МХДҚ Райимбек Матраимовнинг соғлиғи бўйича маълумот бермайди

247

«Клооп»нинг журналистлари собиқ божхоначи Райимбек Матраимовнинг соғлиғи бўйича изоҳ олиш учун МХДҚга мурожаат қилди. Махсус хизмат Матраимов ҳақида «ҳеч қандай маълумот беролмаслигини, айниқса унинг соғлиғи бўйича ҳам изоҳ беролмаслигини» маълум қилди.

Бишкекнинг Биринчи май туман суди қабул қилган сўнгги қарорга кўра, 20 февралда собиқ божхоначи Райимбек Матраимов «жиноий даромадларни қонунийлаштириш» иши бўйича қайта ҳибсга олиниб, икки ойга МЪДҚнинг ТИЗОсига қамалган. Бироқ 24 февралда 24.kg нашри Матраимов юрак хасталиги сабаб касалхонага ётқизилганини шахсий манбаларига таяниб маълум қилган.

3 мартда «Акипресс» нашрида ҳам Матраимовнинг юраги гипертония сабаб операция қилиш режалаштирилаётганини шахсий манбаларга таяниб хабар қилди. Шунингдек унинг аҳволи ўртача дейилган.

Матраимов ким?

Райимбек Матраимов икки йилдан ортиқ — 2015 йилдан 2017 йилгача — қирғиз божхонаси раҳбарининг ўринбосари бўлган. Бироқ у божхона тизимларида 10 йилдан ортиқ ишлаган. Бу вақт оралиғида у хитойлик тадбиркор Хабибула Абдукадирнинг яширин клани билан бирга коррупция схемасини йўлга қўйган.

Абдукарнинг оилавий клани Хитойдан Қирғизистонга, бундан ташқари Марказий Осиё давлатларига ноқонуний юк ташиётган вақтда Матраимов бу схемани бузилмай ишлашига ёрдам бериб, бунинг учун оиласининг хайрия жамғармаси ҳисобига «садақа» олиб турган. Журналистлар бу схема орқали Қирғизистондан 700 млн сом чиқариб кетилганини исботлашган.

Матраимов ва унинг қариндошлари коррупция схемаларининг орти билан қанча пул топишгани ҳамон аниқланмаган. Бироқ унинг оиласини кутилмаганда (ва ноқонуний) бойиши очиқ кўринган. Масалан, журналистлар Қирғизистон ҳудудида ҳам, чет ўлкаларда ҳам Матраимовларнинг оиласига тегишли қиммат мулкларни топишган. АҚШда Матраимов билан унинг аёли «Магнитский рўйхати»га киритилган.

11 февралда Бишкекда Райимбек Матраимовнинг иши бўйича суд мажлиси ўтган. Шунча катта масштабдаги иш бўлишига қарамай, Бишкекнинг Биринчи май туман судида ўтган мажлис тез тугаб, бир соатга етмаган вақтда Матраимов божхонадаги коррупция схемалари бўйича айбини тан олиб, суд уни айбдор деб топиб, унга 260 минг сом (3 минг АҚШ доллари) жарима солган.

Шундан сўнг 18 февралда МХДҚ Матраимовни жиноий даромадларини қонунийлаштиришга боғлиқ янги иш асосида қўлга олган. У икки ойга МХДҚнинг тергов қамоғига киритилган.

Матраимовлар клани қирғиз сиёсатига катта таъсир қилган — унинг катта акаси Искендер Матраимов парламент депутати. Уларга алоқадор «Мекеним Кыргызстан» партияси 2020 йили 4 октябрда ўтган парламент сайловида ғолиб бўлган.

Бироқ норози бўлган фуқаролар Оқ уйни босиб олишгандан кейин сайлов натижаси бекор қилинган. Митинг чиқишига сайловда маъмурий ресурсдан фойдаланилгани, сайловчиларнинг овозларини сотиб олиш ва ўзгартиришлар сабаб бўлган. Кўпроқ овоз сотиб олишга мана шу «Мекеним Кыргызстан» партиясини айблашган.