«Исломий давлат» экстремистик гуруҳи мафкурасини тарқатишда гумонланиб 15 киши қўлга олинди

281

МХДҚ ҳибсга олишлар Бишкек ва мамлакатнинг бошқа ҳудудларида амалга оширилганини билдирди. Махсус хизмат вакиллари гумонланувчиларнинг яшаш жойини тинтув қилиб, кўплаб диний адабиётларни олишган.

Маълумотларга кўра, «Исломий давлат» террорчилик ташкилотининг Афғонистондан келган аъзоси гуруҳ етакчиларидан бирига ижтимоий тармоқ орқали кўрсатма бериб турган. Гуруҳ аъзолари ўз сафига ёшларни жалб қилишга ҳаракат қилган.

«Дастлабки маълумотларга кўра, тарқатилган фото ва видеоматериалларда “террорчилик ҳаракатларига очиқ даъват қилиш”, “миллий, ирқий, этник, диний ва минтақалараро адоватни қўзғатиш”, “конституциявий тузумга тажовуз қилиш орқали конституциявий тузумни ағдариш” белгилари мавжуд. Бундан ташқари, ўқотар қуроллардан фойдаланиш ва қўлбола портловчи қурилмалар ясаш бўйича ўқув видеороликлари тарқатилгани аниқланди», — дейилади махсус хизмат хабарида.

Ҳибсга олинган 4 нафар шахс ТИЗО-1га киргизилди. МХДҚ ушбу гуруҳнинг бошқа аъзолари ва ёрдамчиларини қидиришда давом этмоқда.