4-августда Ўш вилоятининг Қорасув туманига қарашли Талдик қишлоқ ҳудудининг Баш-Булак ва Кара-Сўгўт қишлоқларида сел бўлган. Бу ҳақда Фавқулодда ҳолатлар вазирлигининг матбуот хизмати маълум қилди.
Шиддатли ёмғирдан кейинги табиий офатдан бир уй яроқсиз ҳолга келиб, ички йўллар жабрланган.
Маълумотга кўра, Кара-Сўгўт қишлоқларидаги бир уйни сел суви тешиб ўтган. Олти кишидан иборат оиланинг аъзолари жабрланган эмас. Бундан ташқари, офат натижасида саккиз чақирим йўл хавфли ҳолга келган.
Табиий офат оқибатларини бартараф қилиш учун 27 кишидан иборат тезкор гуруҳ, махсус техника жалб қилинди. ФҲВнинг Ўш вилоят бошқармасининг раҳбарияти эса воқеа бўлган жойга борди.
3-августда Баткен вилоятининг Лайлак туманининг қишлоқларида кучли ёмғир сабаб сел бўлиб, 21 уйни ва 14 уйнинг ҳовлисини сув қоплаган.
Бундан ташқари, Ўш — Баткен — Исфана автойўлининг 318-320-чақиримини ва Катран — Ўзгўруш ички йўлининг айрим ерларини сел ювиб кетган.