Собиқ премьер-министр Темир Сариев 26-27 майда Қумтўр кони бўйича гувоҳ қатори прокуратурага сўроққа чақирилди. Бу ҳақда маҳаллий ОАВлари ёзишди.
Kaktus.media нашрининг маълумотига кўра, собиқ примьер олтин конига боғлиқ шартнома бўйича сўроқ берган. 24.kg ахборот агентлиги эса, Сариев 27 майда қайта сўроққа чақирилганини ёзди.
«Сўроқ Бишкек гарнизонининг Ҳарбий прокуратураси биносида муассасалар аро тергов гуруҳининг вакилларини иштирокида бўлаётгани маълум бўлди», — деб ёзилади 24.kg нашрининг маълумотида.
МХДҚ ва бош прокуратура бу бўйича «Клооп»га изоҳ беришдан бош тортди ва Сариевни сўроққа чақирилганини тасдиқламади.
Темир Сариев ким?
Сариев карьерасида бир неча марта юқори лавозимларда ишлаган. Масалан, 2000-2007 йиллари Жогорку Кенешнинг икки чақирилишининг депутати бўлган.
2010 йили Апрель инқилобидан сўнг Муваққат ҳукумат раисасининг молия вазирининг ўринбосари бўлган. У хизматга тайинланганидан уч ой ўтиб, сайловга қатнашиш мақсадида ишдан кетган. Бироқ «Ак-Шумкар» партияси беш фоизлик сайлов бўсағасидан ўтмай қолгани сабаб Жогорку Кенешга ўтмаган.
2011 йили у иқтисод вазири бўлиб, бир йилдан кейин «Кумтөр Голд Компани» ишхонаси фаолиятини текширувчи давлат комиссиясини бошқарган.
«Кумтор Голд Компани» — Иссиқкўл вилоятида жойлашган Марказий Осиёдаги энг йирик олтин кони, унинг майдони 26,3 минг гектарни ташкил қилади. Конни 1992 йилдан бери канадалик Centerra Gold Inc. Компанияси ишлатади. Қирғизистон бу компаниянинг 26% улушига эгалик қилади. «Кумтөр» — бюджет тузувчи ишхона.
2015 йили Сариев ўлканинг премьер-министри бўлган, бироқ бир йилдан кейин Балиқчи — Корумду автойўлини реконструкциялаш бўйича можаро сабаб ишдан кетган. Унда реконструкциялаш бўйича тендер қонунбузарликлар билан ўтказилгани маълум бўлиб, Сариевнинг сафдошлари компанияларнинг бирини манфаатини кўзлаган деб гумон қилинган.
Қумтўр бўйича ҳозирги давлат комиссиясининг раҳбари депутат Акилбек Жапаров 12 майда комиссиянинг ишини дастлабки натижасини чиқариб, собиқ президентлар билан премьерларни Қумтўрнинг атрофида юзага келган ҳозирги вазиятда айблаган. Жапаровнинг айтишича, Сариев иқтисод вазири бўлган вақтда Centerra компаниясига 6 млрд 900 минг сом даъво қўйган, бироқ ундиролган эмас.
*Қумтўрнинг ишини текширувчи комиссия шу йилнинг февраль ойида тузилган. Аввалига у депутатлар комиссия қатори тузилиб, кейин давлат комиссияси бўлган. Уни депутат Акилбек Жапаров бошқаради.
Ўз навбатида Темир Сариев Жапаровнинг қўйган айблариини рад этиб, Қумтўр бўйича фойдасиз шартнома тузилишига Акилбек Жапаровнинг ўзи айбдорлигини билдирган.
«Қумтўр» атрофида нима бўлмоқда?
Парламентда 17 майда Қумтўр конига ва олтин қазувчи «Қумтўр Голд Компани» ишхонасига боғлиқ навбатдан ташқари йиғин ўтган. Унда 91 депутат «Қумтўр»га вақтинча ташқи бошқарувчини тайинлашга розилик берган. Шу куни Министрлар кабинетининг раиси Улукбек Марипов Тенгиз Бўлтурукни «Кумтөр Голд Компани»нинг ташқи бошқарувчиси қилиб тайинланган.
7 майда Бишкекнинг Октябрь туман суди «Кумтөр Голд» ишхонасидан давлат фойдасига 261,7 млрд сом ёки 3 млрд доллар ундиришга қарор қилган.
12 майда Қумтўр фаолиятини текширувчи давлат комиссияси олтин қазувчи компаниядан 459 млрд сом (4 млрд 252 млн доллар) ундириб олиш кераклигини билдирган.
15 майда Октябрь туман суди «Кумтөр Голд Компани» ишхонасини суғурта солиқлари бўйича қарзлари борлиги сабаб қўшимча яна 2,1 млрд сом тўлаб бериш мажбуриятини қўйди.
Шунингдек, 15 майда ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари «Кумтөр» компаниясининг офисида тинтув ўтказишган.
Юқоридаги воқеалар сабаб Centerra Gold Inc. Қирғизистон ҳукуматига қарши халқаро арбитражга мурожаат қилган. Шунингдек, Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) давлат компаниясини «ютиб олиши» Қирғизистон иқтисодини қайта тиклашни ҳам, республиканинг инвесторлар олдидаги обрўсини ҳам тушириб, хавфга олиб келишини билдирган.
Канада ҳукумати ҳам Қумтўр атрофида бўлаётган воқеаларга фикр билдирган. Билдирувга кўра, «Қумтўр Голд» компаниясига ташқи бошқарув киритишга ўтиш Қирғизистонга «тўғридан-тўғри келган чет ўлкалик инвестицияларга зарар қилиш эҳтимоли мумкин».
Centerra Gold «Кумтөр Голд Компани» ишхонасининг ташқи бошқарувчи тайинланганига қирғиз ҳукумати ўзига олган мажбуриятларни бузиб, «конга нисбатан назоратни тортиб олди» деб жавоб берган.
Бундан ташқари, компания «Кыргызалтын»га ишхонанинг акцияларини сотишга ва алмаштиришни тақиқлаган, давлат ишхонаси ва унга боғлиқ компанияларга тўланадиган дивидентларнинг ҳаммаси Centerra Gold Inc компаниясига ўтказилади.