Икки кадр билан: Ақаев билан вазир Бейшеналиев бирга овқатланиб, сайр қилди

222

Ижтимоий тармоқларда соғлиқни сақлаш вазири Алимкадир Бейшеналиев билан қочқин президент Аскар Акаевнинг кечки овқатда бирга ўтирган суратлари тарқалди. Суратларни Тиббиёт академиясининг госпитал жарроҳлик кафедрасининг бошчиси Андрей Сопуев Фейсбук саҳифасига жойлаган.

*Бироқ кейин у суратларни ўчириб қўйган

У суратларнинг остига «Кеминликлар», — деб ёзган.

Акаев, Бейшеналиев ва Сопуев кечки овқатда. Сурат: AKIpress
Акаев, Бейшеналиев ва Сопуев сайр қилишмоқда. Сурат: AKIpress

Бейшеналиевнинг айтишича, бу «кеминликлар»нинг дўстлик ўтириши эмас, шунингдек суратдаги учови бир жойдан эмас. Унинг айтишича, дастурхон Миллий хирургия марказида тайёрланган.

«Мени бу ерга Мамбет Мамакеев* чақирган. Борсам Асқар Ақаев ўтирибди», — деб айтган у Kaktus.media нашрига.

*Мамбет Мамакеев — хирург ва миллий хирургия марказининг фахрий директори. У Гиннеснинг рекордлар китобига иш фаолиятини тўхтатмаган дунёдаги энг кекса жарроҳ сифатида кирган.

Акаевнинг Қирғизистонга келиши

Қочқин президент Аскар Акаев Бишкекка 2-августда келган. У 2005-йили «лола инқилобидан» кейин ўлкадан чиқиб кетган.

У бошқа бир қанча мансабдор шахслар қаторида «Қумтўр» лойиҳасини амалга оширишдаги коррупция иши бўйича қидирувда бўлган.

МХДҚ Акаев бошқа шахслар қаторида 1992-йилдаги “Қумтўр” лойиҳаси бўйича асосий шартноманинг асосидаги коррупция, 1994-йилдаги унга ўзгартириш киритиш, ҳамда 2003-йили “Камеко” компанияси билан асосий шартномани рекструктуризациялаш иши бўйича тергов билан ҳамкорлик қилаётганини билдирган.

У Бишкекка келиши билан МХДҚга етказилиб, сўроқ қилинган. Миллий хавфсизлик давлат қўмитасида сўроқ бериб чиққандан кейин Акаев журналистлар билан суҳбатлашиб, ўлкага «Қумтўр» иши бўйича терговга ёрдам бериш учун келганини айтган.

«Мен МХДҚдан миннатдорман, бу ерда мени яхши қабул қилишди, албатта саволлар бор. Биринчи сўроқ битди, мен Қумтўрни қандай қурганмиз, нима сабабдан қурганмиз, қандай хатоларга йўл қўйилгани бўлиши мумкинлиги, буларнинг барини чин дилдан, оқизмай-томизмай айтиб бериш учун келдим. Бироқ тергов давом этади, мен бугун келдим, иш билан энди танишдим», — деган Акаев.

Кейин у кичик суҳбат қилиб, ўлкага келишининг яна бир мақсади — келажакда Қирғизистонга қайтиб келиб, яшаш нияти борлигини айтган.