Президент Садир Жапаров Қирғизистоннинг Мустақиллик байрами муносабати билан 31-августда Ала-Тоо майдонида ташкил қилинган тадбирда қирғизистонликларни табриклади.
Жапаров «ўттиз аср ичида халқимиз неча марта мустақиллигини йўқотиб, неча марта қайта тикланган» деб таъкидлади.
«Бундан ўттиз йил олдин тарих саҳифаларида номи биринчи тилга олинган қадимги қирғиз халқининг давлатчилиги ўтган асрнинг ярмида тақдирнинг буйруғи билан яна қўлимизга тегди. Тарихда қийин даврларга тўғри келиб йўқ бўлиб кетган миллатлар, мамлакатлар кўп бўлган […] Ана шундай халқлар қаторига кириб қолмаганимиз учун Яратганга минг марта шукур!» — деди у.
Унинг айтишича, 1991-йили Қирғиз ССРининг Жогорку Кенеши Қирғиз Республикасини мустақил деб эълон қилиб, буюк тарихий воқеа бўлганини тан олиб, буни айтиб юришга мажбурмиз.
Янги Конституция ҳақида
Шу билан бирга президент «Қирғизистон бу йил янги таҳрир қилинган Конституцияни қабул қилиш билан халқнинг ёрдами асосида президентлик бошқарув формасига қайтди» деб таъкидлади. Бироқ президент «Президентлик бошқарувни парламент бошқарувига қарши қўйган кучлар бор» деди.
«Янги Конституция – миллий давлатни мустаҳкамлаш, жамиятдаги тартибсизликка чек қўйиш каби мажбуриятларни амалга оширишга шароит яратиб, демократик йўлни давом эттиришга имкон беради. Аниқроғи, демократик қадриятларни кўзлашдан тоймаймиз. Баримизнинг мақсадимиз, тилагимиз – Қирғизистонни ривожланган, кўп миллатли халқи бирдамликда яшаган, ҳар бир фуқароси ўзини бахтли ва ҳимояда эканини ҳис қилган ўлкага айлантириш», — деди президент.
Жапаров яқин беш йил давомида давлат сиёсати — «янгиланган, ривожланган Қирғизистонни қуришга, фуқароларни ўлкага ишончини, ички бирдамлигини оширишга, халқнинг яратувчилик фаоллигини кўтаришга, шунингдек фуқароларнинг яшаш шароитини яхшилашга, ҳуқуқлари ҳимояланишини таъминлашга йўналтирилади» деб ваъда берди.
Тадбиркорларни қўллаш, ижтимоий тўловларни ошириш
Давлат раҳбарининг айтишича, ҳукумат пандемия оқибатларини енгиллаштириш учун кичик ва ўрта бизнесларга моддий кўмак кўрсатиш режаларини ишлаб чиқди. Кичик ва ўрта ишхоналарга устамасиз моддий кўмак кўрсатиш учун 6 миллиард сом (72 миллион доллар) берилади.
Бундан ташқари, кичик ва ўрта бизнесларга тижорий банкларнинг кредит беришига шароит яратиш учун 24 миллион долларлик гарант фонд тузилади.
«Давлат раҳбари ва ижройи ҳукуматнинг етакчиси қатори Қирғизистондаги ҳар бир фуқаронинг яшаш шароити учун ўзимни жавобгар, уларнинг олдида катта масъулият ҳис қиламан. Масалан, 2009-йилдан бери имконияти чекланган болаларга ёрдам пулининг ҳажми 4000 сомдан кўтарилмаган, октябрдан бошлаб 6000 сомга, 2022-йилдан бошлаб эса 8000 сомга кўтарилади», — деб ишонтирди президент.
Шунингдек, ота-онасини иккисидан ҳам айрилган болаларнинг ижтимоий ёрдам пулининг миқдори 2022-йилнинг 1-январидан бошлаб уч мартага кўтариш кўриб чиқилаётганини айтди.
«Қисқа қилиб айтганда, ижтимоий ёрдамга муҳтож фуқароларимизнинг айрим категорияларига ижтимоий ёрдам кўрсатилиб, ёрдам пулларининг миқдори 2021-йилнинг 1-октябридан 50 фоизга, 2022-йилнинг 1-январидан 100 фоизга кўтарилади […] Мен сизларга ишонч билан айтадиганим, Қирғизистонимизнинг ҳар бир фуқаросини сифатли билим олишга, муносиб яшашга олдиндаги беш йилда албатта еткизамиз», — деди Жапаров.