Биринчи Май туман суди Кампиробод иши бўйича барча айбланувчиларни оқлади

279

Фаол, сиёсатчи ва ҳуқуқ ҳимоячиларини оқлаш тўғрисида қарорни 14 июнда Бишкекнинг Биринчи Май туман суди  чиқарди. Ҳукмни судья Марат Сидиқов эълон қилди. Айбланувчилар сўнгги сўзларида адолатли қарор кутаётганликларини айтишди.

Суд қуйидаги судланувчиларни оқлади: Равшан Женбеков, Азимбек Бекназаров, Жениш Молдокматов, Айданбек Акматов, Марат Баязов, Айбек Бузурманкулов, Илгиз Шаменов, Тимур Махмудов, Рита Карасартова, Клара Сооронкулова, Али Шабдан, Эрлан Бекчоро уулу, Асия Сасикбаева, Гүлнара Джурабаева, Перизат Суранова, Улукбек Маматаев, Таалай Мадеминов, Чингиз Капаров, Нурлан Асанбеков, Атай Бейшенбек, Ақил Айтбаев ва Мамбетжунус Абилов.

Шунингдек, суд ҳали ҳам тергов ҳибсхонасида сақланаётган саккиз нафар айбланувчини уй қамоғида озод қилди. Ушбу эҳтиёт чораси суд қарори қонуний кучга киргунга қадар амал қилади.

«Апрель» канали ҳукм эълон қилинаётган пайтда журналистларни суд залига киритиш тақиқлангани ҳақида хабар берди.


Кампиробод иши бўйича озод этилган судланувчилар. Сурат: АКИpress

Собиқ депутат Ўрозайим Нарматова, фаол Талантбек Эшалиев, сиёсатчилар Бектур Асанов ва Кенешбек Дуйшебаев, шунингдек, Иссиқкўл туманидан Жогорку Кенеш депутатлигига номзод Кубаничбек Қодировнинг иши алоҳида процессга ажратилган. Улар бўйича ҳали суд қарор чиқармаган.

10 июндаги жараёнда прокурорлар Кампиробод иши бўйича айбланаётган сиёсатчи ва фаолларининг ҳар бирини 20 йилдан қамоққа ҳукм қилиб, мулкини мусодара қилиш жазосини сўраган эди.

2022 йил октябрь ойида Кампиробод сув омбори ерларининг Ўзбекистонга берилишига қарши чиққан 30 га яқин фаол ва сиёсатчи ҳибсга олинган эди. Уларни «оммавий тартибсизлик уюштиришга тайёргарлик кўриш» да айблашган.

Ҳибсга олинганларнинг барчаси Кампиробод сув ҳавзасининг Ўзбекистонга ўтказилишини очиқдан-очиқ танқид қилиб, ҳибсга олинишига ўзларининг ошкора баёнотлари сабаб бўлганини даъво қилмоқда.