Видео: Депутат Алтинбек Сулайманов сўроққа нима сабабдан чақирилганини айтди

336

Депутат Алтинбек Сулайманов 15-сентябрда ИИВда сўроқ бериб чиқди. У журналистларга берган интервьюсида маданият ходимларини президентга йўллаган мурожаати бўйича сўроқ берганини айтди. Сулайманов «сайлов олдидан йиғилган жамоаларни кучсизлантириш ҳаракати бўлмоқда» деб ҳисоблайди.

«Ҳеч қандай далил, аргументлар йўқ. Шу мурожаат асосида сўроқ қилайин деган фикр билан чақиришибди [...] Менинг ўзимга тушунарсиз бўлмоқда. Бирор бир ўйин бор шекилли», — деди у.

Шунингдек, Сулайманов терговнинг сирини очмаслик бўйича ҳужжатга имзо қўйганини таъкидлади.

Ижтимоий тармоқларда бир неча маданият ходимларининг Чуй вилоятини собиқ раҳбари Туйгунаали Абдраимов, амалдаги депутатлар Бакит Жетигенов, Жанар Акаев, Алтинбек Сулайманов, собиқ депутатлар Исмаил Исаков, Акматбек Келдибеков, Жилдизкан Жолдошова ва «Улуу Кыргызстан» партиясининг вакили Азамат Мусакеев 17-сентябрда «100 минг киши иштирокида митинг ўтказмоқчи эканини» айтиб, президент Садир Жапаровга мурожаат қилган.

Улар «митинглардан безор бўлдик» деб, президентдан бу сиёсатчиларни жазолашни талаб қилишган.

«Ҳурматли Садир Нургожоевич, булар билан мушук-сичқон ўйнаманг. Ортингизда камида 80, кўпи билан 90 фоиз халқ турибди. Керак бўлса 2016-йили турк халқи Эрдоғанни қандай қўллаган бўлса, шундай қўллаймиз. Буларга қатъий чора кўринг! Юмшоқ бўлманг. Акс ҳолда давлатни йўқотамиз. Митинг деганни эшитгимиз келмай қолди. Безор бўлдик», — деб ёзилган хатда.

15-сентябрда ИИВ депутат Жанар Акаев билан Чуй вилоятининг собиқ раҳбари Туйгунаали Абраимовни ҳам сўроққа чақирган. Абдраимов ўзи журналистларга «Ҳукуматни куч билан босиб олиш» моддаси бўйича судгача текширув асосида сўроқ қилинишини айтган.

Кеча мазкур модда бўйича очилган иш асосида ИИВ раҳбарининг собиқ ўринбосари Курсан Асанов қўлга олинган.