилган деб айтилади.

Шунингдек аудиони таҳлил қилган ёзувда Курсан Асанов «Жанар Акаев ундан қурол-яроқ борми деб сўрагани ва ҳукуматни босиб олиш зарур бўлса, болалар тайёр турганини айтган» дейилади. Бироқ овозларнинг сифати жуда ночор бўлгани учун овоҳларни ажратиш ҳам, гапларни тушуниш ҳам қийин.

Асановнинг адвокати Таалайгул Токтакунова Асановга таяниб аудиони «монтажланган» деб билдирди. ИИВнинг собиқ раҳбарининг яна бир адвокати Чинара Жакупбекова «Асанов аудиодаги сўз ўтган йилдаги октябрь воқеалари бўйича бўлганини айтди» дейди.

Депутат Жанар Акаев ўзининг фейсбук саҳифаси орқали мурожаат қилиб, видеодаги гапларни «ёлғон» деб атади. Шунингдек Курсан Асанов билан «кўп вақтдан бери сўзлашмаганини» таъкидлаб, «мен ўзи ҳукуматнинг бир тармоғида ўтирсам қандай қилиб ҳукуматни босиб оламан» деб савол берди.

«Жанар деган сўзни эплаб олиб келиб чаплаб, халқни ишонтириб, “шулар бир тўполон чиқаришга ҳаракат қилмоқда” дегандай ёлғон маълумот тарқатгани жуда ачинарли. Сабаби ёлғон, туҳмат давлат даражасида айтилиб, бу меъёрга айланиб бораётгани жуда ёмон кўриниш», — деди у.